Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:24

Қашқадарёлик пенсионерлар вақти нақд пул кутиб ўтмоқда


"Ипотека банк"нинг Қашқадарё филиали олдида пенсионерларнинг вақти ҳар куни нақд пул кутиб, навбат пойлаб ўтаётгани тўғрисида Озодликнинг норасмий манбасидан олинган хабарни тилга олинган молиявий муассаса вакили тасдиқлади. Банк вакилига кўра, фуқаролар қўлидаги пластик карталарга ўтказилган маблағни нақдлаш учун нақд пул етарли эмас.

Озодликнинг норасмий манбаси “Ипотека банк”нинг Қарши шаҳридаги филиали олдида туширган суратларда тилга олинган банк, унинг ҳовлисида навбат кутиб турган ёши улуғ эркак ва аёллар акс этган.

Манба фотосуратларга мана бу матнни илова қилган:

“Пластикка тушган пулни нақд пулга айлантириб олиш учун КУТИШАЯПТИ. Кассада кўпроқ пул бўлса, 100% нақд қилиб олишади, пул камроқ бўлса, ҳеч бўлмаса 50% ини нақд қилиб олишлари мумкин. Авваллариям (пластик деган нарса йўқлигида) кутишган. Ҳозир ҳам кимга нақд пул керак бўлса, КУТАДИ”,
деб ёзди Озодлик манбаси.


"Нақд пул йўқ"

“Ипотека банк”нинг Қарши шаҳридаги филиали вакилининг айтишича, нақд пул кутаётганлар пенсионерлардир.

- Пенсионерлар навбатда туришибди. Нақд пул етишмаяпти. Нақд пул олишни хоҳлашади ҳаммаси. Пластикдаги пулини нақд пул қилишмоқчи, деди ўзини таништиришни ва бошқа саволларимизга жавоб беришни истамаган банк ходими.

“Ипотека банк”нинг Тошкентдаги бош идораси ходими ҳам вазиятни нақд пул етишмаётгани билан изоҳлади.


Эскиришга улгурган гаплар такрори


Биз бир неча қашқадарёлик билан гаплашдик. Улар шу мавзуда бундан олдин айтилган гапларни яна такрорлади:

- пластик карточкадаги пулни ишлатиш учун ҳамма жойда ҳам терминал мавжуд эмас;

- магазинларда товарлар нақд пулга олинса 5 – 10 фоизга арзонроқ тушади.


Фойдани воситачилар кўрмоқда


Натижада пенсияси ёки иш ҳақи пластик карталарга тушириладиганлар банкларда нақд пул тақчил бўлган шароитда насясини нақд қилиш учун банклар олдидан жилмайдиган учарлар ёки магазинчилар хизматидан фойдаланмоқда.


Милиция ходимлари ойликни нақд олади

Ўзбекистондаги йирик банклардан бирининг етакчи мутахассисидан вазиятни шарҳлаб беришни илтимос қилдик. Исмини айтмаслигимиз ва овозини эшиттирмаслигимиз шарти билан саволларимизга жавоб берган мутахассис бундай деди:

- Аксарият корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари маошлари 100% карточкага ўтказилмоқда. Айни пайтда ойликни нақд пулда оладиган қатламлар мавжуд. Ҳуқуқ-тартибот органлари (милиция, МХХ) ҳамда Мудофаа вазирлиги ходимлари нақд олади. Булардан ташқари пенсионерларнинг бир қисми ҳам нақд олиши мумкин, деди мутахассис.

Қашқадарёлик II гуруҳ ногирони Аҳмаджон ака пенсиясини нақд оладиганлардан.

- Нафақам озлиги сабабли нақд беринглар, деб талаб қилганман.

- Нақд оладиганлар кўпми?

- Аксарияти пластикка олади.

- Қанча пенсия оласиз?

- (Кулади) Оз. 191 минг сўм оламан, деди қашқадарёлик пенсионер.



Марказий банк эмиссиядан қўрқмоқда


Банк ходими нақд пул тақчиллиги сабабалари тўғрисида гапирар экан, бундай деди:

- Банкдан ташқари нақд пул айланмаси ҳажми катта. Тақчиллик сабаби шунда ва шунинг учун банклар нақд пул етказиб беролмаяпти.

- Бас, шундай экан, нима учун давлат қўшимча эмиссия қилмаяпти?

- Агар эмиссия қиладиган бўлса, яъни муомалага қўшимча нақд пул ташласа, инфляция суръати кескин ортиб кетишидан қўрқади ҳукумат. Марказий банк инфляцияни жиловлаб туриш учун нақд пулсиз ҳисоб-китоб йўлини танлаган. Нақд пул тақчиллиги сабаби шундан
, деди банк мутахассиси.
XS
SM
MD
LG