Линклар

logo-print

Қримда референдум бўлиб ўтди деб эълон қилинди


Референдум бюллетени.

Референдум бюллетени.

Қрим мухтор республикасининг тан олинмаган бош вазири Сергей Аксёнов ярим орол келгуси мақоми бўйича референдумни бўлиб ўтди, деб эълон қилди. Аксёновга кўра, маҳаллий вақт билан 16.00 гача сайлаш ҳуқуқига эга бўлган қримликларнинг 65 фоизидан кўпи референдумда қатнашиб бўлган. Лекин референдумнинг дастлабки натижалари ҳали маълум қилинмади.

Референдумга “Сиз Қримнинг Россия Федерацияси субъекти ўлароқ Россияга қўшилиши тарафдоримисиз?” ва “Сиз Қрим республикасининг 1992 йилдаги конституцияси тикланиб, Қрим Украинанинг бир бўлаги мақомида бўлиши тарафдоримиз?” каби икки савол олиб чиқилган.

Референдум бюллетенидаги саволлар рус, украин ва қрим татар тилларида ёзилган. Овоз бериш маҳаллий вақт билан 20.00 гача давом этиши айтилган.


Қримнинг россияпараст сайлов комиссияси расмийлари бугун маҳаллий вақт билан 15.00 га қадар сайловчиларнинг 63,97 фоизи референдумда қатнашганини эълон қилди.

Қримнинг россияпараст бош вазири Сергей Аксёнов Симферополда журналистларга бу ҳақда шундай деди:

- Фаоллик анча юқори. Ҳаммаси маромида ўтмоқда. Аминманки, қримликлар қайси мамлакат билан бирга бўлиш ҳақида эркин қарор бериш имконига эга бўлаяптилар, - деди Аксёнов.

Россия оммавий ахборот воситалари ҳам Қримда ўтаётган референдумни мутлақо қонуний эканини урғулашга уринаяпти.

Украина расмийлари Қримдаги референдумни ноқонуний, деб эълон қилган.

Референдум тўғрисида Қримда яшовчи кишиларнинг ҳам фикри бир хил эмас. Кўпчиликни ташкил қилувчи рус миллатига мансуб қримликлар унинг Россияга қўшилишини ёқлаётган бўлса, яриморолда яшовчи қрим татарлари ва украинлар унинг Украина таркибида қолишини истамоқдалар.

Ўн икки йил аввал Ўзбекистондан Қримга кўчиб келган ва ҳозир Украина фуқаролигини олиб, оиласи билан Симферополда яшаётган Ризвон референдумда овоз бермаганини айтди.

- Бу ердаги қрим татарлар референдумда қатнашмаяпти. Чунки, референдумни натижаларини Россия олдиндан ҳал қилиб қўйибди. Биз қатнашамизми, қатнашмаймизми, буни натижасини олдидан ҳал қилиб қўйишган, - дейди Ризвон.

Ризвон ва яна бир симферополлик Наримон билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:



Украина парламенти шанба куни Қрим Олий кенгашини тарқатиб юбориш ҳақидаги қарорни қабул қилди. Украина Қрим Олий кенгашининг референдум ўтказиш қарорини ноқонуний, деб атаган.

Шанба куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг 13 аъзоси Қримдаги референдум нолегитим деб аталган ва халқаро ташкилотларни унинг натижаларини тан олмасликка чақирган резолюция лойиҳасини ёқлаб овоз берди. Россия бу резолюцияга вето қўйди, Хитой овоз беришдан тийилди.



Конституциявий ҳуқуқ бўйича Европа кенгаши экспертлари ҳам 16 март куни Қримда ўтказилажак референдум нолегитим, деган хулосага келганлар.

Венеция комиссияси ўз хулосасини бундай референдум ўтказиш имконияти Украина конституциясида ҳам, Қрим мухтор республикаси конституциясида ҳам кўзда тутилмагани билан изоҳлайди.

Экспертлар бундай референдум ўтказиш учун яратилган шарт-шароит демократик стандартларга жавоб бермаслигини ҳам урғуламоқдалар.

Венеция комиссиясининг расмий хулосаси, маълумотларга кўра, 21-22 март кунлари эълон қилиниши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG