Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:50

Тошкент бозорларига кўк оралади


Тошкентдаги Чорсу бозори.
Тошкентдаги Чорсу бозори.

Пойтахтдаги турли деҳқон бозорлари расталари эрта баҳорги мавсумий маҳсулотлар — кўкатлар, ош кўк ва дала ёввойи маҳсулотлари билан тўлиб-тошди.


Шу кунда янги исмалоқнинг бир боғини 1500-2000 сўмгача, укроп ва кашничнинг 5 боғламини 1000 сўмгача харид қилса бўлади. Баҳорги витамин танқислиги даврида бозор пештахталарига чиққан сумалакнинг бир пиёласи (200 грамм атрофида - таҳр.) атиги 1000 сўм, қўзқориннинг килоси - навига қараб 5000 сўмгача.

- Сельдернинг боғи қишда ҳам 500 сўм эди, ҳозир ҳам шу нархда. Жамбил ва райҳоннинг нархи негадир қиммат, улар тўлиқ чиққани йўқ-да. Жағ-жағ бу йил кўп бўладиганга ўхшайди. Бозорга бу маҳсулотлар ҳозирча Тошкент вилоятидан келяпти, - дейди Авиасозлар деҳқон бозори сотувчиси Ҳамида ая.

Ҳукумат томонидан бозор учун ўзига хос рақобат сифатида ташкил қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари, махсус расталар бирмунча сифатсиз маҳсулотлар билан тўла. Масалан, Чорсу деҳқон бозоридаги шундай расталардан бирининг сотувчиси ўз маҳсулотига харидор йўқлигидан пашша қўриб ўтирибди. “Бунга барибир-да, патта тўламаса, олдига қўйилган чирик картошкани сотса-сотмаса, ойлигини олади”, дейди ёндош расталардан биридаги шумгина сотувчи жувон.

- Картишка тортиляпти (камаймоқда маъносида – таҳр.), баҳорги картишка чиққунча бу кетишда унинг нархи 3000 сўмга чиқади. Бир қоп олиб қўйинг. Бунинг устига қиш совуқ келиб, картишка экиш кечикиб кетди. Картишка ёзга бориб тиллага тенг бўлади, - деди мобиль мухбиримизга “Қўйлиқ” деҳқон бозори сотувчиси Азиза.

Ҳозирги кунда эса Санта навли силлиққина оқ картошканинг килоси 1700 сўмгача, оддий жайдари қизил картошка эса, сифатига қараб, 1900 сўмгача бор.

- Тошкент вилоятининг Пскент, Қуйи Чирчиқ туманларида деҳқонлар бу йил пиёз ва карамни кўп экишган. Ҳозир бозорда килоси 600-700 сўмгача бўлган карамга кейинроқ биров қарамай қўйса керак. Пиёз ҳам ҳозирча 800 сўмдан тушмай турибди, кўпайса, у ҳам сув текин бўлади. “Украина воқеалари туфайли Россия билан отношенияларимиз яхшиланади”, дейишяпти. Агар маҳсулотларимиз Россия бозорига чиқса, деҳқонларимизнинг сочидан олдин косаси оқарган бўларди, - дейди Миробод деҳқон бозорида ул-бул харид қилаётган зиёлинамо киши.

Мобиль мухбирларимизга кўра, шу кунда гўшт расталари хўжайинлари, қассобларнинг дамига зоғора пишади. Ёғлиқ қўй гўштини “тақволи”, “уйланмаган қўчқорнинг думбаси” дея 27 000-28 000 сўмгача пуллаётган ёшлар олдидан ўтиб, ўзини босиб олган қассоблар олидига борсангиз: “Семиз қўй-мол йўқ, ука. Жиззахда қутуриш бор эмиш, Қашқадарёда эса ҳар йилгидан туёқ сони кам. Шунинг учун баъзан қўйларни 24 000 сўмгача сўйяпмиз. Буқаларни эса 22 мингдан йиқитган кунларимиз ҳам бўлди”, дейди.

“Хайриятки, бозорларимизда цитрус мевалар, тропик маҳсулотлар нархларининг бироз олди қайтди. Ўз вақтида килоси 12 000 сўмгача сотилган банан ҳатто супермаркетда ҳам 6000 сўмгача тушиб қолди. Мандарин ва апельсинни 4000 сўмдан ҳам харид қилса бўлади”, дейди пойтахт бозорларини ўрганган мобиль мухбиримиз.

Тошкент шаҳар Деҳқон бозорларидаги айрим маҳсулотларнинг 18-19 март кунларидаги нархи билан қуйидаги жадвал орқали танишиш мумкин:

Маҳсулот номи Қўйлиқ Миробод Эски жўва Олой Авиасозлар
Қўй гўшти 25000 сўмгача 27000 сўмгача 26000 сўмгача 28000 сўмгача 25000 сўмгача
Оби нон 1000 сўмгача 1200 сўмгача 1000 сўмгача 1500 сўмгача 1000 сўмгача
Ўсимлик ёғи (Олмос) 5200 сўмгача 5500 сўмгача 5200 сўмгача 5600 сўмгача 5200 сўмгача
Шакар 2900 сўмгача 3200 сўмгача 3000 сўмгача 3500 сўмгача 3000 сўмгача
Гуруч (аланга) 3500 сўмгача 3800 сўмгача 3600 сўмгача 4000 сўмгача 3500 сўмгача
Пишлоқ (Шаҳрисабз) 12 000 сўмгача 16 000 сўмгача 13 000 сўмгача - 14 000 сўмгача
Буғдой 900 сўмгача - 1000 сўмгача - -
Сут-қатиқ (1 литр) 2000 сўмгача 2200 сўмгача 2000 сўмгача 2500 сўмгача 2200 сўмгача

XS
SM
MD
LG