Линклар

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги Тожикистон ва Қирғизистондан Афғонистон ҳамда Покистонга электр узатишга қаратилган CASA-1000 лойиҳаси минтақа иқтисоди ва экологияси учун ҳалокатли бўлишини иддао қилмоқда.

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги Тожикистон ва Қирғизистондан Афғонистон ҳамда Покистонга электр узатишга қаратилган CASA-1000 лойиҳаси минтақа иқтисоди ва экологияси учун ҳалокатли бўлишини иддао қилмоқда.

"Ўзбекистон асосланган позицияга эга"

Март ойининг бошларида бир қатор интернет нашрларда Жаҳон банки томонидан молиялаштирилиши режалаштирилган CASA-1000 лойиҳасини амалга ошириш жорий йилнинг 1 июлидан бошланиши ҳақида хабарлар берилди. Ахборот агентликларининг ёзишича, Жаҳон банки лойиҳани 518, 5 миллион доллар миқдорида молиялашга розилик берган.

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги бундай хабарларни “жаҳон ҳамжамияти диққатини Ўзбекистон Республикасининг мазкур лойиҳанинг келажаги йўқ экани тўғрисидаги асосланган позициясидан” чалғитиш сифатида қабул қилиши ҳақида расмий баёнот тарқтади.

CASA-1000 лойиҳасида Қирғизистон-Тожикистон-Афғонистон-Покистон юқори кучланишдаги электр линиясини қуриш ва Афғонистон билан Покистонга электр эгнергияси сотиш назарда тутилади. Мазкур лойиҳа, Ўзбекистон фикрича, Қирғизистон ва Тожикистонда йилига 6 миллиард киловат соат ортиқча электр энергияси мавжудлигига асосланган.

Ўзбекистон томони CASA-1000 юзасидан лойиҳадан манфаатдор давлатлар келтираётган далилларни асоссиз деб ҳисобламоқда.

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлигининг ахборот хизмати расмий Тошкентнинг лойиҳа юзасидан асосланган позицияси нималардан иборат эканини шарҳлашни истамади, бироқ расмий бу позиция юзасидан Ўзбекистон илмий тадқиқот институтларида тайёрланган эътирозларни тақдим этди.

Экспертлар: Минтақада электр дефецити мавжуд

“Гидропроект” ва “Средазэнергосетьпроект” ташкилотлари томонидан тайёрланган “CASA-1000 лойиҳасидаги таваккаллар” деб номланган хулосада айтилишича, Тожикистон ва Қирғизистонда йилига 6 миллиард киловат соат ортиқча электр энергияси заҳираси мавжудлиги тўғрисидаги маълумот асосиздир.

Тожикистондаги Нурек ГЭСи лойлашаётгани сабабли кейинги 23 йилда унинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 559 миллион киловат соатга камайиб боради. 2035 йилгача эса Қирғизистон ва Тожикистонда электр энергиясига бўлган талаб йилига 3-5 фоизга ўсиб боради.

Ўзбекистон томони бу жиҳатлар лоийҳа муаллифлари томонидан этиборга олинмагани ёки бу борада камайтирилган рақамларга асосланган маълумотлар берилганини иддао қилмоқда.

Ўзбекистон томони фикрича, Қирғизистонда йилига электр энергиядаги йўқотишлар 23 фоизни ташкил этишига қарамай, лойиҳа экспертизасида бу кўрсаткич 13 фоиз қилиб белгиланган. Бунинг оқибатида эса Қирғизистонда йилига 1 миллиард 400 миллион соат ортиқча электр энергия заҳираси борлиги тўғрисида ёлғон тасаввур пайдо бўлган.

Ўзбекистонлик мутахасисларнинг билдиришларича, 1910 йилдан 2009 йилгача олиб борилган ҳар ойлик кузатишлар таҳлил қилинганида, аслида Тожикистон ва Қирғизистон йилига ўрта ҳисобда 3 миллиард киловат соатдан кўпроқ электр энергия дефецитига эга экани аниқланган. 1974-1986 йиллардаги камсувлик даврида эса бу дефецит йилига 5,5 миллиард киловат соатни ташкил қилган.

CASA-1000 Роғун ва Қамбарота ГЭСлари қурилиши билан узвий боғлиқ

Ўзбекистонлик экспертлар, шундан келиб чиққан ҳолда, CASA-1000 лойиҳасини амалга оширилиши Тожикистоннинг Роғун ГЭСи, Қирғизистоннинг эса Қамбарота 1 ГЭСи қурилиши билан узвий боғлиқ эканини айтмоқдалар. Ўзбекистон томони фикрича, мазкур қурилишларнинг амалга оширилиши минтақа сув хўжалиги ҳамда экологиясига катта миқдорда зарар етказади.

Ўзбекистон томони тайёрлаган хулосада CASA-1000 лойиҳасида молиявий ва техник камчиликлар ҳам борлиги қайд этилади. Агар мазкур ҳужжатга ишонилса, техник жиҳатдан лойиҳа мукаммал эмас ва у электр узатишларда мунтазам узилишларга сабаб бўлади. Бу ҳолатда эса ҳар бир узилиш минтақа электр таъминоти учун 1000 мегават миқдоридаги кучланишнинг йўқотилишига олиб келади.

Молиявий жиҳатдан эса, Ўзбекистон мутахасислари ҳисоб-китобича, CASA-1000 лойиҳаси режалаштирилганидек 1 миллиард 281 миллион доллар эмас, камида 1 миллиард 821 миллион долларни талаб қилади. Мазкур лойиҳани амалга оширилишидан эса сармоядорлар 104 миллион доллар зарар кўришлари мумкин.

Қирғиз вазири: CASA-1000 2017 йилда ишга туширилади

Бироқ Қирғизистон энергетика вазири Ўсмўнбек Артиқбаев Ўзбекистон эътирозларига қарамай, лойиҳани амалга ошириш 2014 йилнинг иккинчи ярмидан бошланиши мумкинлигини айтди:

-Мазкур лойиҳа ҳеч кимга ҳеч қандай қийинчиликларни пайдо қилмайди. Яқинда Вашингтонда лойиҳадан манфаатдор мамлакатлар вакиллари иштирокида йиғин ўтказилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди. Жаҳон банки лойиҳани молиялаштириш тўғрисидаги қарорни 27 март куни директорлар кенгаши йиғилишида кўриб чиқади. Ҳозир экспорт қилинадиган электр энергиясининг нархи юзасидан сўзлашувлар олиб борилмоқда. Лойиҳа 15 йилда ўзини оқлайди ва ишга туширилган кунидан бошлаб Қирғизистонга фойда келтиради. Келишим бўйича лойиҳа 2017 йилда ишга туширилиши керак. Қурилиш ишларининг бошланиши эса 2014 йилнинг иккинчи ярмига тўғри келади, -деди Ўсмўнбек Артиқбаев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG