Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:45

Воҳадан Тошкентга автобус қатнови 24 мартгача тўхтатилди


Ўзбекистоннинг Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикасидан Тошкент шаҳрига қатновчи жамоат транспортлари ҳаракати 24 мартга қадар тўхтатилди. Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлигининг ҳудудий бўлимларидан олинган маълумотга кўра, Тошкентда Наврўз байрамини қутлашга ҳозирлик доирасида 14 мартданоқ йўловчиларнинг пойтахтга йўли тўсилган.



Бухоро, Самарқанд ва Нукус шаҳарлари автовокзаллари маъмуриятлари 14 мартдан 24 мартга қадар пойтахтга қатновчи давлатга қарашли ҳамда хусусий автобус, микроавтобус ва маршрут таксилари ҳаракати тўхтатилганини маълум қилди.

Тилга олинган идоралардан олинган маълумотга кўра, жамоат транспорти қатнови 21 март - Наврўз байрамига бағишлаб Тошкентда ўтадиган расмий байрам тадбирига тайёргарлик доирасида тўхтатилган.

- Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори билан автобус, микроавтобуслар тўхтаган. Давлат автобуслари, частний автобуслар ҳаммасининг қатнови тўхтаган. Ҳар йили байрам арафасида ёпади ўзи. Бу йил сал эртароқ ёпди,- деди Бухоро шаҳридаги автовокзал маъмурияти вакили.

Нукус шаҳридаги автовокзал маъмурияти ҳам айни маълумотни тасдиқлар экан, пойтахтга иши тушиб уларга мурожаат қилаётган йўловчиларга бераётган тавсиясини қўшимча қилди.

- Бизда Самарқандгача автобуслар қўйилган. Самарқандга боргандан кейин хусусий таксиларга ўтириб, Тошкентга етиб олиш мумкин. Ҳозир коммерсантлар шунақа қилаяпти. Бошқа йўли йўқ энди байрам ўтгунча, - деди Нукус автовокзали маъмуриятининг вакили.

Шу вилоятдан Тошкентга қатнаб, савдо қилувчи ғиждувонлик савдогар Саодат опанинг айтишича, кейинги пайтларда пойтахтга қатновчи хусусий жамоат траснпортлари қатнови тез-тез тўхтатилмоқда.

- Яқинда 8 мартга деб 3-4 кун тўхтаган эди. Энди Наврўз байрами баҳона яна тўхтаяпти. Одамлар шу Nexia (хусусий такси - Таҳр.) ёки поездга ўтирадида энди, - деди ғиждувонлик тужжор аёл.

Ҳозир Ўзбекистоннинг жанубий вилоятлари аҳолисини пойтахтга олиб борувчи энг арзон жамоат транспорти воситаси хусусий тартибда қатнаётган автобус ва микроавтобуслар бўлиб қолмоқда. Вилоятлар ўртасида қатновчи автобус ва микровтобуслар, асосан Нукус-Хива-Бухоро-Самарқанд-Жиззах-Тошкент йўналишида қатнамоқда.

- Мисол учун, Бухоро шаҳридан автобусда 35 минг, қаттиқ илтимос қилсангиз 30 минг сўмга Тошкентга етиб олиш мумкин. Поездда эса плацкартга билетлар 42 минг сўм, купега эса 62 минг сўмга тушади, у ҳам Қизилтепадан чиқсангиз. Таксилар эса 65-80 минг сўмгача, қиммат. Шу бева бечора, пенсия, пособияга куни қолган халқ энди автобусда қатнайдида, - дейди Саодат опа.

Фарғона водийси аҳлини пойтахтга ташувчи транспорт воситаси эса, асосан хусусий тартибда қатнаётган енгил автомобиллардан иборат. Наврўз байрами арафасида бундай таксилар фаолияти ҳам чекланиши кузатилади.

Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлигидан олинган маълумотга кўра, ҳозир республиканинг турли вилоятларини пойтхатга боғлаётган жамоат транспорти секторининг 98,1 фоизи хусусий тартибда ишлаётган тадбиркорларга берилган.

Расмий манбаларда республика бўйича йўлга қўйилган 63 та шаҳарлараро-вилоятлар ичидаги йўналишлар ва 47 та шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишларни жойлаштириш бўйича ҳар 6 ойида очиқ тендерлар ўтказиб борилиши айтилади.

Ана шундай тендерлар воситасида Бухородан Тошкентга хусусий автобусда одам ташиш ҳуқуқини қўлга киритган бухоролик тадбиркорлардан бири Озодликка ёзган мактубида ҳар байрамда йўллар тўсилиши боис "хусусий автобусларда пойтахтга қатнаб тирикчилик қилаётган юзлаб ҳайдовчию уларинг кўмакчилари ишсиз қолаётганидан" нолиди.

ЎзА агентлиги эса 21 март куни нишонланадиган Наврўз байрами арафасида пойтахт Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида хавфсизлик чоралари кучайтирилганини маълум қилмоқда.

Бу эса нафақат пойтахтга кираётган жамоат ва хусусий автотранспорт воситалари қатновини чеклаш ва қўшимча текшриш, балки шаҳар ичида ҳам милиция ходимлари ўткзаётган рейдларни кўпайтириш кўринишида акс этмоқда.

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ўктам Раҳматов ЎзА агентлигига берган интервьюсида байрам арафасидаги кенг кўламли “Тозалаш” тадбирларини “ёшларни турли салбий таъсирлардан асраш”, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг юзага келишига йўл қўймаслик мақсади билан изоҳлади.

Тошкентда асосий байрам тадбирлари 21 март куни Алишер Навоий боғида бўлиши ва тантаналарда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қатнашиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG