Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:23

Тошкентда итотарлар фаоллашди


Тошкент шаҳри мавзеларида шу кунларда аҳолини дайди итлар хавфидан огоҳлантирувчи эълонлар пайдо бўла бошлади. Бу эълонларда тошкентликлар қаровсиз ҳайвонларни тутишда расмийларга кўмаклашишга чақирилган.

Подробно.уз сайти чоп қилган эълонга мувофиқ, кўчада дайди итларга дуч келган тошкентликлардан шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси қошидаги қаровсиз ҳайвонларни тутиш бўйича бўлимга хабар бериш сўралган.

Эълонда кўрсатилган телефонлардан бирига қўнғироқ қилганимизда ўзини Шуҳрат деб таништирган ходим бу тадбир Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг “Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилаётганини айтди.

- Вазирлар Маҳкамасининг 202-қарорига асосан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қарори билан февраль ойида бутун республика бўйлаб дайди ҳайвонларни тутиш ойлиги ўтказилди, - дейди Шуҳрат ака.

Унинг айтишича, дайди ҳайвонларни тутиш аҳолидан тушган аризалар асосида ҳам амалга оширилади. Шуҳрат акага кўра, шу кунда ҳам аҳолидан бу борада ариза тушиши кўпайган.

- Бир кунда йигирматалаб- йигирма бешталаб ариза тушаяпти ҳозир.

Озодлик: Тахминан қанча ҳайвон тутаяпсизлар бир кунда?

- Где-то 30-40 та атрофида.

Озодлик: Кейин у ҳайвонлар нима қилинади?

- Уч-тўрт кун мобайнида бизда сақланади. Шу вақт мобайнида кўчадан тутиб кетилган итнинг эгаси чиқса, итнинг паспортини олиб келса, ҳар хил касалликларга қарши ветеринария бўлимидан рўйхатдан ўтган бўлса, (эгасига) қайтариб берилади.

Озодлик: Ўшандай ҳужжати бўлмаса-чи? Ёки бўлмаса ҳеч ким келмаса итни қидириб?

- Бизда туради. Кейин йўқ қилиб юборилади. Ўлдирилади. Ўзи бизда ўлдиришмайди. Турганда ўзи вақти-соати келиб ўлади.

Озодлик: Овқат бермайсизларми – нима қиласизлар?

- Йўқ, бизнинг овқат беришга шароитимиз йўқ. Аммо барибир энди, ўзбекчилик, одамгарчилик юзасидан сув берилади, нон-пон ташлаб турилади, жуда энди ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди, - дейди Шуҳрат ака.

Суҳбатдошимиз дайди ҳайвонларни тутиш профилактик тадбир эканини айтаркан, дайди ит ва мушуклардан қутириш каби даволаб бўлмайдиган касалликлар юқиш эҳтимоли бўлгани учун уларнинг кўпайишига йўл қўймаслик зарурлигини таъкидлади. Айни пайтда Шуҳрат ака ўзи ишлаётган Тошкент шаҳрида яқин ўртада дайди ҳайвонларнинг қутириш касалига йўлиққанига оид ҳолат аниқланмаганини ҳам қўшимча қилди.

Қаровсиз ҳайвонларни тутиш бўлими ходими Шуҳрат аканинг бу гапини Давлат ветеринария бош бошқармаси вакили Аброр ҳам тасдиқлайди.

Унинг айтишича, ҳозир Ўзбекистонда, айрим оммавий ахборот воситалари ёзаётганидек, оммавий қутириш хавфи йўқ. “Фақат дайди ҳайвонларни тутиш бўйича айрим хизматлар фаоллиги ошгани одамлар орасида ҳар хил тахминларга, ваҳимали гап-сўзларга сабаб бўлган бўлиши мумкин”, дейди Аброр.

- Доимий қилинадиган профилактик чора-тадбирлар-да булар. Бу ерда ҳеч қанақа янгилик ёки паникага борадиган масала йўқ. Эълонлар пайдо бўлгани – демак, ўша ободонлаштириш бошқармалари янада сифатлироқ ишлаяпти. Бундан кейин ҳам улар (ишларини) янада фаоллаштиради, по визову бориб, жойларда (дайди ҳайвонларни) тутиб келиш ишлари бўлади. Бизда энди-энди йўлга қўйилаяпти. Бошқа мамлакатларда бу нарсалар нормал ҳолат, - дейди ветеринария бош бошқармаси ходими Аброр кейинги пайтда бу борада, хусусан, СМСлар воситасида тарғибот ишлари ҳам кучайтирилганини қўшимча қиларкан.

Маълумотларга кўра, шу кунда Ўзбекистонда қаровсиз ҳайвонларни тутиш бўйича 180 та бўлим фаолият кўрсатмоқда экан.
XS
SM
MD
LG