Линклар

Алишер Усмонов АҚШдаги акцияларини сотиб, Хитойдан акция олмоқда


Россиянинг энг бой миллиардер бизнесмени ҳисобланган Алишер Усмонов АҚШдаги икки молиявий гигант - Apple ва Facebook ширкатларига оид акцияларини сотди.

Бу ҳақда Bloomberg агентлигига сўзлаган USM Advisors ширкати раҳбари Иван Стрешинскийга кўра, Усмонов эндиликда Хитойдаги интернет-савдо ва янги технологиялар билан ишловчи ширкатларга пулини тикмоқда.

Forbes журнали тахминича, асли ўзбекистонлик тадбиркор Усмоновнинг бойлиги 18 миллиард 600 миллион АҚШ долларига етган. Bloomberg Markets журнали маълумотларига кўра эса 60 ёшли Алишер Усмоновнинг бойлиги 20 миллиард АҚШ долларига тенгдир.

Айни пайтда бу миллиардер ўз активларини Россиянинг яна икки пулдори - Андрей Скоч ва Фарҳод Моширийлар билан бирга USM Holdings Ltd. ширкатида жамлаган.

Ушбу ширкат активлари бошқаруви билан шуғулланаётган USM Advisors раҳбари Иван Стрешинскийга кўра, Усмонов Apple ширкатининг тахминан 100 миллион АҚШ доллари микдоридаги акцияларини сотиб олган эди.

Шунингдек, Усмонов бизнес ҳамкори Юрий Мильнер билан бирга умумий капитали 105 миллиард АҚШ доллари деб баҳоланган Facebook ижтимоий тармоғи акцияларининг 10 фоизини ҳам харид қилган эди.

Иван Срешинский эндиликда Усмоновнинг бизнес қизиқишлари Хитойга йўналгани ва бу давлатдаги йирик интернет-савдо ширкатлари - Alibaba, JD.com ва шу каби йирик ширкатларига пул тикмоқда.

Жаҳон бойлари орасида 34-ўринда турувчи, Россияда эса энг бой одам ҳисобланувчи Алишер Усмонов ўзининг 17,6 миллиард долларлик мулкини асосан металл савдосидан топгани айтилади. Ишбилармонннинг кейинги миллиардлари эса телекоммуникация, медиа ва технологиялар соҳасидан келмоқда.

2009 йилда Усмоновга тегишли бўлган DST жамғармаси Facebook акциялари олди-соттиси ортидан қарийб 1,5 миллиард доллар фойда кўрган.

Айни пайтда Алишер Усмонов Интернетдаги Mail.ru портали, “вКонтакте” ижтимоий тармоғи ва Мегафон уяли алоқа ширкатлари акцияларига ҳамда Лондоннинг Arsenal футбол клубида ўз улушига эга.

1953 йилда Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида прокурор оиласида туғилган Алишер Усмонов 1976 йилда Москвадаги Халқаро муносабатлар давлат институтини тамомлаган.

Россия президенти Владимир Путин ўтган йилнинг 6 июлида Алишер Усмоновни “давлат олдидаги катта хизматлари, жамоат ва хайрия ишларидаги фаоллиги учун” ордени билан тақдирлаган.

“Меҳнат фаолиятида эришган ютуқлари ва кўп йиллик ҳалол меҳнати учун” 2004 йилда ҳам Алишер Усмоновга “Ҳурмат белгиси” ордени берилган эди.

2011 йилда Қозоғистон ҳукумати келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Алишер Усмоновни “Дўстлик” ордени билан Жанубий Осетия ҳукумати эса “Ҳурмат белгиси” ордени билан тақдирлаган.
XS
SM
MD
LG