Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:26

Давлат Думаси Ғарб "ўғрилик" деб атаётган келишувни ратификация қилди


Россиянинг Украина ҳудуди ҳисобланган Қрим ярим оролини аннексия қилгани халқаро майдондаги қарама-қаршиликни кучайтирмоқда. Дума Қримни Россия Федерацияси субъекти деб тан олувчи келишувни ратификация қилган айни кунда Россия ҳаракатларини “ўғриликка” қиёслаётган Ғарб Москвага нисбатан санкцияларни кучайтириш масаласини муҳокама қилаяпти.



20 март куни Россия Давлат думаси Қримни Россия Федерацияси субъекти деб тан олувчи келишувни ратификация қилди.

Мазкур келишувнинг жума куни Россия парламенти юқори палатасида ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Украина таркибидаги Қрим Мухтор республикасининг аннексия қилиниши Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатлари томонидан ноқоуний дея тан олингани йўқ.

Масала овозга қўйлишидан аввал Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “Россия ва Қрим халқларининг бирлашуви тараққиёт ва равнаққа замин яратади”, дея таъкидлади. Лавров шунингдек, Қрим аннексиясига жавобан Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар Россияга қарши жорий қилган санкцияларни “ноқонуний”, дея атади.

Украина таркибидаги Қрим Мухтор республикасининг аннексия қилиниши Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатлари томонидан ноқонуний дея, тан олингани йўқ.

Украина парламенти пайшанба куни қабул қилган резолюцияда Россиянинг Қримни тортиб олганини ҳеч қачон тан олмаслиги айтилади.

Украина “Қримни озод қилиш қанчалик узоқ ва оғриқли бўлишидан қатъий назар, бунинг учун курашни ҳеч қачон тўхтатмайди”, дейилади резолюцияда.

Россия президенти Владимир Путин ва Қримнинг айирмачи ҳукумати Украинага қарашли минтақани Россияга қўшиб олиш тўғрисидаги келишувни сешанба куни имзолади.

Якшанба куни аҳолисининг асосий қисми руслардан иборат бўлган Қримда ўтказилган мунозарали референдумда кўпчилик минтақанинг Россияга қўшилиши учун овоз берган эди.

Россия Федерация кенгашининг ҳам жума куни мазкур келишувни ратификация қилиши кутилмоқда.

Россия ўтган ойда президент Виктор Януковичнинг ҳокимиятдан ҳайдалиши ортидан Қримдаги этник русларни ҳимоя қилиш баҳонасида Қора денгиз соҳилида жойлашган Украинага қарашли минтақага ўз қўшинларини киритган.

Чоршанба куни Москва Қрим аҳолиси Россия фуқароларига айланганини иддао қилиб, уларга Россия паспортини бера бошлади.

Айни пайтда, Украина ҳукумати Қримдаги ҳарбий флот базалари, жумаладан Севастополдаги Флот бош штаби Россия қўшинлари ва россияпараст кучлар томонидан ишғол қилингани боис, минтақадан украин қўшинларини олиб чиқиш қарорини эълон қилди.

Севастополдаги бош штаб ишғол қилинган пайтда Украина Ҳарбий флоти қўмондони рус қўшинлари томонидан қўлга олинди, лекин пайшанба куни озод қилинди.

Айни пайтда, БМТ Бош котиби Бан Ки Мун халқаро қарама-қаршликларни юмшатиш мақсадида, пайшанба куни Москвада музокаралар ўтказмоқда. Москва учрашувларидан кейин Бан Киевга йўл олади.

БМТ раҳбари куннинг биринчи ярмида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан музокара қилди. Пайшанба куни унинг президент Владимир Путин билан ҳам учрашиши кутилмоқда.

Чоршанба куни АҚШ ва Россия дипломатлари БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғинида Украина бўҳрони устида бир-бири билан тортишди.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Саманта Пауэр Россиянинг Қримни эгаллаб олганини ўғриликка қиёслади:

- Қримда референдум ўтказилганига қарамасдан минтақанинг миллий ва халқаро миқёсдаги мавқеи қонуний ўзгаргани йўқ. Ўғри бировнинг мулкини ўғирлаши мумкин, лекин бу ўғрига мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини бермайди. Хулоса сифатида, хоним Кенгаш раиси бир нарсани яна такрорлашимига ижозат берсангиз, Россиянинг қилмиши қонун нуқтаи-назаридан, тарих нуқтаи-назаридан, сиёсат нуқтаи-назаридан нотўғри ва хавфлидир, деди АҚШ дипломати.

БМТдаги Россия вакили Виталий Чуркин эса, АҚШ дипломатининг бундай фикрлари Москванинг Вашингтон билан бошқа масалаларда ҳамкорлик қилиш ниятларига путур етказишидан огоҳлантирди:

- Пауэр хоним ўз сўзини Толстой ва Чеховдан иқтибос келтиришдан бошлади, лекин охир оқибатда сариқ матбуот тилини ишга солишгача борди. Биз ўз мамлакатимизга нисбатан ҳақоратли баёнотларни мутлақо рад қиламиз. Агар АҚШ делегацияси биз билан Хавфсизлик кенгашида ҳамкорлик қилиш ниятида бўлса, Пауэр хоним буни яхши тушуниб олиши керак, деди Чуркин.

Айни пайтда, БМТнинг Женева қароргоҳидаги Украина элчиси, Россия Украинанинг бошқа ҳудудларини ҳам босиб олишга тайёргарлик кўрмоқда, дея баён қилди. Элчи Юрий Клименко пайшанба куни Украинадаги инсон ҳуқуқлари вазиятига бағишланган брифингда “Россия Украина шарқи ва жанубида тўлақонли ҳарбий интервенцияни бошлашга тайёргарлик кўраётгани ишортлари кузатилмоқда”, дея баён қилди.

Клименко Россиянинг Қримни аннексия қилишини ноқонуний ва нолегетим фарс, дея атаб, Россияни музокаралар столига ўтиришга чақирди.

Бу фикрларга жавобан Россия элчиси Москванинг ҳаракатлари Россия, Украина ва халқаро қонунларга мос экани иддао қилинган, аввалдан тайёрланган баёнотни ўқиб эшиттирди.

Европа Иттифоқи етакчилари пайшанба куни Брюсселда Қримнинг Россия томонидан аннексия қилинишига бағишланган икки кунлик саммитни бошламоқда.

Германия канцлери Ангела Меркел мамлакат парламентида қилган чиқишида ЕИ етакчилари Россияга қарши жазо чораларини кучайтиришга тайёр, дея баён қилди. Пайшанба куни Бундестаг вакиллари олдида қилган чиқишида Меркел Украинада вазият ёмонлашишда давом этадиган бўлса, ЕИ давлатлари бугун бошланадиган саммитида Россияга қарши “3-фаза чоралари”, жумладан иқтисодий санкцияларни қўллашгача боришга тайёрлигини эълон қилади, дея билдирди.

Европа Иттифоқи аллақачон Россия амалдорларининг 13 нафари ва Қрим айирмачи ҳукуматининг саккиз вакилига нисбатан виза чеклови ва молиявий активларини музлатиш чораларини жорий қилган.
XS
SM
MD
LG