Линклар

21 март куни Visa ва MasterCard халқаро тўлов тизимлари “Россия” банки ва СПМ банки сингари Россиядаги бир қанча банкларининг мижозларига хизмат кўрсатишни тўхтатди.

АҚШ Россия ҳукуматига молиявий дастак бераётган “Россия” банкига нисбатан санкция қўллагани ортидан жума куни MasterCard ва Visa халқаро тўлов тизимлари мазкур банкнинг мижозларига хизмат кўрсатишни тўхтатди.

Бундан хабар топган Россия президенти Владимир Путин бугунннинг ўзида “Россия”банкида ҳисоб рақами очишга қарор қилганини маълум қилди.

Шунингдек, АҚШ санкция қўллаган ака-ука Аркадий ва Борис Ротенберглар назоратидаги СМП банки мижозларига ҳам жума куни Visa ва MasterCard хизмат кўрсатишни тўхтатди.

СМП банки Visa ва MasterCard халқаро тўлов тизимлари мазкур банкда ишламаётганини тасдиқлаб, АҚШ санкциялари шахсан акциядорларга қаратилгани учун банк мижозларининг бундан азият чекиши ноқонуний, дея баёнот берди.

СМП баёнотида кредит ташкилоти АҚШ ҳудудида ўз активларига эга эмаслиги айтилган.

Шунингдек, Ротенбергларга қарашли Уфадаги Инвесткапиталбанкда ҳам айни муаммога дуч келган.

20 март куни АҚШ президенти Барак Обама Қримни аннексия қилган Россия ҳукуматининг юқори даражали мулозимлари ва Кремлга яқин бизнес эгаларига қарши янги жазо чораларига қўл урганини эълон қилди.

Пайшанба куни Орландога учиб кетиш олдидан Оқ уйда қилган чиқишида президент Обама Америка визаси берилмайдиган¸ АҚШдаги банк ҳисоблари музлатилган россиялик амалдорлар рўйхати кенгайтирилганини билдирди.

Шунингдек, Оқ уй раҳбарининг Россия ҳукуматига молиявий дастак бераётган “Россия” банкига нисбатан ҳам санкция қўллагани маълум бўлди.

Президент Обама¸ лозим бўлса ¸Россия иқтисодининг муҳим соҳаларини нишонга олувчи санкциялар қўлланилиши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантирди.

Барак Обама баёнотидан сўнг Оқ уй расмий саҳифасида АҚШнинг янги санкциялари рўйхатига кирган 20 шахс номи эълон қилинди.

Улар орасида Россия президенти маъмурияти бошлиғи Сергей Иванов, Россия Давлат Думаси вице-спикери Сергей Железняк, Россиядаги "Волга груп" инвестиция ширкати раҳбари Геннадий Тимчекнко исмлари бор. «Россия» банки ҳам мазкур рўйхатга киритилди.

АҚШ президенти Барак Обама¸ бундай жазо чораларига қарамай¸ пайшанба кунги чиқишида Москва ва Вашингтон ўртасида дипломатия давом этишига умид билдирди.

АҚШ 17 март куни эълон қилган биринчи қора рўйхатга Россия президенти ёрдамчиси Владислав Сурков, президент маслаҳатчиси Сергей Глазьев, ҳукумат раиси муовини Дмитрий Рогозин и Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко исмлари бор эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG