Линклар

Россиялик таниқли фотокорреспондент, мустақил журналист Константин Саломатин Ўзбекистонга киритилмади. Фотожурналист Марказий Осиё мамлакатларидаги анъаналар, айниқса тўй маросимларини расмга туширишга кетаётганида Тошкент аэропортидан ортга қайтарилди. Константин Саломатин Ўзбекистонга киритилмаган биринчи фотомухбир эмас.

19 март куни Москванинг Домодедово аэропортидан Тошкентга учган россиялик таниқли фотомухбир Константин Саломатин чегара назоратидан ўтказилмади ва биринчи рейс биланоқ ортга қатариб юборилди.

Озодлик билан суҳбатда Константин Саломатин чегарачиларнинг ўзи ҳам унинг киритилмагани сабабини тушунтириб бера олмаганини айтади. "Чегарада паспорт текшираётган ходим паспортимни қўлига олиб, компьютерга маълумотларни киритиб, кўзлари катта-катта бўлиб кетди", дея кулади:

- Улар ўзлари билмайди бунинг сабабларини! Мендан сўрашаяпти “Ўзбекистонда бўлганмидинг олдин?”. Мен уларга “Ҳа, Совет даврида 1-синфни тугатганман Тошкентда, 1998 йилда келиб кетган эдим”. “Нима қилиб қўйган эдинг?” деб сўради. “Ҳеч нима, шунчаки айлангани келган эдим”, десам, “Бўпти, ўтириб тур”, дейишди. Кейин қўлимга мана бу маълумотномани беришди. Унда “Мамлакатга кириш тақиқлангани боис чегарани кесиб ўтишга рухсат берилмади”, дейилган, дейди Константин Саломатин.


Фотомухбир анчадан бери меҳнат муҳожирларига бағишланган қатор лойиҳалар устида ишлагани, лекин ҳеч қачон Ўзбекистон тўғрисида бирор салбий мақола ёки фоторепортаж тайёрламагани боис мамлакатга кириш тақиқи сабабларини ҳатто тасаввур қила олмаслигини гапиради.

“Нима бўлганда ҳам, бу сўзсиз менинг касбий фаолиятим билан боғлиқ”, дея давом этади Константин:

- Улар танламасдан барча журналистлар учун киришга рухсат бермаётгандир ёки мен маҳаллий ўзбек “сноуденлари” – МХХ айғоқчилари билан суҳбатда бирор “ортиқча” гап гапирворган бўлишим мумкин. Мен илгари Ўзбекистондан қочиб келган одамлар билан мулоқотда бўлганман, ҳатто “Эрк” партияси аъзоси бўлган бир аёлдан интервью олганман... Ким билади. Мен Ўзбекистонда тўйларни расмга туширмоқчи эдим, дейди лойиҳа якунига етмасдан қолишидан ачинган фотосуратчи.

(Саломатиннинг Москвада намойиш этилаëтган меҳнат муҳожирлари ҳаëтига оид фотокўргазмасидан суратлар)

Константин Саломатин ўзбек расмийларининг ўзини мамлакатга киритмаслигининг Москвада 6 мартдан буён намойиш этилаётган меҳнат муҳожирлари ҳаётига оид фотокўргазмадаги расмлари билан боғлиқ эмаслигига ишонишини гапиради. Маълум бўлишича, Тошкент аэропорти чегарачилари унинг ҳатто сумка-чемадонларини текширмаган – паспорт маълумотлари асосида хулоса қилиб, биринчи ортга қайтаётган учоққа чиқариб юборишган.

Саломатин “бундай қарорларга жиддийроқ сабаблар бўлиши керак, ахир Россияда ишлаётган мигрантларни анча йиллардан бери фотога олиб келаман”, дейди:

- Мен учта республика бўйича фото олишим керак эди. Энди мен Тожикистон ва Қирғизистонда ишимни давом эттираман. Ишонаманки, у ерда тўйларни суратга олиш “давлатга қарши жиноят” даражасига кўтарилмаган, дея кулади мустақил фотожурналист Константин Саломатин Озодлик билан суҳбатда.

Таъкидлаш жойизки, Константин Саломатин Ўзбекистонга киритилмаган ягона журналист эмас.

Ўта ёпиқ мамлакатлар қаторига кирувчи Ўзбекистонга охирги бир неча йил давомида киритилмаган россиялик пастор, германиялик ҳуқуқ ҳимоячилари ва сиёсатчилари, қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси, рус ёзувчиси ва бошқалар қаторида алоҳида ўринни айнан фотомухбирлар эгаллаб келмоқда.

2012 йил бошларида Тошкентдан орқага қайтариб юборилган яна бир фотомухбир - Виктория Ивлева ўзбекистонлик амалдорлар мантиғига мутлақо тушуниб бўлмаслигини гапиради:

- Бунинг сабаблари ҳақида мулоҳаза юритиш жуда мушкул, чунки Ўзбекистонга киритилмаётган бошқа одамлар ҳам мавжуд. Лекин бир нарса аниққи, жуда ажойиб “киритилмаганлар фотожурналистлар гуруҳи” ташкил топмоқда: Саша Земляниченко, Костя Саломатин, мен.. Умуман олганда, биринчи бўлиб киритилмаган Александр Земляниченко бўлади, икки йилдан кейин мени киритишмади, мана Костя ҳам бизга қўшилди. Муаммони Ислом Абдуғаниевичдан қидириш керак. Шахсан мени Умида Аҳмедовани ҳимоя қилиб, Ўзбекистон элчихонаси олдида қилган пикет учун киритишмаган. Ўзбек ҳукуматига ёқмаган ҳар бир журналистнинг қаторимизга қўшилиш хавфи бор. Авторитар тузум амалдорлари калласига кириб, улар нима хаёлда юрганини тушуниш қийин. Шахсан мен инсон қонунни бузмаса истаган ерга бориши ва саёҳат қилиши мумкин, деб ҳисоблайман, дейди ҳарбий корреспондент, “Новая газета” мухбири, дунёнинг энг яхши фотомухбир аёллари бешлигига киритилган Виктория Ивлева.

Озодлик 2012 йлнинг феврал охирларида ВВС Жаҳон хизматининг Марказий Осиё бўйича мухбири Наталья Антелава¸ 2012 март ойида учиб борган “Новая газета” (Россия) фотомухбири Виктория Ивлева, сентябр ойида учиб борган BBC Monitoring гуруҳи ходимаси Багила Бухарбаева (Қозоғистон), 2013 йилнинг июнида қирғизистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли Тўлекан Исмаилова ҳам сабаби кўрсатилмасдан Тошкент аэропортидан ортга қайтарилгани тўғрисида хабар берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG