Линклар

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (ЎзМТРК) ўз журналистларини матбуот анжуманларида "ўзбошимчалик билан саволлар бермаслик" ҳақида қаттиқ огоҳлантирди. Телевидениеда бу ҳақда махсус йўриқнома ишлаб чиқилиб, унга амал қилмаган журналистлар ишдан ҳайдалиши айтилган.

Яқинда ЎзМТРК журналистларининг матбуот анжуманларида “ўзбошимчалик билан савол бермаслик”лари ҳақида йўриқнома ишлаб чиқилган.

ЎзМТРКда ишлайдиган манбанинг айтишича, журналистлар матбуот анжуманлари ва тадбирларни ёритишга борган пайтда ташкилотчиларга савол бермасликлари, берилиши лозим бўлган саволлар олдиндан рахбарият билан келишган холда тайёрланиб қўйилиши лозим.

Ушбу қоидага амал қилмаган ходим интизомий жазо қўлланилган ҳолда ишдан ҳайдалиши ҳақида огоҳлантирилган.

ЎзМТРК масъул ходимларидан бири Озодлик билан суҳбатда журналистларнинг эркин савол беришларини чекловчи йўриқнома йўқлигини айтди.

- Бунақа гап бўлиши мумкин эмас, журналист ўзи ёритаётган мавзу доирасида хоҳлаган саволни бериши мумкин, - деди масъул ходим.

ЎзМТРКда Сиёсий-маърифий кўрсатувлар бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган, ўтган йили ишидан айрилиб, ҳозир Туркияда яшаётган Нарзулло Охунжонов саволларни олдиндан мувофиқлаштириш тартиби аввалдан мавжуд эканини айтади.

- Ҳақиқатан ҳам шундай қилинади. Президент девонида матбуот хизмати бор, ким савол беради, қандай савол беради, ҳаммаси олдиндан келишилади. Буни президентнинг ўзи ҳам билади. Телевидениеда биринчи ишни бошлаганимда президент иштирокидаги Олий Мажлис тадбирларидан бирида ўзимча савол бериб қўйиб, балога қолганим, танбеҳ эшитганим эсимда, - дейди Охунжонов.

Энди эса ЎзМТРКда рухсатсиз савол берганлар ишдан ҳайдалади. Нарзулло Оқилжонов тахминича, телевидениеда бу тартибнинг кучайтирилгани Украинадаги ҳодисалар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

- Кутилмаган савол бериб қолиши мумкинда. Масалан, ҳозир Украина воқеалари. Ўзбекистонда бу ҳақда деярли гапирилмаяпти. Матбуот лом-лим демаяпти. Шу ҳақда бериб қолиши мумкин. Россия эртага бизни ҳам қўшиб олса нима, бўлади деб қолиши мумкин. Журналситлар орасида шунақа қизиққонлар бор, - дейди ЎзМТРКнинг собиқ бўлим бошлиғи.

Бундан олдин ЎзМТРК ходимлари рухсатсиз хорижга чиқмасликлари ҳақида огоҳлантирилган эди.

Ҳозирда бу каби кўрсатма қаттиққўллик билан тадбиқ этилаётганига ишоралар бор. Низом чиққанидан сўнг рухсатсиз чет элга чиққан камида бир журналист ишдан бўшатилган.
XS
SM
MD
LG