Линклар

logo-print

Анатолий Кузнетсов деган артист ўлибди, бугун дафн қилишибди. Ҳалиги “Белое солнце пустини”даги тавариш Суховни ўйнаган бору – ўша одам.


Дафн маросимига борганим йўқ, Кузнетсов ўлганини виртуал қишлоғимиз “чойхона”сида эшитдим.

Аслида бояқиш 7 март куни ўлган экан, аммо ўлимидан икки кун кейингина хабар топишибди. “Нимага ўша куниёқ хабар топишмади экан ўлганидан?” деб ҳайрон бўлдим. “Бир неча кунлаб ҳеч ким хабар олмайдиган қарияни “шишувди – семиз бўлди, ўлувди – азиз бўлди” қабилида бугун давлат миқёсида кўтар-кўтар қилишларининг сабаби нимада экан?” деб ўйландим мен. Аммо саволимга жўяли жавоб топмадим.

Айтишларича, бу одам анча зиёли бўлган экан. Ўзига “қизил аскар Сухов” деб мурожаат қилишганда, хижолатга тушаркан. Хижолат бўлиш сабабини аввал тушунмасдим. Бугун шуни эслаб, “нимадан хижолат бўларкин?” деб, кинони бир бошдан “сканер” қилиб чиқдим. Қарасам, ота-боболаримга ўхшаган осиёликлар анчагина мазах қилинган экан ўша кинода. “Балки у ўзига ўхшаган ва ундан ҳеч қаери кам бўлмаган одамларни масхаралашга воситачи бўлганидан хижолат бўлгандир”, деб ўйладим ўзимча.

Яна айтишларича, бу кинони олиш жараёни ўлгудек қийин кечганакан. Кино битгандан кейин ундан воз кечвормоқчи ҳам бўлишган экан. Бироқ СССРнинг ўша пайтдаги каттаси Брежнев маҳаббати ва фатвоси билан ёруғ кўрибди бу кино.

Ўшандан бери ўтган 45 йил давомида бу кино дили босқинчиликка мойилгина кишиларни хурсанд қилиб келди. Ҳар ҳолда, виртуал қишлоқ маҳаллаларидаги гаплардан шунақа хулосага келдим мен.

Аввал ҳам бу кино эсланганда, кўнгли босқинчиларга улфат танишларимнинг бўйи уч-тўрт қарич ўсиб, менга юқоридан қарай бошлаганларини сезганман. Бугун бунинг ҳам сабабини тушуниб етдим.

Бугун яна бир нарсани – қримлик татар биродарларимнинг нима учун Сухов ватанидан масофаланишига уринаётганини ҳам тушунгандекман. Ҳойнаҳой, қримлик оқсоқол эртага бирор қизил (оқ, кўк) аскар маҳаллада унинг қизига: “Гульчатай, открой личико!” деб шилқимланишини ёки ўғлига: “Махмуд, зажигай!” деб амр қилиниши истамаяпти.

Бу гапга дарров: “Ахир Америка ё Европа босқинчилик қилмаяптими, нега дарров Россияга ёпишасиз?” деб эътироз билдирадиган кўп топилади миллатдошларим орасида. Биродарим, биринчидан, мен қайси мамлакат тарафидан бўлишидан қатъий назар, ҳеч қандай босқинчиликни оқламайман, иккинчидан, сизнинг бу гапингиз: “Анави киши бизни тепиб кетганида индамагандик, энди бу киши бизни тепиб кетса, айюҳаннос солмайлик, майли, тепаверсин” деган одамнинг гапига ўхшайди. Мен эса: “Бизни ҳеч ким тепкиламасин, одамдай яшайлик” демоқчиман сизга.

Бугун Россияда каттаю кичик (улар орасида президент Владимир Путин ҳам бор) “Хайр, Сухов” деяпти, 83 га кириб ўлган артистни сўнгги йўлга миллат қаҳрамонидек кузатяпти – балки уларнинг бунга ҳаққи бордир...

Бугун Қримда маҳаллий татар оқсоқол “Хайр, Сухов, алвидо, Маскўп” деяпти – балки унинг ҳам бунга ҳаққи бордир...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG