Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:30

Керри билан Лавров Қрим борасида келиша олмади


14 март куни Лондонда АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина бўҳрони бўйича музокара ўтказди.

Музокара якунидаги матбуот анжуманида сўзлаган Сергей Лавровга кўра, музокара "фойдали" бўлган, бироқ Россия билан АҚШнинг Қрим борасидаги фикрлари бир жойдан чиқмаган.


Лавровга кўра, Россия қримликларнинг референдум борасидаги қарорларини ҳурмат қилади.

Шунингдек, Лавров Россия Украинанинг шарқий вилоятларига қўшин киритиш режаси йўқлигини таъкидлаган.

Журналистлар Лондонда Жон Керрининг музокара борасидаги баёнотини кутишмоқда.

Музокара аввалида Керри учрашувда ижобий натижага эришишга умид билдирган эди.

- Нимани муҳокама қилишимиз аниқ-равшан. Мен ўртадаги айрим келишмовчиликларни ҳал қилишда биргаликда олдинга ҳаракат қилиш учун имкониятлар ва натижаларни излашни интиқлик билан кутаяпман, деди Керри.

Лавров эса музокаралар бошланишидан аввалги интервьюсида, вазиятни изга солиш учун вақт бой берилгани ҳақида гапирди.

- Мен ҳам бугун учрашиш имконига эга бўлганимиздан мамнунман. Ҳақиқатдан ҳам вазият жиддий. Кўплаб воқеалар содир бўлди. Кўп вақт йўқотилди. Энди нима қилиш мумкинлигини кўрамиз, деган эди Лавров учрашувдан аввал.

Аввалроқ Керри агар расмий Кремль Қримни қўшиб олиш ҳаракатларини давом эттирса, ғарб Россияга қарши "кескин чоралар" қўллашидан огоҳлантирган эди.

Украина Россия устидан Европа судига мурожаат қилди

Пайшанба куни Украина ҳукумати инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига Россия устидан шикоят аризаси билан мурожаат қилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 33-моддаси ("давлатлараро муносабатлар") асосида топширилган мазкур шикоят аризасининг мазмуни ва унинг кўриб чиқилиш муддати ҳақида маълумотлар очиқланмади.

Европа суди Киев ва Москвани Украина аҳолисининг ҳуқуқларини топташга олиб келадиган ҳар қандай кўринишдаги ҳарбий ҳаракатлардан тийилишга чақирган ҳолда шикоят аризасини қабул қилган.

БМТ Украинада инсон ҳуқуқлари мониторингини бошлади

Украинада БМТнинг миссияси инсон ҳуқуқлари вазиятини мониторинг қилишни бошлади.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бош котиб ёрдамчиси Иван Шимонович.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бош котиб ёрдамчиси Иван Шимонович.
Бугун БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бош котиб ёрдамчиси Иван Шимоновичнинг маълум қилишича, миссия бутун Украина ҳудуди, жумладан, Қримни ҳам кузатади.

Шимоновичга кўра, Украина аҳолисининг ҳуқуқларини таъминловчи ташкилотларнинг заифлиги ва қийноқлар, куч қўллаш ҳамда одам ўғирлаш ҳолатларидан жиддий хавотир мавжуд.

Шунингдек, у Киевдаги норозилик акциялари пайти намойишчиларнинг снайперлар томонидан ўлдирилиш ҳолатлари бўйича суриштирув зарурати борлигини таъкидлади.

Тимошенко Ходорковский билан Украина бўҳронини муҳокама қилди

Кеча Берлинда Украина собиқ бош вазири Юлия Тимошенко россиялик собиқ олигарх Михаил Ходорковский билан Украинадаги вазиятни муҳокама қилди.

Ҳозирча учрашув тафсилотлари маълум эмас.

Пайшанба куни Ходорковский Берлиннинг Шарите шифохонасида даволанаётган Тимошенкони бориб кўрган.

Янукович ҳокимиятдан ҳайдалгач озодликка чиққан Тимошенко Германия канцлери Ангела Меркелнинг таклифига кўра, Берлинга даволанишга кетган.

9 март куни Ходорковский Киевнинг Мустақиллик майдонида минглаб украиналик олдида қилган чиқишида расмий Кремлни рус ва украин халқлари дўстлигига раҳна солаётганликда айблаб, Россияда Қримнинг эгаллаб олинишига қарши бўлганлар жуда кўплигини айтди.

2003 йилда ҳибсга олинган ЮКОС нефт ширкатининг собиқ хўжайини ўтган йилнинг декабрида озодликка чиққан.

Донецкдаги тўқнашувларда бир киши ҳалок бўлди

Украина шарқидаги Донецк шаҳрида россияпараст намойишчилар ва Москванинг Қримни эгаллаб олишига қарши чиққанлар ўртасида юз берган тўқнашувда бир киши ҳалок бўлди.

Бу ҳақда маҳаллий соғлиқни сақлаш расмийлари маълум қилди. Маълумотга
кўра, ўнга яқин киши турли даражадаги жароҳатлар билан касалхонага олиб борилган.

Евроинтеграция тарафдорлари ҳалок бўлган намойишчи уларнинг гуруҳидан бўлганини айтишмоқда.

Хабарларга кўра, тўқнашувлар Донецк марказий майдонида россияпараст намойишчилар ва евроинтеграция тарафдорларининг ёнма-ён ўтган акцияларидан сўнг бошланган.

Милиция тўқнашувларни тўхтатишга урингани, бироқ намойишчилар милиция тўсиғини ёриб ўтгани айтилмоқда.

Арсений Яценюк БМТ Хавфсизлик кенгашида нутқ сўзлади

Украина Бош вазири Арсений Яценюк БМТ Хавфсизлик кенгашида қилган чиқишида унинг мамлакати “ҳеч қандай сабаб ва асосларга эга бўлмаган” ҳарбий агрессияга дуч келганини билдирди.

Бўхронни ҳал қилишга ҳали ҳам вақт борлигини айтган Яценюк Россияни зудлик билан Қримдаги ҳарбийларини олиб чиқишга ва музокараларни бошлашга чақирди.

Шунингдек, Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғинида сўзлаган Бош вазир Россия билан вужудга келган бўхронни тинч ҳал этишнинг имкони борлигини таъкидлади.

Инглиз тилида нутқ сўзлаган Яценюк Россиянинг БМТдаги элчиси Виталий Чуркинга юзланиб, унга рус тилида “Россия уруш бўлиши истайдими?”, дея савол билан мурожаат қилди.
XS
SM
MD
LG