Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:40

Ҳукумат PAYNETнинг 6 фоизлик хизмат ҳаққини бекор қилди


Ўзбекистонда уяли алоқа операторлари, коммунал хизматларга пул ўтказишни йўлга қўйган ягона монопол ширкат UZPAYNET 19 мартдан буён мижозлардан 6 фоизли комиссия пули олинмаслигини эълон қилди.


Бу ҳақда ширкат матбуот хизмати ходими Озодликка қуйидагиларни айтди.

- Вазирлар Маҳкамасининг ўтган ҳафтадаги қарорига кўра, 19 мартидан мобил алоқа ва телефония ҳамда Интернет хизматларини амалга оширувчи ширкатлар фойдасига амалга ошириладиган тўловлар учун коммиссиялар бекор қилинди, - деди UZPAYNET вакили.

UZPAYNET Ўзбекистонда уяли алоқа операторлари, коммунал хизматларга пул ўтказишни йўлга қўйган ягона тизимдир.

2005 йилдан буён фаолият қилаётган UZPAYNET Ўзбекистоннинг деярли ҳар бир бурчагига етиб борган ва 25 мингдан зиёд хизмат кўрсатиш шохобчасига эга.

Шу пайтгача ширкат Ўзбекистонда Beeline, Perfectum Mobile, UCell, UzMobile каби мобил алоқа операторлари, Sharq Telekom, Uzonline, Skyline каби Интернет провайдерлари, UZDIGITAL TV, Stars TV каби хусусий телевидениелар учун тўловларни амалга оширишда мижозлардан олти фоизлик комиссия олар эди.
UZPAYNET вакилига кўра, эндиликда комиссия абонентлардан эмас, балки хизмат кўрсатувчи компаниялардан олинади.

- Масалан, мен Beeline мижозиман. 1000 сўм ташладим. Шу тўлов учун абонентдан 6 фоиз комиссия олинар эди. 2 фоизи PAYNET учун, 4 фоизи агент учун. Ҳозир агентларга вознаграждения тизими йўлга қўйилди. Буни ширкатларни ўзи беради, яъни Beeline ҳисобидан бўлади, - деди UZPAYNET вакили.

Бу эса мобил алоқа, Интернет тарифларига таъсир қилиши ва нархлар қимматлашиши мумкинлиги айтилмоқда.

Лекин Beeline ширкати вакиллари ҳозирча тарифларда ўзгариш бўлмаганини айтишди.

– Тарифларда ўзгариш йўқ, нархлар ўша-ўша. Ўзгариш бўлса, сайтимизда маълум қиламиз, - деди Beeline ширкати вакили.

Ўзбекистонда онлайн тўловларни амалга оширувчи UZPAYNET тизимини Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага яқин бўлган шахслар назорат қилиб келгани ишонилади.

Озодлик эга бўлган ҳужжатларга кўра, UZPAYNET Гиброалтарда рўйҳатга олинган “Takilant Ltd” ширкатига қарашли.

Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага яқин бўлган Гаянэ Авкян номига очилган “Takilant Ltd” Европада пул ювиш жинояти бўйича очилган иш марказида бўлган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўтган ой солиқ ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш ва бошқа айбловлар бўйича Авакян ва яна ўнга яқин шахсга жиноят иши очганини маълум қилган эди.

- Бу ерда жуда катта пул ҳақида гап кетяпти. Абонентлардан хизмат ҳақидан ташқари "комиссия пули" деб, олти фоиз қўшимча ҳақ олиб келинган. Бу жуда катта пул, миллионлаб, балки миллиардлаб долларлар ҳақида гап кетяпти. Сабаби, Ўзбекистонда миллионлаб одам уяли телефон, Интернет хизматидан фойдаланади. Улардан агент учун тўрт фоиз, PAYNET учун икки фоиз, пул ушлаб қолиняпти. Савол туғилади, агент ўзи ким? Нима учун абонент бунинг учун пул тўлаши керак? Бунақа тизим ҳеч бир мамлакатда йўқ. Кимлардир буни ортидан фойда қилиб келганига менда шубҳа йўқ, - дейди Ўзбекистондаги телефония бизнесига яқин мутахассислардан бири Тоҳир Тошев.

UZPAYNETдагилар эса комиссия нима сабабдан бекор қилингани ҳақида маълумотга эга эмасликларини айтишмоқда.
XS
SM
MD
LG