Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:08

OzodlikOnline: Конституцияга ўзгартиш киритиш керакми?


Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси президент Каримов ташаббуси билан мамлакат конституциясига яна бир туркум ўзгартиш ва тузатишлар киритмоқчи. Референдумга оид 32-моддадан то сайлов тизимига оид 117-моддага қадар жами 6 моддани ўзгартишни кўзда тутувчи бу ташаббусни тақозо қилган омиллар¸ Сизнингча¸ нималар? 17 март куни Тошкент вақти билан 21:05 дан бошлаб бу хусусда жонли эфирда фикр билдиринг!

Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Матбуот хизматига кўра¸ бу гал президент Каримов мамлакат Конституцияси – Асосий қонунининг 32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ташаббуси билан чиққан ва хабарнома руҳидан бу ташаббуснинг яқин ҳафталар ичи Олий Мажлис иккала палатаси томонидан “юксак руҳ ва кўтаринкилик” билан маъқулланишини англаш мумкин.

Ўзбекистондаги сиëсий конституциявий ривожланишни янада юқорироқ босқичга олиб чиқиш¸ мамлакатдаги демокартия ва фуқаролик жамиятини янада мустаҳкамлаш иддаоси билан киритилган бу ташаббус асосида қонунчиларнинг Конституциядаги айнан нимани нимага ўзгартириши ҳақида ҳозирча расмий хабар ҳам¸ шарҳ ҳам йўқ.



Рақамлари келтирилган моддалардан¸ ўзгаришга учрайдиган илк модданинг “Сиëсий ҳуқуқлар” деб номланган VIII бобдаги 32-модда экани англашилади.

Конституциянинг сўнгги таҳрирдаги бу моддасида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини-ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилади” деб ëзиб қўйилган ва кузатувчилар фикрича¸ бу модданинг рўйхатга тушиши мамлакатда яна бир референдум ўтказишга асос яратиш уринишлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Президент тегинишни тавсия этган навбатдаги моддалар Олий Мажлиснинг иккала палатаси¸ президент ва Вазирлар Маҳкамаси ваколатларини белгиловчи қонунлар асосини ташкил этади. Ўзгартириладиган сўнгги 117-модда эса¸ Ўзбекистон сайлов тизимига оиддир.

2014 йил декабрида Олий Мажлис¸ 2015 йил мартида эса¸ президент сайлови ўтказилиши кутилаëтган ҳозирги вазиятда бундай ўзгартишларнинг айнан Ислом Каримов ташаббуси билан ўртага қўйилгани¸ кўпчиликда турли тахмин ва шубҳа уйғотмай қолмади.

Зотан¸ Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш киритиш амалиëти¸ ўтмишда айнан сайловлар арафасида қўлланилган ва улар асосан бир мақсад – Ислом Каримовнинг конституцияда белгиланган чекловни айланиб ўтиб¸ ҳокимиятда қолиши учун ҳуқуқий замин ҳозирлашга хизмат қилган.

Шу боис¸ Озодлик боғланган аксар кузатувчилар¸ яқин орада қонун кучига киритилишига шубҳа бўлмаган бу ўзгартишларнинг ҳам сайловлар йилида яна айни мақсадга хизмат қилишини тахмин этмоқдалар.

Бу ўзгартиш¸ Озодлик суҳбатлашган кузатувчилар таъкидича¸ икки кўринишда бўлиши мумкин.

Биринчи тахминга кўра¸ конституцияга Ислом Каримовнинг¸ Қозоғистондаги каби¸ исталган муддатга президентликка сайланишига ҳақ берувчи¸ содда айтганда¸ унинг умрбод президентлик қилишига асос берувчи ўзгартишлар киритишга оид референдум ўтказилиши мумкин.

Иккинчи тахминга кўра¸ конституцияга¸ Россиядаги каби¸ президент ваколатларининг аксар қисмини Бош вазирга ўтказувчи ўзгартишлар киритилади ва Ислом Каримов президент эмас¸ балки Бош вазир сифатида мамлакатни бошқаришда давом этаверади.

Иккала сценарийдан қай бири қўлланилмасин¸ Ислом Каримовнинг умри сўнггига қадар ҳокимиятда қолишига ҳуқуқий замин ҳозирланади¸ деган фикрда мустақил кузатувчилар.

Сиз нима дейсиз?

Ўзбекистон Конституциясига нега айнан президент сайловига бир йилча вақт қолганда ҳозирча жамоатчиликка очиқланмаëтган ўзгартишлар киритилмоқда?

Бундай ўзгартишларнинг¸ расмий иддаодаги каби¸ мамлакатни янада демократик ва сиëсий жиҳатдан барқарор қилишга қаратилганига ишонасизми?

Ўзбек Конституциясига яна бир бор дахл қилишни кўзда тутувчи референдум ўтказилса¸ унда қатнашасизми?

Ислом Каримовнинг умрбод ҳокимият тепасида қолиши Ўзбекистон учун барқарорлик омилими¸ ëки аксинча?


Бу ва бошқа қатор саволларни Сиз билан OzodlikOnline жонли интерактив дастурининг душанба¸ 17 март куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган янги сонида муҳокама қиламиз.

OzodOvoz va OzodlikOnline Skype манзиллари орқали Сиз ҳам бу мулоқотда бевосита иштирок этинг.

Мабодо айни кун ва айни соатда Skype орқали мулоқотга қўшила олмасангиз¸ марҳамат, Озодликнинг Facebook ëки Одноклассники ижтимоий тармоғидаги саҳифасига кириб¸ шарҳ ва мулоҳазаларингизни ëзиб қолдиринг¸ суҳбат давомида уларни ўқиб эшиттирамиз. Бунинг учун ижтимоий тармоқлардан Озодлик радиоси деб қидиринг ва дўстларимиз сафига қўшилинг!

Ўз мулоҳазалари билан жонли суҳбатга қўшилиш истагидаги муштарийларимиз OzodlikOnline манзилига сўров юборишлари ва Skypeдаги дўстларимиз сафига қўшилишлари мумкин. OzodlikOnline Сиз учун 24 соат давомида очиқ!





OzodlikOnline дастурида ўзбек жамиятининг илғор вакиллари билан ҳафтанинг энг асосий воқеалари, миллатнинг энг долзарб муаммолари муҳокама этилади.


Дастурни ҳар душанба куни Тошкент вақти билан соат 21:05 да www.ozodlik.org ҳамда Озодликнинг Facebook саҳифасида жонли эшитинг!


OzodlikOnline мулоқотини эшитиш давомида Skypeдаги Оzodskype ва OzodlikOnline манзиллари орқали тўғридан-тўғри алоқага чиқиб¸ очиқ мулоқот иштирокчисига айланишингиз мумкин.

OzodlikOnline дастурида Озодликнинг Facebook ва Twitterдаги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.


Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

OzodlikOnline – Сиз учун муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!
XS
SM
MD
LG