Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:29

Ўн минглаб одам Москвада "Тинчлик марши"да қатнашди


Москвада ўн минглаб одам Россиянинг Қримдаги ҳаракатларига қарши норозилик юришида қатнашди.

Ўн минглаб одам Москвада Россиянинг Қримдаги ҳарбий ҳаракатларига қарши норозилик билдириб, Пушкин майдонидан Сахаров проспектигача юриш қилди.

Намойишчилар, Россияда Лента-ру сайти раҳбарларининг бўшатилишига ҳам норозилик билдирдилар.

Юришда қатнашганлар орасида Россиялик машхур рок қўшиқчи Андрей Макаревич ҳам бор.

- Ҳукуматимизнинг қаттиқ мавқеи мени ташвишга солмоқда. Мен эртага уруш холатида бўлишни тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган мамлакат билан уруш холатида уйғонишни жуда хоҳламайман, - дейди Макаревич.

Россиянинг Қримдаги ҳарбий ҳаракатларига қарши норозилик юришида Россия мухолифати етакчиларидан бири Борис Немцов ҳам қатнашди.

- Бу урушга қарши, Путиннинг каллавармлигига қарши норозилик юришидир. Биз биродар украин халқи билан яқин қўшничилик алоқалари тарафдоримиз. Путин қилаётган ишлар Россия учун фожеадир, - деди Немцов.

Россия мухолифатига кўра, Москванинг Қримдаги ҳарбий ҳаракатларига қарши ўтказилган намойишда 50 минг одам қатнашган.

Москванинг бошқа қисмида Кремл сиёсатини ёқловчилар ҳам намойиш ўтказган.

Ғарб ва Россия "банклар уруши" ёқасида

Британия пойтахтида АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қрим бўйича келиша олмагач, Европа Иттифоқи,АҚШ ва

Россиянинг ўзаро муносабатларидаги иқтисодий кескинлик кучайиши кутилмоқда.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўртасида Лондонда жума куни кечган музокаралар Қримда 16 март кунига белгиланган референдум олдидан Ғарб ва Шарқ ўртасида кучайиши мумкин миқёсли қарама-қаршилик олдини олишга сўнгги уриниш сифатида кўрилаётган эди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Россия Қримни аннексия қилса Ғарб
ўта қаттиқ санкциялар" қўллаши ҳақида огоҳлантирган.

Жаноб Лавровдан Ғарбнинг эхтимолий санкциялари ҳақида сўралганида, у Лондонда бўлган музокараларда Керри Россияга нисбатан санкциялар ҳақида гапирмаганини айтди.

"Санкцияларга келсак, биз ахборот маконида яшаяпмиз, Вашингтонда, Европада нималар муҳокама этилаётгани ҳақида эшитаяпмиз, хабарларни ўқиаяпмиз. Шуни айтишим мумкинки, ҳамкорларимиз санкциялар контрпродуктив восита эканини тушунишади, бу ўзаро бизнес манфаатлар, ўзаро шериклик алоқаларимиз ривожи учун тўсиқ бўлишини яхши англашади", - деди Лавров.

Ғарбнинг Россияга жавоби қандай бўлади?

Ғарб ва Шарқ ўртасидаги зиддият совуқ уруши давридан бери энг қалтис нуқтага етган бир паллада Европа ҳамда Қўшма Штатлар Россиянинг Украинага босқинига қарши жавобий ҳаракатларга ҳозирлик кўрмоқда.

Лекин бу сафар "асосий қурол танклар эмас, балки банклар бўлади", демоқда кузатувчилар.

Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар Россия Қримдан чиқиб кетмаса Москвага қарши иқтисодий санкциялар қўллаши ҳақида огоҳлантирган. Бу ўринда хатто Эронга қарши қўлланилгани каби жазо чоралари ҳақида гап кетмоқда.

АҚШ ва ЕИ дастлабки чоралар сифатида "Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ҳамда мустақиллигига таҳдид қилувчи ҳаракатларга алоқадор" рус ва украин расмийларига нисбатан виза чекловлари ва уларнинг ҳисобларини музлатиш чораларини киритди.

Вашингтон ва Брюссел расмийлари кейинги қадамлар бундан-да қаттиқроқ бўлишини айтмоқда.

Улар Москва Қримни босиб олиш ниятидан қайтмас экан, унга нисбатан иқтисодий санкциялар жорий этилиши ҳақда огоҳлантирмоқда.

Таҳлилчилар Россияга қарши халқаро санкциялар Ғарб учун ҳам қимматга тушиши мумкинлигини назардан соқит қилишмаяпти.

Европа Россия нефти ва газининг асосий ҳаридори ҳисобланади. Айни пайтда газ ва нефт экспортидан тушадиган даромад Россия бюджетининг катта қисмини ҳам ташкил этади.

Бундан ташқари Россиядаги ҳам ҳусусий ҳам давлат тарафидан назорат этиладиган ширкатлар Ғарб банкларига қараб қолган.

“Лондон Россия учун молиявий марказ саналади, - деб сўзида давом этади. Вашингтондаги Петерсон халқаро Иқтисод институти таҳлилчиси Андерс Асланд- Ҳозир Россия глобал молиявий взаият билан узвий боғлиқ. 2008 йилги молиявий бўхрон пайти Россия биржаларида май –октябрь ойлари оралиғида тушиш 80 фоизни ташкил этганини кузатган эдик”.

Bloomberg маълумотларига кўра, Россиядаги ширкатлар 2013 йилда ғарб банкларидан 58 миллиард АҚШ доллари миқдорида қарз олган. 2012 йилда бу рақам 38 миллиард долларни ташкил этган.

Ҳозир Россия ширкатлари Ғарб банклари билан 8 миллиард долларлик кредит олиш учун музокара олиб бормоқда.

“The Moscow Times” нашрига кўра, Украина атрофидаги вазият бу музокараларни чиппакка чиқариб юбориши мумкин.

Халқаро валюта жамғармасига кўра, Ҳолландия, Британиянинг Виржин ороллари, шунингдек, Бермуда, Багама ороллари ва Люксембург Россиядаги етакчи инвесторлар ҳисобланади.

Бу сармоялардан ғарб молия тизимлари йирик даромад кўради. Шу боис манфаатдор давлатлар, жумладан, Британия ва Германия Россияга санкция қўлланилишига йўл қўймайди, деган фикрлар айтилаётганди.

Лекин Вашингтон ва Европа пойтахтларидан келаётган қаттиқ оҳангдаги баёнотлардан Ғарб Россияга санкция қўллаш ниятида қатъий, деган хулосага келиш мумкин.

Ўз навбатида Россия расмийлари ҳар қандай санкцияга қарши жавобий чоралар қўллаши ҳақида огоҳлантирган.

Москванинг имконияти чекланган

Лекин Ғарбга катта миқдорда зарар етказиш даражасида чора қўллашга Москванинг имкониятлари чекланган, демоқда кузатувчилар.

Бу энг аввало дунё энергетика бозоридаги ўзгаришлар билан боғлиқ. Жумладан, АҚШда газ қазиб олиш кўлами сўнгги йилларда кенгайди. Бу эса Европа Россия газисиз ҳам кун кўриши мумкинлигини англатади.

Бундан ташқари Россиянинг жаҳон иқтисодига интеграциялашгани боис Москва учун Европага газни узиб қўйиш ҳам осон эмас.

Чунки Россия бюджетининг асосий қисмини газ экспортидан келадиган даромадлар ташкил этади.

Шу боис таҳлилчилар Қрим Россия учун анча қимматга тушиши, ғарб санкциялари эса президент Путин учун анча оғриқли бўлишини таҳмин қилишмоқда.
XS
SM
MD
LG