Линклар

Молдова ҳудудидаги Приднестровье ҳукумати Россияга қўшилиш истагини билдирди


Қрим ортидан Россия таркибига Приднестровье ўлкаси қўшилиш истагини билдирди. Молдавиянинг яна бир мухтор минтақаси – Гагаузия ўзининг мустақил армиясини тузиши тўғрисида эълон қилди. Кузатувчилар Қримнинг Россияга қўшилиши мустақилликка интилаётган бошқа мухторият ва минтақалар қўзғалишига олиб келганини гапирмоқда.

Қрим ортидан Россия таркибига Днестрбўйи (Приднестровье) ўлкаси қўшилиш истагини билдирди. Молдованинг яна бир мухтор минтақаси – Гагаузия ўзининг мустақил армиясини тузиши тўғрисида эълон қилди. Кузатувчилар Қримнинг Россияга қўшилиши мустақилликка интилаётган бошқа мухторият ва минтақалар қўзғалишига олиб келганини гапирмоқда.

Европанинг жануби-шарқида жойлашган Приднестровье-Молдова республикаси Олий Кенгаши раиси Михаил Бурла Россия Давлат Думаси раиси Сергей Наришкинга "ўз халқи номидан" мурожаатнома юборди. Унда парламент раиси Приднестровьени ҳам Россия таркибига қўшиб олиш сўралган.

Приднестровье раҳбарияти мурожаати “Справедливая Россия” партиясининг Россия таркибига янги минтақалар, жумладан чет эл давлатлари ҳудудлари референдум ёки махсус мурожаатнома асосида қўшилишини осонлаштирувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққанига жавоб сифатида кўрилмоқда. Ҳозирда Думадан қайтариб олинган лойиҳада эсэрлар “легитим самарали ҳокимият” йўқлиги баҳонасида хориж давлатлар ҳудудларини марказ рухсатисиз қўшиб олишни кўзда тутгани маълум.

Шунга қарамасдан, Приднестровье Олий Кенгаши раиси Михаил Бурла Молдова марказий ҳукуматини “самарасиз” деб атаб бўлмаслигини тан олиб, рус парламенти минтақа учун махсус ўзгартиш киритиши кераклигини таъкидлаган.

Михаил Бурла ўз мурожаатномасида Приднестровье-Молдова республикасида давлат тили сифатида рус тили тан олингани, дунё ҳамжамияти томонидан тан олинмаган минтақада 200 минг Россия фуқароси яшаётганини таъкидлаб ўтган (жами Приднестровьеда 0,5 миллион, Гагаузияда – 150 минг одам яшаб келади).

“Агарда Европа Иттифоқи билан бирлашиш тўғрисида келишув имзолаган Молдова чекловчи иқтисодий чораларни қўлласа, Приднестровьенинг ўта мураккаб аҳволи янада ёмонлашиши мумкин,”, дейилади Думага жўнатилган ҳужжатда.

Айни пайтда, Молдова бу ҳудудларни ўзиники, деб ҳисоблаб келади. 18 март куни Молдова президенти Никоае Тимофти бу масалада чиқиш қилиб, Россияни ўйлаб қадам босишга чақирди:

- Менга Тирасполь парламенти Москва бу масалада мурожаат қилгани тўғрисида хабар беришди. Бундай ҳаракатлар самарасиз ва на Молдова Республикаси, на Россия Федерацияси манфаатларига хизмат қилади. Россиянинг бундай қадам ташлаши катта хатолик бўлади ва Россиянинг халқаро майдондаги обрўсига обрў қўшмаслиги аниқ, деди Молдова президенти.

Кузатувчилар Приднестровьедаги бугунги вазият Қримдаги вазиятга ўхшаш эканлигини таъкидламоқда.

Шу билан бирга, Молдова жанубидаги яна бир мухтор минтақа – Гагаузия мустақил ҳарбий тузилмаларни тузишга киришганини эълон қилди. Гагаузларнинг бу баёноти маҳаллий раҳбар Михаил Формузалланинг Москвага қилган сафаридан кейин қилингани эътиборга молик.

Жорий йил февралида Гагаузияда ҳам бўлиб ўтган референдумда минтақа аҳолисининг 70 фоизи мустақиллик ва Божхона Иттифоқига қўшилишни ёқлаб чиққанини эслатиш жойиз. 2006 йилда Приднестровьеда ҳам умумхалқ референдум ўтказилиб, унда минтақанинг 97 фоиз аҳолиси Россия Федерациясига қўшилишга розилик берган.

Молдовалик сиёсатшунос, Кишинёв жамоатчилик сиёсат институти директори Аркадий Барбарошие Приднестровьенинг Россия таркибига қўшилиш тўғрисидаги илтимоси бемаврид эканини Озодликка гапиради.

У Россия бусиз ҳам Қримнинг қўшилиши ортидан жиддий муаммоларга кўмилиб ётганини айтади:

- Бир қарашда, жаноб Путин 2006 йилги референдумни ёдга олиб, Приднестровье мустақиллиги декретини имзолаб беради. Лекин бунга иккита нуқтайи назар мавжуд. Бир томондан, бу бироз бевақт қилинган мурожаат, чунки бу таклиф Кремл учун жуда ноқулай. Кремль Қримни қандай қилиб Россияга қўшиб олиш масаласини тўлиқ ишлаб чиқмаган бир пайт. Қолаверса, Приднестровье Россия билан бевосита чегарадош эмас. Украина билан уруш ҳолатида яна бу минтақани қўшиб олиш беҳад муаммоларни келтириб чиқаради, дейди сиёсатшунос Аркадий Барбарошие.

Аркадий Барбарошие, бошқа томондан, бу пухта ўйлаб чиқилган сиёсат бўлиши мумкинлигини ҳам инкор этмади. “Бу режани амалга ошириш учун Украинанинг бутун жанубий қисми Россия таркибига киритилиши зарур”, дея давом этади фикрини кишиневлик сиёсий таҳлилчи.

- Тушунишимча, Тирасполь ҳукуматининг бу баёноти Молдовадаги вазиятни издан чиқаришга қаратилган. Боз устига, Гагаузия мухторияти ўзини ҳимоя қилиш учун армиясини тузаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди.
Айтишларича, Гагаузия раҳбари Михаил Формузалла Кремлга маслаҳат олгани борган. Албатта, ишончим комилки, Приднестровье бу фикрга ўзи келмаган ва Кремлнинг режасини амалга ошираяпти, дея хулоса қилди Кишинёв жамоатчилик сиёсат институти директори Аркадий Барбарошие.

Суҳбатдош келтирган маълумотларга кўра, Приднестровьенинг 300 мингга яқин аҳолиси Молдова фуқаролигини олган ва 2014 йилнинг май ойидан бошлаб Европа Иттифоқига виза чекловларисиз кириб бориш ҳуқуқига эга бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG