Линклар

Қашқадарё вилоят ҳарбий прокуратураси 3 февраль куни Қарши шаҳридаги металлолом қабул қиладиган корхонада тўрт киши ўлимига сабаб бўлган портлаш юзасидан тергов олиб бормоқда. Ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, воқеа металлоломга топширилган ҳарбий ускуна портлаши натижасида келиб чиққан.


18 март куни Озодликка ўтган ойда Қашқадарё вилоят ҳокимлигига қарашли “Иккиламчи қора металлар” корхонасида портлаш содир бўлгани ва 4 киши ўлгани ҳақидаги хабар келди.

“Портлаш натижасида Қарши тумани Кўчкай қишлоғида яшовчи уч киши ва Қарши шаҳри яқинидаги Механизатор посёлкасидан яна бир киши ҳалок бўлган. Кўчкайдан ўлганлар орасида Шерали ва Нодир деган йигитлар бор. Биттасининг учта боласи, яна биттасининг иккита боласи бор эди”, деди Озодликка хабар бериб, исмини очиқламасликни сўраган қаршилик манба.

Қарши ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага кўра, ҳозир “Иккиламчи қора металлар” корхонасидаги воқеа бўйича тергов Қашқадарё вилоят ҳарбий прокуратурасига ўтказилган.

"Портлашга ҳарбий ускуна сабаб бўлгани учун тергов ҳарбий прокуратурага ўтказилди. Бу ҳарбий ускуна металлолом сифатида топширилган бўлган",- деди исмини очиқламаётганимиз манба.

Манба ҳарбий ускуна қайси ташкилот томонидан металлоломга топширилганини очиқламади.

Шунингдек, у портлаш натижасида ҳалок бўлганлар “Иккиламчи қора металлар” корхонаси ишчилари эканини айтиб, улар сонини аниқлаштирмади.

Қарши ҳуқуқ-тартибот идорасидаги манбага кўра, воқеа ишчилар корхонага топширилган металлоломларни текшираётган пайти содир бўлган.

Қашқадарё вилоят ёнғинга қарши кураш бошқармасидан олинган маълумотга кўра, “Иккиламчи қора металлар” корхонасидаги портлаш натижасида ёнғин келиб чиқмаган.

Қашқадарё вилоят ҳокимлигининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, ҳозирча металлоломга топширилган ҳарбий ускуна билан боғлиқ икки тахмин илгари сурилаяпти:

"Биринчиси, мактаб ўқувчилари бирор ҳарбий қисмдан ҳарбий ускунани ўғирлаб, металлоломга топширган. Иккинчиси, бирор ҳарбий қисм яроқсиз деб металлоломга топширган ҳарбий ускуна зарарсизлантирилмаган бўлган",- деди ҳокимлик ходими.

“Иккиламчи қора металлар” корхоналари мамлакатдаги барча вилоят ҳокимликлари қошида ташкил қилинган бўлиб, вилоят идора ва ташкилотларидан йиғилган металлоломларнинг барчаси шу корхоналарга топширилади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг металлолом жамғариш ҳақида махсус қарорида металлолом йиғиш масъулияти, асосан, мактаб-коллежлар ўқитувчию ўқувчилари, тиббиёт муассасаларининг шифокору ҳамширалари зиммасига юкланган.
XS
SM
MD
LG