Линклар

logo-print

Ҳолландияда Beeline устидан жиноий иш очилди


МТС синдирилганидан кейин Beelineнинг куни туғиб¸ мобил алоқасиз қолган 10 миллион МТС мижозининг кўпи унинг эшигига бош урган эди.

МТС синдирилганидан кейин Beelineнинг куни туғиб¸ мобил алоқасиз қолган 10 миллион МТС мижозининг кўпи унинг эшигига бош урган эди.

ВымпелКом ширкати Ҳолландияда очилган жиноят иши диққат-марказида қолмоқда. Бу жиноят ишининг Beeline бренди остида Ўзбекистонда фаолият юритувчи уяли алоқа хизмати билан боғлиқ экани билдирилди. Ҳолландиядаги Озодлик манбалари иддаосига кўра¸ Beeline ширкати ҳам Ўзбекистонда "тинч фаолият юритиш учун" Гулнора Каримовага яқин шахсларга катта миқдорда пора берганликда гумонланмоқда.


Beeline бренди остида Ўзбекистонда фаолият юритувчи ВымпелКом, ширкати 11 март куни АҚШнинг қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича қўмитасидан талабнома олган.

Талабномада Beelineнинг Ўзбекистондаги фаолияти юзасидан АҚШда бошланган суриштирув учун зарур бўлган ҳужжатлар сўралган.

Бу ҳақда 11 март куни ВымпелКом ширкати маълумот тарқатди.

Бу маълумотга кўра¸ 11 март куни ВымпелКом ширкатининг Амстердамдаги бош қароргоҳига Ҳолландия прокуратураси вакиллари келиб¸ ширкатнинг Ўзбекистондаги фаолиятига алоқадор ҳужжатларни олишган.

Прокуратура вакиллари ВымпелКом ширкатининг Ҳолландияда очилган жиноят иши диққат-марказида қолаëтганини ширкат вакилларига расман билдиришган.

ВымпелКом ширкатининг 12 март куни тарқатган хабарномасида бу жиноят ишининг Ўзбекистондаги тармоғи Beeline фаолияти билан боғлиқ эканига ишора бор.

Матбуот хабарномасида ширкатнинг тергов идоралари билан тўлиқ ҳамкорлик қилаëтгани писанда қилинади.

Амстердамдаги VimpelCom Ltd ширкати матбуот ва жамоатчилик билан алоқалар бўлимини тамсил қилган Bobby Leach хоним¸ Озодлик билан телефон суҳбатида АҚШ ва Ҳолландия терговчилари Билайнинг Ўзбекистондаги фаолиятини тафтиш қилаëтганини тасдиқлаган ҳолда¸ тафсилотларни очиқлашни истамади:

- Афсуски¸ биз олиб борилаëтган текширув хусусида эълон қилганимиз матбуот хабарномасида билдирилган маълумотдан бошқа ҳеч қандай тафсилотни сизга бера олмаймиз¸ деди Bobby Leach.

Ўтган йил октябр ойида Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси ВымпелКомга оид шўъба корхонаси¸ Beeline бренди остида уяли алоқа хизмати билан шуғулланувчи Unitel ширкатида режадан ташқари текширув ўтказган эди.

Ўзбекистондаги Озодлик манбаларига кўра¸ бу текширувларда Давлат алоқа инспекцияси расмийлари билан бирга ўнлаб ташкилот вакиллари иштирок этган.

Озодлик манбалари таъкидича¸ бундай кенг қамровли текширишлар бирор бир ширкатни “исталмаган мақомга келтириш учун¸ юқоридан келган буйруқ асосида” амалга оширилади.

Ҳолландиядаги Озодлик манбалари иддаосига кўра¸ МТС тақдири бошига тушишидан чўчиган Beeline ширкати бундай текширувлар босими остида Ўзбекистонда "тинч фаолият юритиш учун" Гулнора Каримовага яқин шахсларга катта миқдорда пора берган. Пора бериш тарзи эса аксар акциялари Швеция ҳукуматига қарашли TeliaSonera ширкатидаги пора бериш схемасига уйғун бўлган. TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш учун президентнинг тўнғичи Гулнора Каримовага 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганини тергов қилаëтган швед прокуратурасининг бу ишни яқин ойларда маҳкамага олиб чиқиши кутилмоқда.

Beeline ҳақида

Ширкат матбуот хизматига кўра, ўтган йил Ўзбекистондаги энг йирик алоқа операторига айланган Beeline абонентлари 324 минг кишига кўпайиб, 10 миллион 518 мингдан ошган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозир Ўзбекистонда 19 миллион киши уяли алоқа хизматидан фойдаланади.

Ўзбекистон бозорида 10 миллиондан зиёд мижозга хизмат кўрсатиб келган “МТС-Ўзбекистон” уяли алоқа оператори лицензияси 2012 йил июлида олиб қўйилганидан сўнг¸ унинг мол-мулки давлат ҳисобига мусодара қилинди¸ Россия ширкати Ўзбекистоммо тарк этишга мажбур бўлди.

Бундай синдирилиш ортидан МТС ширкати Ўзбекистон ҳукуматини халқаро арбитраж судига берган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG