Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:24

Сайлов йилида президент яна сайлов қонунини ўзгартирмоқчи


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати тарқатган хабарга кўра¸ мамлакат президентининг Конституцияга ўзгартиш¸ тузатиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ташаббуси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг қўшма мажлисида маъқулланган ва эндиликда Қонунчилик палатаси муҳокамасига тақдим этилган.

Хабарда хабар йўқ


Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати расмий сайтига қўйилган хабарга кўра¸ Ўзбекистон конституциясининг 32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасининг муҳокамаси эндиликда палата депутатларига оширилган. Иккала қўмита қўшма мажлисида бўлиб ўтган муҳокамалар ҳақидаги қарийб беш саҳифалик хабарда¸ бу моддаларга қандай тузатиш ва қўшимчалар киритилиши ҳақида лом-мим дейилмаган.

Президент ташаббуси билан унинг айрим ваколатлари Бош вазирга ўтиши айтилган бу хабарда¸ айни шунингдек¸ қайси ваколатларнинг президентдан Бош вазирга ўтишига оид бир оғиз сўз топилмайди.

Бунинг ўрнига расмий хабардан ҳали Конституцияга киритилмаган бу ўзгартиш ва қўшимчаларнинг “сиëсий ва конституциявий жиҳатдан ривожланиб бораëтган Ўзбекистонни янада ривожлантириши” ҳақида узундан-узун мақтовлар ўрин олган.

“Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш якунларига кўра, депутатлар бирлашмалари Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари миллий давлатчилигимиз ва сиёсий тузумни янада мустаҳкамлашда, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этдилар”¸ дейилади жумладан расмий хабарда.

"Бу ўзгартишлар ҳар бир ўзбекистонлик ҳаëтини янада порлоқ қилади!"

Ҳозирча бу лойиҳа Қонунчилик палатаси муҳокамасида бўлгани боис¸ палаталар орасидаги мувозанатни бузмаслик учун¸ унга оид аниқ маълумот бера олмайман¸ аммо унга муносабатим “ижобий¸ ижобий ва фақат ижобий”¸ деди Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Светлана Ортиқова Озодлик билан жума кунги телефон суҳбатида:

- Бу демократлаштиришнинг кейинги қадами. Фуқаролик жамиятини қуришнинг кейинги қадами. “Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига” тамойилига асосан биз ўзбек модели орқали давлат қурилишини¸ жамият қурилишини барпо этаëтган эканмиз¸ давлат раҳбари ташаббусини қувватламаган одамни мен ўзим тушунмайман. Албатта¸ буни қувватлаш керак¸ чунки бу ташаббус¸ албатта¸ давлат¸ жамият¸ ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг келажагини порлоқ қилади¸ деди Олий Мажлис Сенатори Светлана Ортиқова.

"Демократия кўпайиб қолмайди¸ аксинча"

Мухолифатдаги Ўзбекистон Эрк демократик партияси бош котиби¸ мамлакат илк конституцияси муаллифларидан бири¸ профессор Отаназар Орипов¸ конституцияга қилинадиган навбатдаги дахлнинг демократик эмас¸ аксинча¸ аксил-демократик йўналишда бўлишини тахмин қилиш қийин эмас¸ деган фикрда:

- Бу ўзгартишлардан Ўзбекистонда демократия кўпайиб қолмайди¸ аксинча¸ янада камайишини кутиш мумкин. Президентнинг ваколатларини¸ гўëки камайтиришга оид мақтовли хабарларнинг ҳам таги бўш. Президентнинг ҳозир қўллаб турган ваколатлари камайишига мен шахсан¸ ишонмайман. Худди шунингдек¸ президентдан айрим ваколатларнинг парламентга ўтиши ҳам Ўзбекистоннинг ҳозирги шароитида қилинадиган иш эмас¸ дейди мухолифат фаоли.

Ўзбекистон Конституциясига сиëсий¸ демократик жараëнларни ривожлантириш учун аслида киритилиши лозим асосий ўзгартиш¸ фуқаролар ва парламент ҳақларига оиддир¸ деб давом этади Отаназар Орипов:

- Ҳозирги конституциянинг асосий¸ муҳим камчиликларидан биттаси халқнинг ҳокимиятни алмаштиришдаги иштироки¸ ролининг йўққа чиқарилганидир. Ўзбекистон Конституциясида импичмент (президентга ишончсизлик билдириш) механизми йўқ. Ҳозирги ҳокимият конституцияга импичмент механизмини киритмайди. Конституцияда бундай механизм кўзда тутилмас экан¸ унга булар киритадиган бошқа ҳар қандай ўзгартишлар аксил-демократик бўлади¸ холос.

“Каримов умрбод президентликда қолиш учун референдум ўтказмоқчи”

Ўзбекистон қонунчилигига кўра¸ 2015 йилнинг март ойида навбатдаги президентлик сайлови ўтказилиши лозим. 1991 йилнинг декабрида ўтказилган мустақил Ўзбекистон президентлиги сайловларидан бери бу лавозимни ҳеч кимга бермай келаëтган собиқ ЎзКомпартия Бош котиби Ислом Каримов¸ мустақил ҳуқуқшуносларга кўра¸ ҳозирга қадар Конституцияга хилоф равишда ҳокимиятда қолмоқда.

1995 йилда Ўзбекистонда Ислом Каримов президентлик ваколатларини 2000 йилга қадар узайтиришга оид умумхалқ референдуми ўтказилди ва расмий-ҳисоб китоб бўйича¸ ўзбекистонликларнинг 90 фоиздан кўпроғи Каримовнинг қолишини ëқлаб овоз берди.

