Линклар

logo-print
Украинага қарашли Қрим мухтор республикасининг Россия томонидан аннексия қилиб олиниши юзасидан чоршанба куни бу мамлакатнинг ўзида ҳам диаметрал қарама-қарши баҳолар янгради. Чоршанба куни Қримдаги россияпараст оломон Украинанинг ҳарбий объектларига ҳужум қилди.


Украина ҳарбий объектига ҳужум




Севастополдан олинган хабарларга қараганда, Қримдаги қуролли кучлар Украина ҳарбий денгиз кучлари штабига ҳужум қилиб, штаб биносига Россия байроғини ўрнатган.

Таркибида “ўз-ўзини ҳимоя қилиш кучлари”, деб аталаётган қуролли гуруҳлар булган бир неча юз кишилик оломон Украинага қарашли база ҳудудига чоршанба куни бостириб кирди.

Украина Мудофаа вазирлиги расмий вакили Владислав Селезнега кўра, украин ҳарбийлари оломонга қарши қурол ишлатгани йўқ, лекин базани ташлаб чиқишдан бош тортган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бугун эрталаб Би-би-сига берган интервьюсида Қримдаги украин ҳарбийлари олдида танлаш имкони борлиги, улар ё Россия армиясига қўшилиши ёки “ярим оролни эркин тарк этиши” мумкинлиги тўғрисида гапирди.

Баъзи маълумотларга қараганда шу кунда Қримда 20 минг нафар атрофида украин ҳарбий хизматчиси бор.

Украина ҳарбийлари Қримдан олиб чиқиб кетилмайди, деб баёнот берди бу мамлакат мудофаа вазири Игорь Тенюх Рейтер ахборот агентлиги саволига жавобан.



Россия Конституциявий суди яшин тезлигида хулоса чиқариб берди


Россия Конституциявий суди Қрим Республикаси ва Севастополь шаҳрининг Россияга қўшиб олиниши қонунийдир, деб баёнот берди тилга олинган суд раиси Валерий Зорькин.

Унинг айтишича, бу қарор Конституциявий суд аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилинган.

Россия президенти Қрим ва Севастополни қўшиб олиш тўғрисидаги шартноманинг Конституцияга мослигини текшириб, хулоса бериш тўғрисидаги сўров билан Конституциявий судга 18 март куни мурожаат қилган.

Якшанба куни ярим оролда ўтган референдумда қримлик сайловчиларнинг 96,8 фоизи Украинадан ажралиб чиқиб, Россия таркибига кириш учун овоз бергани маълум қилинди.

Бу референдум Украина ҳукумати ва ғарб давлатлари томонидан ноқонуний, дея рад қилинган. Шунингдек, Қрим татарлари етакчилари референдумни бойкот қилган.



Айни пайтда
“Яблоко” партияси Путин танлаган йўлни “агрессив янгиимпериячилик йўли”, деб атади


Президент Путин етакчилигида Россия элитаси танлаган йўл мамлакат учун ўта хавфлидир ва бу йўл мамлакатни шубҳасиз миллий ҳалокатга олиб боради. Россиянинг қатағонлар ва тоталитар режимга қайтишига бир қадам қолди, холос, дейилган “Яблоко” партияси баёнотида.

Партия раҳбарияти ўз баёнотида Қримнинг Россия томонидан аннексия қилинганини кескин қоралаган.

“Яблоко” партияси Владимир Путиннинг “агрессив янги империячилик курси”га мухолифатда эканлиги ҳамда Россиядаги мавжуд “криминал-олигархик режим”ни нозўравон усуллар ва конституция доирасида қулатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйгани тўғрисида айтилган баёнотда.



Қозоғистон фикрини ўзгартирди


Ўтган ҳафтада Астана Украинанинг яхлитлиги тарафдори эканлиги тўғрисида баёнот берган эди.

Қозоғистон Қримда ўтказилган референдумни мухтор республика аҳолисининг эркин иродаси изҳори, деб билади ҳамда мавжуд шароитлар фонида Россия Федерацияси қарорига тушуниш билан муносабатда бўлади, дейилган Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигининг 18 март куни кечқурун эълон қилинган баёнотида.

“Қрим мухтор республикасида 2014 йил, 16 мартда ўтказилган референдум муносабати билан Қозоғистон ўзининг БМТ Низомига биноан халқаро ҳуқуқнинг фундаментал принципларига содиқ эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтади”, дейилган Астана баёнотида.


Якшанба куни ярим оролда ўтган референдумда қримлик сайловчиларнинг 96,8 фоизи Украинадан ажралиб чиқиб, Россия таркибига кириш учун овоз бергани маълум қилинди.

Бу референдум Украина ҳукумати ва ғарб давлатлари томонидан ноқонуний, дея рад қилинган. Шунингдек, Қрим татарлари етакчилари референдумни бойкот қилган.
XS
SM
MD
LG