Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:56

"Халқ банки" мулозими валютафурушликда айбланди


Тошкент шаҳридаги “Халқ банки” бошқарувчиси ноқонуний валютафурушликда айбланди. Тошкентда жамоат ҳожатхоналари камлиги ноқулайликларга сабаб бўлмоқда. Сирдарёда молларга аёллар соч бўёғи суртиб пуллаган гуруҳ қўлга олинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.


“Халқ банки” бошқарувчиси ноқонуний валютафурушликда айбланди”

“Халқ банки”нинг Мирзо Улуғбек тумани бошқарувчиси Л.Рустамов ноқонуний валюта олди-cотдисида иштирок этиб келган (“Ҳуқуқ”, 20 март). Хусусан, валютафурушларга банкка тегишли шахобчаларда қачон ва қанча миқдорда валюта сотувга чиқарилгани ҳақида хабар бериб турган. Валютафурушлар эса ушбу ахборотдан фойдаланиб, шахобчалар олдида сунъий навбатни юзага келтириб, 20-30 минг сўм мукофот эвазига ёлланган фуқароларнинг номига давлат курсида доллар олиб, қора бозорда юқори нархларда пуллаган. “Мабодо уларга “қарашли” валюта айирбошлаш шахобчалари олдида “бегона” одамлар пайдо бўлса, дарҳол барзанги йигитлар ва жанжалкаш аёллар ишга киришиб, турли баҳоналар билан жанжал чиқариш, керак бўлса, куч ишлатиб бўлса ҳам қўрқитиш орқали уларни навбатга киритмаслик чораларини кўришарди. Шу тариқа ҳеч ким жиноий гуруҳ аъзоларининг мушугини пишт дея олмасди” деб хабар беради газета. Маълум бўлишича, валютафурушлар гуруҳи қўлга олинган. 35,2 миллион сўм, 6100 АҚШ доллари ва 3 та “Нексия” машинаси ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.

“Илм-фан, адабиёт ва санъатда ўғриликлар кўпаймоқда”

Диссертацияларда, шеърий ва насрий китобларда, турли тадқиқотларда, театр ва кино асарларида плагиатизм – ғоя ва фикр ўғрилиги кўпайиб бормоқда (“Шарқ юлдузи”, 2014 йил 1-cон). “Уларнинг сони шунчалар кўпки, барчасига танқидий муносабатда бўлиб, муҳокама қилишга, бор гапни очиқ-ошкор айтишга, баъзан эса жилла қурса ўз юрагингда “ҳукм” чиқаришга-да улгурмайсан киши” деб ёзади адиб ва шоир Улуғбек Ҳамдам. Масалан, Қаҳҳор Турсунзода “Шамсия” тўпламига шоир Мирпўлат Мирзонинг “Таскин” (Тошкент, 1995) тўпламидаги айрим шеърларни у ер-бу ерини ўзгартириб киритиб олган. “Худди шундай ачинарли воқеалар илмий асарлар ва мақолалар саҳифаларида тез-тез учраб тургани ташвишимизни чандон оширади” деб ёзади муаллиф. “Адабиёт ва санъат жамоатчилиги орасида плагиатизмга танқидий муносабат-қарашни сингдириш билан номаъқул тус олиб бораётган тамойил илдизини қуритиш сари бир одим ташлаган бўламиз” деб таъкидлайди У.Ҳамдам.

“Тошкентда жамоат ҳожатхоналари камлиги ноқулайликларга сабаб бўлмоқда”

Тошкентда жамоат ҳожатхоналари кам, бепуллари эса деярли қолмаган (“Новый век”, 20 март). Шаҳарнинг айрим нуқталарида ишлаётган ҳожатхоналар бир неча миллионли пойтахтликлар ва пойтахт меҳмонларига кўпдан-кўп ноқулайликлар туғдирмоқда. Хорижлик меҳмонлар ҳам бу ҳолатдан мамнун эмас. Газета пуллик бўлса-да, шаҳарнинг одам гавжум бўлган масканларида ҳожатхоналар қуриш зарурлигини таъкидлайди. Бунинг учун шаҳар маъмурияти бюджетдан маблағ ажратиши, шу билан бирга ушбу манфаатли ишга тадбиркорларни ҳам жалб этиши таклиф қилинади.

“Сирдарёда молларга аёллар соч бўёғи суртиб пулланган”

Сирдарё вилоятида фуқароларнинг 20 дан зиёд сигир ва ҳўкизини ўғирлаган тўққиз кишилик жиноий гуруҳ қўлга олинди (“Даракчи”, 20 март). Жиноий гуруҳ Гулистон, Сайҳунобод, Боёвут ва Бекобод туманларида ўғриликларни амалга оширган. “Жиноий гуруҳнинг иш услуби билан танишиб, беихтиёр оғзингиздан “Қойил!” деган сўз чиқиб кетса ажабмас. Ўғирланган молларнинг аксарияти эгалари танимаслиги учун етказиб пардозланган. Яъни уларнинг ўсган жунлари калталаниб, аёлларнинг турфа хил соч бўёқлари билан обдон бўялган. Қулоқлари чаноқланган, думларининг кўриниши ўзгартирилган. Натижада моли йўқолган куннинг эртасига бозорга тушган мардум ўзи боқиб парваришлаган сигир-бузоғини, таначаю ҳўкизини таниёлмай қолган” деб ёзади Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бошқармаси матбуот котиби А.Қодиров. “Мол ўғриларининг кирдикорлари фош этилди. Улар энди қилмишларига яраша жазо олишлари муқаррар” деб таъкидлайди вазирлик расмийси.

“Фермернинг бўйнига асоссиз қарз илинди”

Сирдарёда шартномавий мажбуриятларни сурункасига бажармай келаётган фермер хўжаликларидан бири тугатилиб, фуқаро Ж.Поёновнинг фермер хўжалигига қўшиб берилган. Номақбул жиҳати шундаки, тугатилган фермер хўжалигининг барча қарзлари ҳам Поёновнинг гарданига юкланган (“Адолат кўзгуси”, 20 март). Ҳуқуқшунос таҳлилига кўра, фермер хўжалигининг қарздорлиги учун бошқа фермер хўжалигини жавобгар қилиш қонунга зид. Фуқаролик кодексининг 48-моддасига мувофиқ ҳар бир фермер хўжалиги ўз мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли мол-мулк билан жавоб беради.

“Ифлосланган, йиртилган облигацияларга ҳам пул тўлаб берилади”

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заёми облигациялари 2014 йилнинг 1 апрелидан 1 июлигача “Халқ банки”нинг ваколатли бўлинмаларида қабул қилинади. “Даракчи” нашри хабарига кўра, 2014 йилнинг 1 августидан 30 ноябрига қадар индексацияни ҳисобга олган ҳолда пул маблағлари тўлаб берилади. Белгиланган муддатда тўловга берилмаган облигациялар ўз кучини йўқотади. Чириш, мойланиш, ифлосланиш, йиртилиш, кертик, букиш чизиғи бўйича эскирганлик ва тасодифий тусга эга бўлган шикастланишлар агар заём облигациялари тўловга яроқлилигининг бошқа белгилари бузилмаган бўлса, облигацияларни қабул қилишга тўсиқ ҳисобланмайди. Бу борада маълумотларни Молия вазирлиги (8371- 239 12 52, 239 15 69) орқали олиш мумкинлиги эслатилган.
XS
SM
MD
LG