Шу тарзда¸ гўë конституцияда белгиланган бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президентликка сайланмаслигига оид моддани бузмаган ҳолда¸ Каримов 2000 йилга етиб келди ва яна 91 фоиз овоз билан иккинчи бор президентликка сайланди.

Конституциявий чекловни айланиб ўтиш мақсадида 2002 йилда мамлакат конституциясига президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтиришга оид яна бир умумхалқ референдуми ўтказилди ва бу таклиф ҳам халқ томонидан гўë маъқулланди.

Ўзбекистон сайлов қонунлари муаллифлари¸ бундай ўзгартиш ортидан¸ Ислом Каримовнинг яна икки муддат президентликка даъво қилишга ҳақли экани иддаоси билан чиқдилар ва 2007 йилги сўнгги президент сайловида Каримов 2014 йилга қадар ҳокимиятда қоладиган президент этиб сайланди.

Кейинги сайлов қонуннинг янгича талқини асосида 2015 йил мартига кўчирилди ва кузатувчиларга кўра¸ Каримовнинг навбатдаги сайловда қатнашишини қўлловчи псевдо ҳуқуқий асос ҳам¸ тугаб бормоқда.

Бундай асосни яратиш мақсадида¸ Ўзбекистонда Ислом Каримовни умрбод президентликда қолдиришга оид яна бир умумхалқ референдуми ўтказилишига оид хабарлар бор ва Конституцияга киритиладиган ўзгартишлар¸ ана шу референдумга ҳозирликка ўхшайди¸ дейди мухолифат етакчиси Озодлик билан суҳбатда:

- Президент сайлови бўлмайди¸ деган гаплар бор. 2014 йилдан кейин уни президентликда қолдириш учун референдум ўтказиладиган кўринади. Бу гал энди Каримов умрбод президентликка қолади. Бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президентликка сайлана олмаслиги ҳақидаги Конституция моддасини ўзгартиришга оид референдум ўтказилса керак. Гўë масала халқ муҳокамасига олиб чиқиладию¸ халқ қўллови билан бундай чеклов олиб ташланади¸ деб тахмин қилади мухолифатдаги Эрк партияси бош котиби.

Конституцион чекловнинг умуман¸ ëхуд Қозоғистондаги каби фақат республикасининг биринчи ва ҳозирча ягона президенти бўлиб келаëтган Ислом Каримов учунгина олиб ташланиш эҳтимоли ҳозирча қоронғулигича қолмоқда.


Сайловлар йилида ўзгарадиган моддалар моҳияти

Ўзбекистон Конституциясининг навбатдаги ўзгаришга учрайдиган бандларидан мамлакатдаги сиëсий¸ конституциявий ривожланишнинг қайси йўналишдан кетишини тахмин қилиш мумкин.

Конституциянинг “Сиëсий ҳуқуқлар” деб номланган VIII бобининг ўзгартиш киритиладиган 32-моддаси сўнгги таҳрирда “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини-ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилади” дея ўқилади.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси” деб номланган XVIII бобнинг ўзгариши айтилаëтган 78-моддасида парламент иккала палатасининг ваколатлари белгилаб берилган ва эндиликда президент ташаббуси билан бу ваколатлар ҳам таҳрирга учрайди.

“Ўзбекистон Республикасининг Президенти” деб номланган XIX бобнинг ўзгариши айтилаëтган 93-моддасида президент ваколатлари белгилаб берилган. Асосий қонуннинг энг узун моддаларидан бўлган 93-моддада Ўзбекистон президентига 25 та ўта кучли ваколат берилган ва “президент ўз ваколатларини бажаришни давлат идораларига ёки мансабдор шахсларга топширишга ҳақли эмас”дея алоҳида қайд этилган бу моддадаги қайси ваколатларнинг Бош вазирга берилиши ҳақида Озодлик ҳозирча маълумотга эга эмас.

Президент ташаббуси билан Ўзбекистон Конституциясининг ўзгаришга учрайдиган яна бир моддаси “Вазирлар Маҳкамаси” деб номланган XX бобнинг 98-моддасидир. Вазирлар Маҳкамаси ва Бош вазир ваколатлари белгиланган бу моддага 93-моддадан чиқариладиган ваколатнинг қўшилишини тахмин қилиш мумкин.

Расмий хабарга кўра¸ президент ўзгартиришни истаган 103-модда “Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари” деб номланган XXI бобга оид ва сўнгги таҳрирдаги бу моддада “Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ўз ваколатларини яккабошчилик асосларида амалга оширадилар ва ўзлари раҳбарлик қилаётган органларнинг қарорлари ва фаолияти учун шахсан жавобгардирлар.

Ҳокимларнинг ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаолиятини ташкил қилиш, уларнинг ваколат доирасини ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларини сайлаш тартиби қонун билан белгиланади”¸деб ëзилган. Бу моддага киритиладиган ўзгартиш ва қўшимча моҳияти ҳам ҳозирча жамоатчиликка эълон қилинмади.

Ва ниҳоят “Сайлов тизими” деб номланган XXIII бобнинг 117-моддаси Ўзбекистон сайлов тизими ва қонунларини белгиловчи асосдир.

Мамлакатда 2014 йил декабрида парламент ва 2015 йил мартида президент сайловлари ўтказилиши арафасида Асосий қонуннинг айнан сайловларга оид қисмига яна ўзгартиш киритилиши айтилмоқда. Бу ўзгартишнинг Ўзбекистондаги сиëсий вазиятнинг кейинги ривожини белгилашдаги роли қандай бўлади¸ буниси ҳозирча номаълум.
XS
SM
MD
LG