Линклар

logo-print

Сиёсат аҳли иккиюзламачиликка мойилроқ келади. Шунданми, арбоблар дўппи тор келиб қолган кезларда оқни – қора, қорани – оқ деб, оёқ тираб турволиши ҳам ҳеч гап эмас. Мисол керакми?


Унда Кремл маъмуриятининг Украинага нисбатан ҳозирги сиёсатини кузатинг, иккиюзламачиликлардан икки юзта топмасангиз, отимни бошқа қўяман. Бошланишига, Россия раҳбариятининг жиззакилиги ва жирракилигига далолат қиладиган бир неча ҳолатни ўзим санаб чиқай. Қолгани – ўқувчиларга тан.

Қрим ўлкасининг Украинадан ажралиб чиқиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари қримликларнинг халқаро ҳуқуқ меъёрларида мустаҳкамланган ҳақ-ҳуқуқи. Қримликлар “ажралиб чиқаман” деяётган экан, Украина Қримни қўшқўллаб Россияга тутқазиши керак. Чеченистоннинг Россиядан ажралишга уриниши эса қип-қизил террорчилик, ашаддий айирмачилик!

Украиналикларнинг ўз она тилини асраб-авайлаш йўлидаги уриниши – бориб турган миллатчилик. Русларнинг ўз тилини ҳимоя қилишга интилиши эса – миллатпарварлик. Миллатпарварликки, шоён ҳурматга лойиқ!

Украинадаги рус миллатига мансуб кишиларнинг биргина соч толаси тўкилишига ҳам чидаб бўлмайди, уларни ҳимоялаш керак. Россияда ҳар куни ҳар соатда юзлаб, минглаб меҳнат муҳожирлари ҳайвондек калтакланиши, қулдек дўппосланиши эса... у қадар ташвишланарли ҳолат эмас. Дунёда битта “азиат” ўлса ўлипти-да, нима, осмон узилиб ерга тушармиди?!

Степан Бандерани асло оқлаб бўлмайди. Бир неча йил олдин “бандитларнинг бандити” Бандерага Украина қаҳрамони унвонини берган президент Виктор Юшченко ҳам номаъқул бузоқнинг гўштини ебди! Россия раҳбарияти эса мустамлака ўлкаларда, жумладан, Ўрта Осиёда беармон хунрезлик қилиб, қўл қонга бўялган рус генералларига ёдгорлик ўрнатиши, уларни миллий қаҳрамон сифатида ёдлаши мумкин.

Россиядан сиёсий бошпана олаётган Янукович маъмурияти мансабдорлари, вазият тақозосига кўра, шу йўлни тутмоқда. Бояқишларни тушунса бўлади. Бироқ Кремлнинг бирор корчалони хориждан сиёсий бошпана олса, бунга асло чидаб бўлмайди. Путиннинг тузини ичиб, тузлиғига тупурган хоинларни ўйлат-нетиб ўтирмай, асфаласофилинга юбориш керак!

Украина миллий манфаатларини ҳимоя қилаётган сиёсий кучларнинг бари сотқинлар, кўрнамаклар, оғмачи америкапарастлар, миллатчи-бандерачилар! Россия миллий манфаатларини ҳимоя қилаётган Кремл вакиллари эса фариштадек маъсум, ҳавасу ибратга арзийдиган ватанпарварлар! Уларни фақат ва фақат давомли қарсаклар билан олқишлаш лозим!

Украинанинг Европа Иттифоқига яқинлашиш йўлидаги уринишларига томошабин бўлиб туриб бўлмайди. Зудлик билан бу уринишларни чиппакка чиқариш керак. Негаки, Европа билан апоқ-чапоқ бўлволган Украина Россияга қарши фитна қилмоқчи. Россиянинг Европа Иттифоқига яқинлашиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари эса фақат ва фақат эзгу мақсадларга қаратилган. Европада Украинага пишириб қўйибдими?! Европага Россия ярашади, Путин ярашади!

Владимир Путин Барак Обама билан, Европа раҳбарлари билан кўнгли кўтарганича кўришиши, мулоқот қилиши мумкин. Чунки қўй оғзидан чўп олмаган Владимир Владимирович фақат давлатлар ўртасидаги дўстликни ривожлантириш йўлида куйиб пишмоқда, холос. Украина ҳукумати тепасидаги сиёсатчиларнинг эса Обама билан ҳам, Европа раҳбарлари билан кўришмоғига тоқат қилиб бўлмайди. Чунки уларнинг мақсади фақат Россияга қарши фитна ҳозирлаш. Қисқаси, бутун Украина халқи Путинга қарши тиш қайраган, бешикдаги гўдакдан тортиб, асога суянган қариягача – бари Россияга душманлик кайфиятида.

Украиналик сиёсатчиларнинг мустақил позицияга эга эканини оқлаб бўлмайди. Бундай шаккоклиги учун оёғи ердан узилган украиналик арбобларнинг пўстагини қоқиш, ақлини киргизиб қўйиш керак. Кремл маъмуриятининг Украина суверенитети билан ҳисоблашмаслиги, ўз билганидан қолмаслиги эса нормал ҳолат. Владимир Путиндек катта арбобнинг гапини ерда қолдирадиганлар албатта жазосини олиши лозим. Негаки, оғзи қийшиқ бўлса ҳам Путинбой гапириши керак!

Оммавий ахборот воситалари Украинадаги русларга зўравонлик қилинаётгани ҳақида бонг уриши лозим! Аммо Россия раҳбарияти, алалхусус, Владимир Путин Украинанинг миллий суверенитети, ҳудудий яхлитлигига рахна солаётгани ҳақида зинҳор-базинҳор оғиз очмаслик керак. Чунки Путин ҳиндларнинг “муқаддас сигири”. Муқаддас сигир ҳақида эса ножўя гапириш асло-асло мумкин эмас!

Холис кузатувчи

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG