Линклар

logo-print

Украина: Навбат шарқий ва жанубий вилоятларгами?


Россияпараст фаолларнинг Одессадаги намойиши, 2014 йилнинг 16 марти.

Россияпараст фаолларнинг Одессадаги намойиши, 2014 йилнинг 16 марти.

Қримда референдум ўтказилган якшанба куни Украинанинг шарқий ва жанубий ҳудудлари бўйлаб россияпарастлар намойишлар ўтказди. Унда намойишчилар ўзлари яшаётган вилоятларнинг ҳам Россия таркибига қўшилиши учун референдум ўтказилишини талаб қилдилар.


Донецкда беш минг чоғли киши чор-атрофдаги бинолар эшик ва деразаларини синдиришиб, шаҳар бўйлаб юриш қилишди. “Донецк!”, “Қрим!”, “Россия!” дея қичқирган намойишчилар оломони Донецкни ҳам Украинадан таркибидан чиқариш тўғрисида референдум ўтказишга чақиришди.

Россияпарастларнинг Харьковдаги намойиши, 2014 йилнинг 16 марти.

Россияпарастларнинг Харьковдаги намойиши, 2014 йилнинг 16 марти.

Намойишчилар маҳаллий прокуратура биносини ишғол қилиб, Донецкнинг ўзбошимчалик билан сайланган губернатори Павел Губаревни Украина қамоқхонасидан озод қилишни талаб қилишди. Намойиш чоғида улар Украина байроғини йиртиб ташлашди ва Украина хавфсизлик хизмати биносига ҳужум қилишди.

Харьковда ҳам 6 мингга яқин одам референдум ўтказиб, Украинанинг русийзабон минтақаларига суверенитет берилишини талаб қилишди.

Бу ерда россияпараст фаоллар украин миллий маркази биносига бостириб кириб, украин тилидаги китобларни улоқтириб, ёқиб юборишди.

Россияпараст бир неча юз фаолнинг намойиши кеча Одесса шаҳрида ҳам бўлиб ўтди.

Украина расмийлари: “Айирмачилик жазосиз қолмайди”

Украина бош вазири Арсений Яценюк.

Украина бош вазири Арсений Яценюк.

Украина ҳукуматининг якшанба куни Киевда бўлиб ўтган мажлисида Бош вазир Арсений Яценюк айирмачиликни дастаклаб, Украинани парчалаб ташлашга уринаётган кишиларга қаттиқ жазо берилиши билан таҳдид қилди.

- Ҳозир Россия аскарлари паноҳида Украина мустақиллигини йўқ қилишга уринаётган айирмачиларнинг барчаси билсинларки, қанча вақт кетишидан қатъий назар – бир йилми, икки йилми – биз уларни жавобгарликка тортамиз. Адолат қарор топади – биз Украина судлари ва халқаро судларда уларнинг адабини берамиз, - деди бош вазир Яценюк.

Қримда Россияга қўшилиш учун овоз берганлар – 96%

Сўнгги маълумотларга кўра, Қримда референдумга қатнашган аҳолининг қарийб 96 фоизи мухториятнинг Россия таркибига қўшилишини ёқлаб, овоз берган. Бу ҳақда референдумни ўтказиш бўйича комиссия раҳбари Михаил Малишев сайлов участкаларидан келган бюллетенларнинг тўртдан уч қисми санаб бўлинганидан кейин маълум қилди.

Унинг айтишича, сайловчиларнинг 3,5 фоизи Қримнинг Украина таркибида қолиши учун овоз берганлар. Давом эса қарийб 83 фоизни ташкил қилган. Аввалроқ Қримнинг россияпараст бош вазири Сергей Аксёнов референдум бўлиб ўтган, дея эътироф этилганини билдирганди.

Севастополдаги (Қрим мухторияти) сайлов участкаларидан бирида овозларни санаш жараёни, 2014 йилнинг 16 марти.

Севастополдаги (Қрим мухторияти) сайлов участкаларидан бирида овозларни санаш жараёни, 2014 йилнинг 16 марти.

Украина Сайловчилар қўмитасининг Қрим бўлими раиси Андрей Красько Озодликнинг украин хизматига Қримдаги овоз бериш жараёни кўплаб қонунбузарликлар билан ўтганини маълум қилди. Унга кўра, асосий қонунбузарлик одамларни референдум ўтказилган куни сайлов участкасининг ўзида осонлаштирилган тартибда қўшимча рўйхатларга киритилиши бўлган. Эксперт бир участкада овоз берган одамлар кейин бошқа участкада овоз берган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмайди. Красько Россия паспорти билан овоз берилган ҳолатлар ҳам бўлганини, кузатувчилар орасида эса ишониш мумкин бўлган бирор ташкилотдан вакил бўлмаганини маълум қилди.

16 март куни Қримда ўтказилган референдумга “Сиз Қримнинг Россия Федерацияси субъекти ўлароқ Россияга қўшилиши тарафдоримисиз?” ва “Сиз Қрим республикасининг 1992 йилдаги конституцияси тикланиб, Қрим Украинанинг бир бўлаги мақомида бўлиши тарафдоримиз?” каби икки савол олиб чиқилганди.

Расмий Киев, АҚШ ва Европа Иттифоқи раҳбарлари, ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар референдумни аксилконституциявий, деб атаганлар. Россия эса уни легитим, деб ҳисоблайди.

Қрим референдуми натижаларини халқаро жамоатчилик тан оладими?

Британия ташқи ишлар вазири Вильям Ҳейг якшанба кунги референдумни “ҳақиқий демократик процедураларнинг устидан кулиш”, дея баҳолади.

АҚШ президенти Барак Обама (ч) ва Россия президенти Владимир Путин (ў).

АҚШ президенти Барак Обама (ч) ва Россия президенти Владимир Путин (ў).

АҚШ президенти Барак Обама эса Россия президенти Владимир Путин билан якшанба куни ўтказилган телефон суҳбати чоғида Қримдаги референдум ҳеч қачон халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаслигини айтди.

Кремль матбуот хизматининг маълум қилишича, Путин кечаги суҳбат пайтида Обамага Қримдаги референдум қонуний бўлганини айтган ҳамда Украина ҳукумати мамлакатдаги русийзабон аҳолига нисбатан амалга оширилаётган зўравонликни бартараф қилмаётганидан хавотир изҳор қилган.

Душанба куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари 16 март куни Қримда ўтказилган референдумни нолегитим, дея қоралаб, россиялик амалдорларга дохил маблағларни музлатиш ва уларга нисбатан виза чекловлари жорий қилиш-қилмаслик тўғрисида қарор қабул қилиши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG