Линклар

Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида ҳар бир хонадондан 17 минг сўмдан пул йиғилаётганидан Озодликка шикоят тушди. Шикоят ортидан аниқланишича, бу аҳолига берилмаётган табиий газ учун йилда бир бора ундириладиган мажбурий тўловлардан яна биридир. Иштихон туман газ идораси ва Ёнғин хавфсизлиги хизматига кўра, бу маблағ кўнгилли ўт ўчирувчилар жамияти томонидан йиғилади.



Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидан боғланган тингловчи Жаҳонгир Турдиев туман газ идораси, Ёнғин хафсизлиги хизмати ва ҳокимият вакилларидан иборат гуруҳ ҳар бир хонадондан 17 минг сўмдан маблағ талаб қилаётгани ҳақида хабар қилди.

- Ким бўлса ҳам 17 минг тўлаши керак экан мажбуран. Туман ҳокими шунақа буйруқ чиқарибди. Маҳалла, газ назоратчилари уйма-уй кириб юрибди. Ҳамма қишлоқларда. Болаларига нафақа оладиганлар, пенсионерлар, ўқитувчилар, дўхтирлар ойлигидан ушлаб қолинади, улардан биров сўраб ҳам ўтирмайрди. Ҳалиги ишламайдиганлардан эса уйма-уй нақд пул йиғиб юрибди мажбуран, - деди Жаҳонгир Турдиев.

Унинг айтишича, ювош-юмшоқ аҳолининг аксари тўловни тўламоқда. Аммо жанжал қилиб, йўқ газ учун ундирилаётган бу йиғимнинг аслини суриштирганлардан бу тўлов ундирилмаяпти.

- Мен тўламадим. "Йўқ газ учун қанақа тўлов бу, устингиздан тегишли жойга ёзвораман!" деган эдим кетди ҳаммаси. Шу бўйи келмади. Лекин, основной оми халқ индамай тўлаяпти. Давлатдан ойлик олаётганларнинг ведемостидан эса сўраб ўтирмай олиб қолаяпти. Мен оддий халққа ачинаяпман, пул топиш осонмас ҳозир,- деди Озодлик билан суҳбатда кўп йиллар давомида юқори лавозимларда ишлаб келгани, ҳозир эса пенсияда эканини айтган иштихонлик кекса тингловчи.

Иштихонликлардан стандарт равишда 17 минг сўмлик тўлов ундирилиши фактини тасдиқлаган "Иштихонтумангаз" идораси телефон гўшагини кўтарган ходим мажбурий тўловнинг бу корхонага алоқаси йўқлигини айтди.

- Бизда бунақа тўлов йўқ. Лекин, Митан қишлоғида жойлашган "Жасорат" кўнгилли ўт ўчирувчилар жамияти бор. Улар ҳар йили баҳорда ҳокимият ва пожарный служба билан проверка ўтказади. Шу газга уланган печ, газ плита, дымоходларни текшириб, соз-носозлиги ҳақида справка беради. Шу справкага ундирилади бу 17 минг сўм. Бу мажбурий. Лекин, биз райгазга бунинг алоқаси йўқ, - деди "Иштихонтумангаз" идорасининг ўзини таништирмаган ходими.

Иштихон тумани Ёнғин хавфсизлиги бўлими навбатчисидан олинган маълумотга кўра, қарийб 214 минг аҳолиси бўлган тумандаги ҳар бир хонадондан йилда бир бора ундириладиган бу мажбурий тўлов кўнгилли ўт ўчирувчиларни жамлаган жамият ҳисобига ундирилишини тасдиқлади.

- Бу жамиятни ДПО (Добровольное пожарное общество - Таҳр.) дейишади. Улар хизмат кўрсатади ва шунга ҳақ олади. Улар аҳоли уйлари ва ташкилотлардаги ёнғин хавфсизлигига жавобгар. Масалан, кимдир қўшимча печка ўрнатса, шу жамиятдан рухсат олиш керак. Энди улар ҳар йили бир марта текшириш ўтказиб чиқади, шунга 17 минг тўланади, бу мажбурий,- деди Ёнғин хавфсизлиги бўлими навбатчиси.

Иштихон тумани ҳокимлигига қарашли мутасадди ташкилотлардан бирининг расмийси уйига борган кўнгилли ўт ўчирувчилар жамияти сўраган суммани бермаганини тан олди.

- Мен ҳар доим айтаман уларга: "Қайси кўрсатган хизматингга тўлайман бу пулни?" деб. Тўғрида, келади-бир қарайди: "Бизда шунақа положено, тўлашингиз керак!" дейди. Ўзи жамият улар, уларга шунақа ҳақ берилганда, яхши бизнес бу, - деди Иштихондаги маҳаллий ҳокимликка қарашли идоралардан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутасаддиси.

Унинг қўшимча қилишича, йилда бир марта аҳолидан пул ундириб олиш ҳаққига эга бўлган бу жамиятнинг вилоятдаги ҳар бир туманда филиали бор ва улар бу тўловни имкон қадар нақд пул кўринишида ундиришга ҳаракат қилади.

Ўзбекистонда 2009 йилда қабул қилинган "Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида"ги қонунга мувофиқ мамлакатдаги ёнғиндан сақлаш хизмати давлат, идоравий ва кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизматларига бўлинган.

Мавжуд қонунчиликка биноан кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати - кўнгилли ўт ўчирувчилар дружина ва жамиятлари молиявий таъминоти уларни ташкил қилган муассислар зиммасига юкланган.

Иштихон туманидаги кўнгилли ўт ўчирувчилар жамиятининг хонадонлардан мажбурий тартибда маблағ йиғиб олаётганига оид маълумотларга эса вазиятни назорат қилиш мажбуриятига эга туман ҳокимлигининг ўзидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG