Линклар

logo-print
OzodJavobнинг бугунги сонида шахсий томорқа ери олиш тартиб-қоидаларига оид саволлар жавобини изладик.

Наманган вилоятининг Уйчи туманида яшовчи Холмат ака Озодликка мурожаат қилиб, томорқа учун ер олиш тартиби билан қизиқди.

“Мен ўғлим билан яшайман. Ўғлим оилали. Уч боласи бор. Ўғлимнинг оиласи учун ҳокимликдан томорқа ери сўрасам, “Томорқа берилмайди”, дейишди. “Сотиб оласан”, деган гап қилишди. Биз авваллари ҳокимликка мурожаат қилиб томорқа ери олардик. Ҳозир бунақа эмас экан. Қандай қилиб томорқа олиш мумкин? Қанча сотих ер берилади? Илтимос шу борада маълумот берсангиз”, дея мурожаат қилди Холмат ака.

Аҳоли хусусий томорқасида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириб, сотиш ва ўз эҳтиёжи учун ишлатиш ҳуқуқига эга.

“Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунга кўра, деҳқон хўжалиги юритиш учун томорқа ери қишлоқ жойларида камида 3 йил мобайнида яшаган ва оилали кишиларга берилади.

Томорқа ери фуқарога умрбод эгалик қилиш ва мерос қолдириш ҳуқуқи билан берилади.

Қонунга кўра, томорқа ер участкаси суғориладиган ерларда 0,35 гектаргача ва суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда 0,5 гектаргача ўлчамда, чўл ва саҳро минтақасида эса суғорилмайдиган яйловлардан 1 гектаргача ўлчамда берилади.

Амалдаги тартибга кўра, деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкалари иморатлар ва иншоотлар қуриш ҳуқуқисиз берилади.

Деҳқон хўжаликлари учун ер участкалари, асосан, юридик ва жисмоний шахсларга бириктирилмаган ҳамда туман ҳокимлигининг заҳира ер майдонларидан ажратилади.

Фарғона вилояти ҳокимлигининг исмини очиқламаётганимиз мулозимига кўра, туман ҳокимликлари шундай ер майдонларини аниқлаб, бу борадаги маълумотни Давлат мулк қўмитасининг жойлардаги ҳудудий бошқармаларига беради.

“Ҳозир томорқага бериш учун ерлар қолмаган. Томорқа бериш 2008 йилда тўхтатилди. Ҳокимлик агар бўш ерлар бўлса, уни аниқлаб, мулк қўмитасига тавсия қилади”, деди мулозим.

Мулк қўмитасининг ҳудудий бўлимлари ҳокимлик тавсия қилган ерни кимошди савдосига қўйиб сотишни амалга оширади.

“Мулк қўмитаси ерни аукционга қўйишдан аввал бу ҳақда вилоят ҳокимлиги газетасида эълон беради. Бир ой давомида эълон туради. Кейин аукционда сотувга қўйилади”, деди суҳбатдош.

Мулозимга кўра, кимошди савдосига қўйилган ернинг нархи турлича бўлади.

“Ернинг бошланғич нархи ернинг қаерда жойлашгани, инфратузилмага яқин ва узоқлигини ҳисобга олиб белгиланади. Масалан, тўрт сотих ер бўлса, бошланғич нархи 500-600 минг сўм бўлади. Ҳозир томорқани фақат аукцион орқали олиш мумкин”, деди Фарғона вилоят ҳокимлиги мулозими.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарорига кўра, 2008 йилдан бошлаб, маҳаллий ҳокимликларнинг аҳолига томорқа ажратиш ҳуқуқи бекор қилинган.

Сўнгги йилларда фермерлар ўз ишчиларига фермер ҳўжалигига ажратилган ердан томорқа учун ер бериб келаётганди.

Дастлаб фермерларга томорқа учун 20 фоиз ер ажратилган бўлиб, кейинчалик бу 10 фоиз ва сўнг 5 фоизга қисқартирилди.

Икки йил аввал мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида фермерларга томорқа учун ер ажратиш тўхтатилди.

Азиз муштарий агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз, OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни скайп орқали Оzodskype ëки ErkinMikrofon га йўллашингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG