Линклар

"Единая Россия" ахборот урушида КХШТ имкониятларидан фойдаланишга чақирди


Ukraine -- Armed men, believed to be Russian servicemen, walk outside a Ukrainian military base in Perevalnoye, near the Crimean city of Simferopol, March 14, 2014.

Ukraine -- Armed men, believed to be Russian servicemen, walk outside a Ukrainian military base in Perevalnoye, near the Crimean city of Simferopol, March 14, 2014.

Россия Давлат думасида кўпчиликни ташкил қиладиган “Единая Россия” фракцияси Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) дан Украинадаги вазиятга баҳо беришни талаб қилмоқда. Фракция депутатлари Украина билан боғлиқ ҳодисаларга бўлган Ғарб мамлакатларининг Россияга ўтказилаётган тазйиқига жавобан КХШТнинг “сиёсий босим имкониятларидан” кенг фойдаланиш кераклигини ёқлаб чиқди. Ташкилот раҳбари Николай Бордюжа эса ўзи бошқараётган тузилманинг Украинадаги вазиятга аралашмаслаги тўғрисида баёнот берди.



Россия парламентидаги ҳукумат партияси саналган “Единая Россия” Украина масаласида КХШТ ташкилоти имкониятларидан кенгроқ фойдаланишга чақирди.

Бу баёнот билан журналистлар олдида “Россия Федерациясининг КХШТда раислиги давридаги фаолияти тўғрисида” деб номланган йиғилиш натижаларига кўра қуйи палата вице-спикери Владимир Васильев чиқиш қилди. Унинг айтишича, фракция аъзолари КХШТ доирасида Ғарб мамлакатлари ва АҚШ томонидан Россияга қилинаётган таҳдидлар ва санкциялар муҳокамасига Божхона Иттифоқи мамлакатларини жалб қилишни таклиф этган.

Ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган бу йиғилишда ўзининг “хориж агентлари” ва “митингларга қарши” қонун лойиҳалари билан танилган депутат Ирина Яровая сўзга чиқди. Думадаги Хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси раисаси Яровая хоним Украина ҳукумати қабул қилаётган янги ҳуқуқий қарор-фармонлар ҳам “халқаро ҳамжамият тадқиқоти остига олиниши” зарурлигини айтган.

“Бу тадқиқот натижалари КХШТнинг хавфсизлик масаласига, Европа, АҚШ ва жамоатчилик ташкилотларининг мустақил давлат сиёсатига аралашуви ва сиёсий босимига коллектив нуқтаи назари сифатида тақдим этилиши лозим”, дея хабар беришди Ирина Яровая матбуот хизматида.

Ирина Яровая Коллектив хавфсизлик ташкилотининг сиёсий босим воситалари Россия ҳукумати томонидан етарлича ишлатилмаётганидан хавотир билдириб, тузилманинг Парламент Ассамблеяси муҳокамасига “нацизм реабилитациясига қарши кураш” каби конкрет масалаларни қўйишни таклиф этди.

“Украина мисолида кўриш мумкинки, биз КХШТ таркибига кирувчи ҳар қайси давлатга нисбатан ташкиллаштирилган ахборот фитналарига биргаликда қарши тура олишимиз ва жавоб қайтаришимиз керак”, деган ишонч билдирди Дума қўмитаси раиси.

Бундан ташқари, Ирина Яровая КХШТнинг Парламент Ассамблеяси миграция масалалари билан шуғулланувчи ягона марказларни тузиш ғоясини илгари сурди. Унинг фикрича, бу марказлар КХШТга аъзо давлатлар меҳнатга лаёқатли аҳолисининг назорат остига олиш осонлаштирилишини уқтирди.

Айни пайтда, Бош котиб Николай Бордюжа ўзи бошқараётган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Украина масаласида узил-кесил ягона фикр ишлаб чиққанини билдирди.

Журналистлар олдида қилган чиқишида у Россияни Украинадаги можаро тарафларидан бири сифатида кўрмаётгани ва шу сабабли тузилманинг мамлакат ички масалаларига аралашмаслигини билдирди.

- Бугунга келиб Украина КХШТ таркибига кирмайди. Шу боис Украина масаласида бизда ҳеч қандай режалар йўқ, деди Николай Бордюжа Россия ахборот агентликларига.

Шунга қарамасдан, КХШТ раҳбари НАТОга аъзо айрим мамлакатларнинг Беларус чегараларида ўз фаолиятини оширганидан хабардор эканини айтди. У, шунингдек, Украинадаги ахборот урушида Шимолий альянс экспертлари иштирок этаётганини ҳам маълум қилди. Николай Бордюжа Украина бугунги кунда “КХШТга аъзо баъзи давлатларга нисбатан ахборот хуружи” учун майдонга айланганини ҳам хулоса қилди.

Бундан олдинроқ, НАТО AWACS радар тизими ўрнатилган иккита разведкачи учоқни Украинага қўшни бўлган Польша ва Руминия ҳудудлари устида назорат қилаётганини тасдиқлаган эди.

Айни замонда, МДҲнинг Минскдаги бош ваколатхонаси 14 мартга белгиланган МДҲ давлатлари ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари учрашуви бекор қилинганини хабар қилди. Ваколатхонада учрашув “Украина тарафи бу учрашувда иштирок этишдан бош тортгани боис қолдирилгани”ни билдиришди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG