Линклар

Инглиз тилидаги "Ал-Жазира" телеканали пайшанба куни шу номли филмни намойиш этди. Даниялик журналист Майкл Андерсон суратга олган 25 дақиқалик филм Обидхон қори Назаровга қарши икки йил аввал уюштирилган суиқасд ҳақидадир.



Даниялик журналист Майкл Андерсен таниқли ўзбекистонлик имом Обидхон қори Назаровга қарши икки йил аввал уюштирилган суиқасд ҳақида "Диктаторнинг узун қўли" номли ҳужжатли филмни суратга олди.

Филм шу кунларда инглиз тилидаги "Ал-Жазира" телеканали орқали намойиш этилмоқда.

Филм муаллифи Андерсон Ўзбекистондаги таъқиблардан қочиб, 2006 йилда Швеция шимолида бошпана олган ўзбек имомининг ўққа тутилиши ҳақида ҳикоя қилади.

- Обидхон қорига қилинган бу ҳужум Каримовнинг ўз мухолифлари билан узоқ масофадан туриб ҳам ҳисоблаша олиши, ҳатто Европа Иттифоқида паноҳ топган мухолифларига қарши ҳамла қилиши мумкинлигини кўрсатди. Шунинг учун ҳам филмни “Диктаорнинг узун қўли”, деб номладик,- дейди Майкл Андерсон Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаров 2012 йил 22 февралида Швециянинг Стромсунд шаҳарчасидаги ўз уйи йўлагида номаълум қуролли шахс томонидан отиб кетилган эди.

Даниялик журналист қотиллик ортида ким турган, деган саволга ҳам жавоб топиш учун Швеция шимолидаги Стромсунд шаҳрига йўл олади.

- Ўзбекистон ва Швеция шимолидаги Стромсунд шаҳрини минглаб километр йўл ажратиб туради. Лекин, дунёдаги энг қаттол диктатор учун бу, ўз мухолифлари билан ҳисоблашишга катта муаммо эмас. Каримов ва унинг махфий ҳизматлари ўз мухолифлари қаерда бўлишидан қатъий назар уларга ҳамла қилишга қодир, - деди Андерсон.

Тергов бошидаёқ муҳожиратдаги ўзбек имомига уюштирилган бу суиқасд оддий жиноят эмас, балки имомнинг ўтмишдаги диний-сиёсий фаолияти билан боғланган, сиёсий мотивларга асосланган буюртма қотиллик экани ва катта эҳтимолда, буюртманинг Швеция ташқарисидан қилингани айтилган.

Даниялик Майкл Андерсон ўз журналистик суриштируви доирасида бу суиқасд ортида Каримов режими турибди, деган ҳулосага келганини айтади.

- Филмни томоша қилган бўлсангиз, ҳатто Швеция прокурори ҳам имомга қарши уюштирилган суиқасдда Каримов режимини айблайди. Ушбу қотиллик уриниши ортида Каримов режими турибди, деган фараз келиб чиқяпти. Бу ерда бошқа версия кўринмаяпти, - дейди филм муаллифи Майкл Андерсон.

Ўзбекистон расмийлари таниқли имом Обидхон қори Назаровни мамлакатдаги "Ваҳҳобийлик" оқимининг раҳнамоларидан бири сифатида айблаб келадилар.

Лекин, Назаровнинг сафдошлари ва оила-аъзолари бу айбловларни рад этишади.

Франциядаги Ўтюраклар клуби раҳбари, собиқ сиёсий маҳбус Мўътабар Тожибоева фикрича, ўзбекистонлик Обидхон қори Назаров президент Каримовнинг номер биринчи душмани бўлгани учун нишонга олинган бўлиши мумкин.

-Обидхон қори Назаровни бутун Ўзбекистон ҳурмат қилади.Мен бу одамнинг экстремизмга, терроризмга даъват қилганини эшитмаганман, - дейди Тожибоева.

Обидхон қори Назаров икки йилдан бери комада қолмоқда. 22 февраль куни Озодлик студиясида меҳмон бўлган Довудхон Обидхон ўғли ҳозир шифохонада оғир хаста ётган отаси анчагина соғайгани ва баъзи ҳолларда қисман ҳушига келиб, тана аъзолари ҳаракати воситасида оиласи билан мулоқот қилаётганини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG