Линклар

Россия Президенти Владимр Путин Қримни Россия Федерациясига қўшиб олиш ҳақидаги қонунни имзолади. Эндиликда Қримни Россия Федерацияси субъекти деб тан олувчи келишув расман ратификация қилинди.

Украина парламенти пайшанба куни Қора Денгиздаги яриморолни Россия тарафидан аннексия қилинишини тан олмаслиги ҳақида резолюция қабул қилди.

“Қанчалик давомли ва машаққатли бўлмасин Украина Қримни озод этиш курашини тўхтатмайди”, дейилади Олий Рада резолюциясида.

Украина таркибидаги Қрим Мухтор Республикасининг аннексия қилиниши Қўшма Штатлар ва бошқа ғарб давлатлари томонидан ноқоуний дея, қораланмоқда.

Бугун Брюсселда Украина Бош вазири Арсений Яценюк ЕИ билан ассоциацияга киришиш битимининг сиёсий қисмини имзолади.

ЕИ расмийлари буни "катта рамзий маъно"га эга дея баҳоладилар.

Европа Комиссияси раҳбари Жозе Мануэл Баррозу мазкур битим Украинанинг Европа Иттифоқига яқинлашиш ва ҳамкорликни бошлаш йўлидаги асосий қадам, дея таъкидлади.

ЕИ Россияга қарши янги санкция эълон қилди

Бугун ЕИ Қримнинг Россия томонидан аннексия қилинишига қарши 12 нафар россиялик ва украиналик расмийга нисбатан санкция эълон қилди. Брюсселда ўтган ЕИ саммитида қабул қилинган мазкур санкцияда расмийларга қарши виза ва молиявий чекловлар кўзда тутилган.

Санкция рўйхатида Россия Бош вазири ўринбосари Дмитрий Рогозин, Россия президенти маслаҳатчилари Сергей Глазьев ва Владислав Сурков, Федерация кенгаши раисаси Валентина Матвиенко, Давлат Думаси спикери Сергей Наришкин, Дума депутати Елена Мизулина, тележурналист Дмитрий Киселев ва Қрим референдуми бўйича комиссия раиси Михаил Малишевлар бор.

Аввалроқ ЕИ Қрим аннексияси ортидан Россия ва Украинанинг 21 расмийсига виза чеклови ва активларини музлатиш бўйича санкция эълон қилганди.

Тимошенко Украина президентлигига номзодини кўрсатмоқчи

Украина собиқ бош вазири, “Батькившчина” партияси лидери Юлия Тимошенко 25 май куни муддатидан аввал ўтказиладиган президент сайловида ўз номзодини кўрсатишини эълон қилди.

Бу ҳақда хабар берган "Украинская правда" газетасига кўра, Тимошенко сайловолди компаниясига ўзи раҳбарлик қилишни режалаштираяпти.

Янукович ҳокимиятдан ҳайдалгач, озодликка чиққан Тимошенко Германияда даволанишидан олдин бош вазир ёки президентликка ўз номзодини кўрсатиш нияти йўқлиги ҳақида гапирган эди.

Тимошенко 2009 йилда Россия билан газ шартномаси имзолашда хизмат салоҳиятини суистеъмол қилганликда айбланиб, етти йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Янги парламентнинг 22 февраль кунги резолюциясига мувофиқ, Харьков шаҳридаги қамоқхона шифохонасида даволанаётган Тимошенко озод этилди.

Бан Ки Мун Киевда Қрим бўҳронини муҳокама қилади

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун жума куни Қрим бўҳрони юзасидан музокаралар ўтказиш учун Украинага келади.

Киевда у мамлакат президенти вазифасини бажарувчи Александр Турчинов ва Бош вазир Арсений Яценюк билан учрашиши кутилмоқда.

Пайшанба куни Москвада Россия президенти Владимир Путин билан учрашган Бан Ки Мун Украинадаги вазиятдан “чуқур ташвишда” эканини билдирди.

Бош котиб мазкур сафарларни Украина ва Россия ўртасида юзага келган кескинликни дипломатик йўллар билан ҳал этишни фаоллаштириш мақсадида амалга ошираётгани айтилди.

БМТ маълумотига кўра, ташкилотнинг 34 кишидан иборат инсон ҳуқуқларини мониторинг қилиш миссияси яқин кунларда Украина шарқий ҳудудида ўз ишини бошлайди.

Россия Федерал кенгаши Қримни аннексия қилишни маъқуллаши кутилмоқда

Россия парламентининг юқори паталаси - Федерал кенгаш жума куни Қримни Россия Федерацияси субъекти деб тан олувчи келишувни ратификациялаши кутилмоқда.

Мазкур аннексия келишуви пайшанба куни парламент қуйи палатасида кўпчилик овоз билан маъқулланган эди.

Украина парламенти эса пайшанба куни Қора Денгиздаги яриморолни Россия тарафидан аннексия қилинишини тан олмаслиги ҳақида резолюция қабул қилди.

“Қанчалик давомли ва машаққатли бўлмасин Украина Қримни озод этиш курашини тўхтатмайди”, дейилади Олий Рада резолюциясида.

Украина таркибидаги Қрим Мухтор Республикасининг аннексия қилиниши Қўшма Штатлар ва бошқа ғарб давлатлари томонидан ноқоуний дея, инкор қилмоқда.

Сергей Шойгу: Россия ҳарбийлари шарқий Украина ҳудудига кирмайди

Пентагон тарқатган маълумотга кўра, Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу америкалик ҳамкасби Чак Ҳейгелга Россия ҳарбий кучлари шарқий Украина чегарасини кесиб ўтмаслигига ваъда берди.

Шойгу ва Ҳейгел пайшанба куни телефонда Россия-Украина низосини муҳокама қилишди.

Пентагон матбуот котибининг билдиришича, Шойгу минглаган Россия ҳарбийлари Украина чегараси яқинида ўқув машғулотларини ўтказиш учун тўпланганини ва уларнинг Украина ҳудудига кириш режаси йўқлигини айтган.

Телефон мулоқотида Пентагон раҳбари Ҳейгел Қрим Россия ҳарбийлари тарафидан назорат қилинаётгани ва шу сабаб у ердаги вазиятга Кремл жавобгар эканини айтган.

Эслатамиз, Россия раҳбарияти Қримни аннексия қилиш ҳақидаги келишувни тасдиқлади. Ғарб давлатлари Кремлнинг бу ҳаракатини ноқонуний деб баҳоламоқда.

Қирғизистон ҳукумати Қрим референдумини тан олди

Қирғизистон ҳукумати Қримда Россияга қўшилиш бўйича ўтказилган баҳсли референдумнинг легитим эканини тан олди.

Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда айтилишича, “Қримда 16 март куни ўтган референдум натижалари автоном республика аҳолисининг мутлақ кўпчилиги истагини ифодалайди”.

Шу билан бирга, вазирлик баёнотида Украинадаги бугунги бўхронга "мамлакат собиқ раҳбариятининг яхши ўйланмаган ҳаракатлари ва коррупциялашгани" сабаб бўлгани айтилади.

Бўхрон тинчлик йўли билан халқаро қонунлар доирасида ҳал қилиниши кераклигини билдирдиган Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги халқаро ҳамкорларни “икки ҳил стандартларни” қўлламасликка чақирди.
XS
SM
MD
LG