Ўзбекистонда талабга жавоб бермайдиган 243та қишлоқ врачлик пункти тугатилади. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийларига кўра, бу қишлоқ врачлик пунктлари тизими самарадорлигини ошириш мақсадида қилиняпти.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси мутахассиси Барно Одилованинг Озодликка айтишича, қурилиш нормалари ва хавфсизлик қоидаларига жавоб бермайдиган биноларда жойлашган 243та самарасиз қишлоқ врачлик пунти яқин ойларда тугатилади.
- Аҳолининг хавфсизлиги ҳақида қайғуриляпти бу ерда. Гуваладан, пахса девордан қилинган, фундаментсиз, ўртаси ёрилиб кетган бинолардаги пунктлар қисқартириляпти. Биринчи ўринда, шунақа, эски биноларда жойлашган, авария ҳолатида бўлган, шу туфайли самарасиз фаолият юритаётган, бундан ташқари уни уч километргача бўлган хизмат доирасида замонавий типда қурилган яхши қишлоқ врачлик пунктлари бўлганлиги учун мана шу кам қувватли пунктларни тугатиш ҳақида қарор олдик,- деди Одилова.
Қишлоқ врачлик пункти тегишли ҳудудда қишлоқ аҳолисига биринчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишига мўлжалланган даволаш-профилактика муассасаси ҳисобланади.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийсига кўра, ҳозир мамлакатда 3201та ана шундай қишлоқ врачлик пункти бор. Тугатиладиган пунктлар ўрнида янгилари қурилмайди.
- Пунктлар тугатилган ҳудудларда аҳоли ўша ерга яқин жойда жойлашган поликлиника ёки намунали врачлик пунктларига бириктириб берилади. Ёпилган врачлик пунктларида ишлаган врачларни ҳаммаси иш билан таъминланади. Улар камсамарали жойлардан олиниб, бошқа пунктларга кўчирилади, - дейди Барно Одилова.
Сурхондарё вилоятининг Деҳқонобод туманида фельдшер бўлиб ишлайдиган Аҳмадбой аканинг айтишича, қишлоқ жойларида врачлик пунктлари шундоқ ҳам етишмайди.
Одамлар докторга бориш учун 15-20 километр йўл босиб ўтишга мажбур бўлмоқда.
- Энди бизда тоғли ҳудуд. Мен турган жойда энг яқин қишлоқ пункти 15 километр. Қишлоқ пункти у ёқда турсин, баъзи туманларни бош касалхоналари талабга жавоб бермайди. Уларни ҳам ёпиш керакми? Бизда ҳозир иккита пунктни ёпди. Энди у ерда яшовчи аҳоли 20-30 километр босиб, район касалхонасига боришга мажбур бўляпти,- дейди Аҳмадбой ака.
Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари қишлоқларида ҳам шунга ўхшаш аҳвол.
- Бизни Сирдарёда врачлик пунктларининг аҳолидан 50 километр узоқда бўлганлари бор-да. Оғир касалга чалиниб қолса, тамом, боргунча силласи қуриб бўладику. Ўзи шундоқ ҳам пунктлар етишмаяпти, булар уларни кўпайтириш ўрнига ёпаяпти,- дейди сирдарёлик ногирон Матлуба.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси мутахассиси Барно Одиловага кўра, узоқдаги, бориш қийин бўлган ва чўлдаги аҳоли пунктларида жойлашган қишлоқ врачлик пунктлари ёпилмайди. Қайтанга у ерда ишловчи врачларга қўшимча ойликлар белгиланиб, рағбатлантирилади.
- Олис жойлардаги пунктларда ишловчи врачларни ойлигига 25 фоиз қўшиб берилади. Пунктлар тугатилган ҳудудларда аҳоли ўша ерга яқин жойда жойлашган поликлиника ёки намунали врачлик пунктларига бириктириб берилади. Ёпилган врачлик пунктларида ишлаган врачларни ҳаммаси иш билан таъминланади. Улар камсамарали жйолардан олиниб, янгиларига кўчирилади, - дейди Барно Одилова.
Ўтган ой Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ варчлик пунктларини янада мақбуллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган ва 243 врачлик пунктининг ёпилиши ана шу қарорга мувофиқ амалга оширилмоқда.
1990 йиллар охирларида Ўзбекистон президенти ташаббуси билан бошланган соғлиқни сақлаш ислоҳатларининг асосий мақсадларидан бири сифатида бирламчи тиббиёт муассасалари тизимини такомиллаштириш вазифаси қўйилган ва айнан қишлоқ врачлик пунктларини аҳолига яқинлаштириш кўзда тутилган эди.
Мутахассислар фикрича, қишлоқ врачлик пунктларининг ёпилиб, ўрнига янгилари очилмаётгани бу ислоҳотлар муваффақиятсизликка учраганидан даракдир.