Линклар

Россия қрим татарларни ўз тарафига оғдиришга уринмоқда


Қрим татарлари етакчиси М.Жамил.

Қрим татарлари етакчиси М.Жамил.

16 март куни Украинага қарашли Қрим Мухтор Республикасининг Россия Федерациясига қўшилиши борасида референдум ўтказилиши режаланган. Референдум арафасида Қримнинг россияпараст раҳбарлари қрим татарларини ўз томонига оғдиришга уринмоқда.

Сўнгги ҳафталар давомида Россиядан бир нечта делегация Украинага қарашли Қрим Мухтор Республикасига сафар қилди.

Бундан мақсад Мухтор ўлканинг Россияга қўшилиши борасида 16 мартга белгиланган мунозарали референдумда қрим татарларини Россия томонига оғдиришдан иборат бўлгани айтилмоқда.

Украина ҳукумати Қримнинг Россияга қўшилиши борасидаги референдумни “ноқонуний” деб атаб, унинг натижаси тан олинмаслигини эълон қилган.

Қримнинг россияпараст раҳбарияти агар қрим татарлар Мухтор Республиканинг Россияга қўшилишини қўлласа, уларга кенгроқ ҳуқуқлар беришни ваъда қилган.

Қрим татарлари етакчиси Мустафо Жамил Украинадаги бўҳрон масаласини муҳокама қилиш учун Россия раҳбарияти таклифи билан шу ҳафтада Москвага борди.

Сафари чоғида Мустафо Жамилнинг Татаристон Республикаси собиқ президенти Минтемир Шаймиев билан ҳам учрашиши режаланган.

Музокаралар арафасида Мустафо Жамил Озодликка ўз делегацияси Россия расмийларини Украина ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чақиришини айтди.

- Бизнинг асосий шартимиз Россия қўшинларининг Қримдан олиб чиқилиши. Ҳарбий кучлар олиб чиқилганидан кейин биз ҳар қандай масалани муҳокама қилишимиз мумкин. Қрим парламенти қабул қилган бирорта қарор ёки декларация, қрим татарлар нуқтаи назарида, қонуний эмас. Чунки бу парламент айирмачи структура сифатида ҳаракат қилмоқда, - дея баёнот берди Мустафо Жамил.

Сўнгги ҳафталар давомида Қрим Мухтор Республикасининг россияпараст раҳбарияти қрим татарларини ўз тарафига оғдириш йўлидаги уринишларни кучайтирди.

11 март куни Қрим парламенти “қрим татарларининг ҳуқуқлари таъминланиши ва уларнинг Қрим жамиятига интеграциялашиши кафолатланиши” қайд этилган резолюцияни қабул қилди.

Ҳужжатда ислоҳотлар ўтказиш, жумладан, Мухтор Республикада қрим татар тилига рус ва украин тилларига тенг равишда расмий тил мақоми берилиши ваъда қилинган.

Резолюцияда Республика ҳукуматидаги вазир лавозимларининг 20 фоизи қрим татарларга берилиши, маҳаллий бошқарув органларида қрим татарлар ўз вакилларига эга бўлиши, шунингдек, Мажлис ўз-ўзини бошқарадиган қонуний ташкилот сифатида тан олиниши назарда тутилган.

Қрим парламенти депутатлари, аксар қисми Ислом динига мансуб бўлган қрим татарларнинг диний эркинлиги кафолатланиши ҳамда қрим татар жамоаларини қўллаб-қувватлаш, жумладан, Иосиф Сталин даврида Қримдан бадарға қилинган қрим татарларни тарихий ватанига қайтаришни назарда тутган дастурларни молиялаштиришнини ҳам ваъда қилган.

Мустафо Жамил Қрим раҳбарларининг бу таклифларини “пора” деб, уни рад қилди.

Мустафо Жамил бошчилигидаги делегацияни Москвага таклиф этиш ва қрим татарларга оид резолюция қабул қилинганидан ташқари Россиянинг Татаристон Республикаси Президенти Рустам Минниханов сўнгги икки ҳафта ичида Қримга икки марта сафар қилди.

Қрим ва Россия татарлари қадимдан маданий ва тарихий алоқаларга эга бўлганини таъкилдаган Минниханов қрим татарлари Муфтийси ва Мажлис раиси Рефат Чубаров билан учрашди.

Миннихановнинг сафари тугаганидан бир оз ўтиб Чубаров барча қрим татарларни Қрим Мухтор Республикасининг Россияга қўшилиши борасида 16 мартга белгиланган референдумга бойкот эълон қилишга чақирди.

Айни пайтда Рефат Чубаров АҚШ Президенти Барак Обамага мактуб йўллаб қрим татарлари Қўшма Штатлар Қрим бўҳрони хусусида резолюция қабул қилишига умид қилаётганини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG