Линклар

1 апрелдан тошкентликлар учун иссиқ ва совуқ сув нархлари 10-12 фоизга ошади. Ўзбек расмийларига кўра, нархлардаги бу ўсиш электр энергияси ва бошқа манбалар тарифларининг қимматлаши билан боғлиқдир.



Тошкентда 1 апрелдан бошлаб совуқ сув учун тўловлар 10 фоизга ошади. Бу ҳақда "Сувсоз” Давлат унитар корхонаси расмийлари Озодликка маълум қилди.

"Сувсоз” бош муҳандиси Баҳром Манноновга кўра, келаси ойдан кўпқавватли уйларда яшайдиган аҳоли учун ҳисоблагич бўлган ҳолда тарифлар 1 кубометр сув учун 266 сўмдан 294 сўмгача ошади.

Канализация билан таъминланган хусусий уйларда эса совуқ сув учун тўлов ҳисоблагич бўлган ҳолда 193 сўмдан 212 сўмгача ўсади.

Канализацияси бўлмаган уй эгалари 1 кубометр сув учун 130 сўм тўлайдилар.

Тарифлар ошиши электр энергияси ва бошқа манбаларнинг тарифлари ўзгариши билан боғлиқ, дейди “Сувсоз” корхонаси бош муҳандиси Баҳром Маннонов.

- Электр энергия сарф ҳаражатлари ошяпти. Бундан ташқари сувни тозалаш учун хлор ишлатамиз. Бу маҳсулот четдан олиб келинади. Солиқлар ҳам ошяпти. Сув нархи ошиши шулар билан боғлиқ,- дейди Маннонов.

Шунингдек, 1 апрелдан иссиқ сув нархлари ҳам 12 фоизга қимматлайди. “Тошиссиққуввати” бирлашмаси расмийларига кўра, нархлардаги ўсиш электр энергияси нархининг қимматлашуви билан боғлиқдир.

- Агар ҳисоблагич бўлмаса, киши бошига 9 минг 860 сўмдан тушади, ойига. Ҳисоблагич бўлса ҳар бир кубометр учун иссиқ сув учун 2 минг 525 сўм тўлайсиз,- деди “Тошиссиққуввати” ширкатининг исмини айтмаган ходими.

Коммунал ҳизмат тарифларининг оширилиши иқтисодий ҳимояланмаган пойтахтликлар, биринчи галда нафақахўрлар учун катта муаммо. Тошкентлик Нормурод ака нархлар ошишини хавотир билан кутаётган нафақахўрлардан бири:

- Пенсиямизни олишимиз билан коммунал ҳақларга тўлаймиз. Ортиб қолса, нон, сут, дори-дармон оламиз. 230 минг пенсия оламан. Бу боришда пенсиямиз электр, иссиқ сув, совуқ сувга тўловлардан ортмайди,- дейди тошкентлик отахон Нормурод ака.

Сув тарифларининг ошиши шахсий ҳовлиларда яшайдиган аҳоли учун ҳам катта муаммо. Крандан оқадиган ичимлик сувидан кўпчилик хонадон эгалари боғлари ва томорқаларини сўғориш ва ховузларини тўлдириш учун фойдаланади.

"Сувсоз" ширкати расмийлари аҳолини сувдан тежамли фойдаланишга чақирмоқда.

- Тошкентда крандан оқадиган сув, бу ичса бўладиган сув. Тошкент суви. Буни тежаш керак. Биз бассейни бор, дала ховлиси бор уйларни алоҳида текширамиз. Счетчик уланмаган бўлса, бассейни борми, томорақаси борми, ҳаммасини ҳисоблаб алоҳида ойлик нархни белгилаймиз. Агар кимдир яшринича уйига труба торттириб олган бўлса, жаримага тортамиз,- дейди "Сувсоз” Давлат унитар корхонаси бош муҳандиси Маннонов.

Сўнгги бор Тошкентда совуқ ва иссиқ сув нархлари ўтган йилнинг 1 октябрида қимматлаган эди.
XS
SM
MD
LG