Линклар

logo-print

Россиянинг Екатеринбург шаҳар суди икки нафар Ўзбекистон фуқаросини фоҳишалик қилганликда гумонлаган юртдошини ўлдиргани учун 15 ва 13 йилга қамоққа ҳукм қилди. Маҳаллий полиция уларга бу аёлни ўлдиришга “буюртма” берган яна икки нафар ўзбекистонлик аёлни қидирувга берди.



Свердловск вилоят суди 24 ва 25 ёшли икки ўзбекистонлик шахсни ўз ҳамюртини вахшийларча ўлдирганликда айбдор деб топиб, 13 йилдан 15 йилга қамоққа ҳукм қилди.

Бу хабарни Озодликка тасдиқлаган Свердловск вилоят суди матбуот маркази раҳбари Екатерина Масленникова жиноятнинг ҳақиқий ташкилотчилари тергов пайтида ғойиб бўлгани ва қидирувга берилганини айтди.

- Жиноятчилардан бирига 13, иккинчисига 15 йил қамоқ жазоси тайинланди. Дастлабки тергов улар билан бирга жиноятни содир этганликда гумонланган яна икки Ўзбекистон фуқароси бўлган аёл гувоҳ сифатида жалб қилинган.

Жиноятчилар изига изқуварлар икки кунда чиққан, аммо шаҳарни тарк этмаслик тилхати олинган бу аёллар қочиб қолган ва ҳозирча қидирувда. Уларнинг иши алоҳида жиноий ишга ажратилди, дейди маҳкама тафсилотларини гапириб берган вилоят суди расмийси Екатерина Масленникова.

Суд вакиласи ўзбекистонликлар Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 126-моддаси 2-қисми (“Одам ўғирлаш”) ва 105-моддаси 2 қисми (“Қотиллик”) асосида судлангани ва 23 мартгача суднинг бу қарори юзасидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканини қўшимча қилди.

Озодлик ўз манбаларига таяниб, жиноятчи деб топилган ўзбекистонлик йигитларнинг фамилияси Жалолов ва Худойбердиев эканини аниқлади.

Свердловск вилояти бўйича Тергов қўмита адлия майори Александр Шульга Озодликка жиноят тафсилотларини гапириб берди. Тергов маълумотларига кўра, шаҳарда фоҳишалик билан шуғулланиб келган бир ўзбекистонлик аёл ўзининг икки “ҳамкасби” билан жанжаллашиб қолган.

- Бу аёл урушиб қолган касбдошларига Ўзбекистонга бориб улар Екатеринбургда нима ишлар билан шуғулланаётганини ота-онасига айтиб бериш билан таҳдид қилган. Фош этилишдан қўрқиб қолган “тунгги капалаклар” икки нафар мижозидан бу аёлни таъзирини бериб қўйишни сўраган, деди вилоят тергов қўмитаси расмийси.

2013 йилнинг 1 февралига ўтар кечаси 1988 ва 1989 йилда туғилган Ўзбекистон фуқаролари тергов томонидан қидирувга берилган яна иккита аёл билан бирга Екатеринбург шаҳар Уралмаш мавзесидаги Ломоносов кўчасидаги квартирасидан бу аёлни судраб чиқиб, мажбуран “ДЭУ-Нексия”машинасига ўткизган.

Жиноятчилар тергов томонидан шахси ошкор этилмаётган аёлнинг қўл-оёғини скотч билан боғлаб, шаҳар четидаги ўрмонга олиб борган, қаттиқ калтаклаган, сочини қириб ташлаган. Ниҳоят, жиноятга жалб қилинган Жалолов ва Худойбердиевлар пичоқ билан қизнинг калласини танасидан жудо қилган.

Ўлдирилган ўзбекистонлик аёлнинг мурдаси 2013 йилнинг 3 февралида маҳаллий фуқаролар томонидан тасодифан топилганини билдиришди Свердловск вилоят Тергов қўмитасида.

Жиноятни “заказ” қилган “тунгги капалаклар” терговчиларга қизни ўлдириш ниятида бўлмагани, уни фақат қўрқитиб қўйишни сўраганларини айтган, бироқ тергов давомида бир неча бор ўз кўрсатмаларини ўзгартирган. Аммо, вазият чигаллашиб бораётганини сезган фоҳишалар жуфтакни ростлаб қолган ва ҳозирда халқаро қидирувга берилган.

Бевосита қотилликни содир этган 25 ёшли Худойбердиев 15 йилга, унинг 24 ёшли шериги Жалолов 13 йилга қаттиқ режимли колонияда жазо ўташга жўнатилиши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG