Линклар

logo-print

Қрим мустақиллик, АҚШ ва Европа эса санкция эълон қилди


Халқаро ҳамжамият якшанба кунги референдумни Қримнинг Россия томонридан зўравонлик билан босиб олиниши дея баҳоламоқда.

Халқаро ҳамжамият якшанба кунги референдумни Қримнинг Россия томонридан зўравонлик билан босиб олиниши дея баҳоламоқда.

Украинанинг Қрим Мухтор минтақаси мустақиллик эълон қилиб, Россия Федерациясига қўшилиш учун расман ариза берди. Айни пайтда, АҚШ Европа Иттифоқи референдум натижасида Қримни Украинадан аннексия қилишга тараддуд кўраётган Россия ҳукумати амалдорларига нисбатан душанба куни санкциялар жорий қилди.



Қрим мухтор минтақаси пармламентида душанба куни ўтказилган овоз беришда 100 депутатдан 85 нафари қатнашди. Овоз берганлар Қримни мустақил деб эълон қилиш ва Россияга қўшилиш учун расман мурожаат қилиш қарорини маъқуллади.

Мазкур қарорда шунингдек, Украинага қарашли давлат мулкининг барчаси национализация қилиниши ҳам маъқулланди.

Қрим парламенти аъзолари БМТ ва бошқа мамлакатлардан янги мустақил давлатни тан олишни сўрашди. Қрим парламенти делегацияси бундан кейинги қадамларни муҳокама қилгани Москвага жўнаб кетди.

Парламент қарори якшанба кунги референдумда қатнашган қримлик сайловчиларнинг 96,8 фоизи Украинадан ажралиб чиқиш учун овоз бериши ортидан қабул қилинди.

Қрим парламенти шунингдек, Украина гривнаси билан биргаликда, иккинчи валюта сифатида, Россия рублини ҳам муомалага киритишни маъқуллади. Мазкур қарорга кўра, украин валютаси Қрим ҳудудида 2016 йилнинг 1 январига қадар амал қилади.

Қрим парламенти раиси Владимир Константиновнинг минтақадаги Украина ҳарбий қисмлари тарқатиб юборилади, деган сўзларидан иқтибос келтирилмоқда.

Қрим Бош вазири Сергей Аксёнов 30 март куни минтақадаги соатлар Москва вақтига ўтказилишини эълон қилди.

Референдум Украина ҳукумати ва ғарб давлатлари томонидан ноқонуний дея рад қилинди. Украина Олий радаси референдумдан бир кун аввал Қрим парламентини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.

Россия Давлат думаси раисининг ўринбосари мамлакат парламенти "яқин келажакда" Қримни Россияга қўшиш масаласини кўриб чиқади, дея билдирди.

Душанба куни АҚШ Президенти Барак Обама Қримни босиб олган Россия ҳукуматининг етти амалдори, жумладан президент Владимир Путинга яқин бўлган икик расмийга нисбатан молиявий активларни музлатишга доир санкциялар жорий қилинганини эълон қилди.

Душанба куни Европа Иттифоқи ҳам Қримнинг босиб олиниши ва рефрендум ўтказилиши учун масъул Россия ва Украинадан бўлган 21 нафар амалдорга нисбатан санкция жорий қилди.

Брюсселда душанба куни ўтказилган уч соатлик мажлисдан кейин қабул қилинган санкцияларга виза чеклови ва молиявий активларнинг музлатилишига доир жазо чоралари киради.

Литва Ташқи ишлар вазири Линан Линкевичус ўз Twitter саҳифасида яқин кунлар ичида қўшимча санкциялар киритилишини маълум қилди.

Кузатувчиларнинг тахмин қилишларича, Европа санкциялари Россия Президенти Владимир Путинга яқин бўлган нуфузли амалдорларга ҳам жорий қилиниши мумкин.

ЕИ Ташқи сиёсат бўйича олий комиссари Кэтрин Эштон душанба куни қилган чиқишида Европа санкцияларни жорий қилишда Россияга “иложи борича қаттиқроқ сигнал” жўнатиши керак, дея баён қилди.

Польша Ташқи ишлар вазири Радослав Сикорски, Қримда ўтказилган референдумни Украинага қарашли яриморолнинг Россия томонидан зўравонлик билан тортиб олиниши дея атади.

- Биз Қримнинг “аншлюс” қилинишига гувоҳ бўлиб турибмиз ва бу халқаро ҳамжамият томонидан жавобсиз қолдирилмаслиги керак. Референдум конституцияга зид бўлди, ноқонуний бўлди ва Қримнинг танлови халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмайди. Шу сабабдан ЕИ айтган сўзи устидан чиқади, деди Польша вазири.

Россия Қримда ўтказилган референдум халқаро қонунларга мос тарзда ўтказилганини иддао қилишда давом этмоқда.

Кремль матбуот хизматининг маълум қилишича, Россия Президенти Владимир Путин сешанба куни, Тошкент вақти билан соат 16.00да, парламент ялпи сессиясида чиқиш қилиб, Қримни Россия таркибига қабул қилиш масаласи ҳақида гапиради.

Россия парламентининг нуфузли вакаиллари Қримнинг аннексия қилиниши вақт масаласи эканини айтмоқда.

Айни пайтда, Украина парламенти душанба куни заҳирадаги 40 минг кишини сафарбар қилиш тўғрисидаги президент қарорини маъқуллади.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Андрий Парубий парламент олдида қилган чиқишида сафарбар қилинган заҳирачиларнинг 20 минг нафари қуролли кучлар сафига ташланиши, иккинчи ярми эса янги тузилаётган Миллий гвардияга жалб қилинишини маълум қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG