Линклар

OzodTil лойиҳасини бошлаганимиздан бери дунё ўзгарди: Россия ҳар жиҳатдан энг яқин қардоши, биродари Украина ҳудудининг бир қисмини тортиб олди. Ишончга дарз кетди. Айнан шу воқеалар туфайли ҳам, Сизнинг катта қизиқишингизни уйғотган OzodTil тўхтаб қолди - иш кўпайиб, қўл тегмади. Ва ўйлаб қарасак, бу лойиҳа Россия Қримни босиб олганидан кейин фақулодда сиёсий маъно ҳам касб эта бошладики, уни давом эттиришга қарор қилдик. Эътиборингизга ҳали Қрим босиб олинмай туриб Сарвар Усмон ёзган БЛОГни ҳавола қиламиз.


Погонларию шевронлари йиртиб олинган қуроллилар Қримда пайдо бўлган ҳафтада ўрисларнинг “Первий” каналида бўлган бир гап-шоуда ёши 40 лардаги бир ўрис жувон “30 йилдан бери онам билан Киевда яшайман. Онам ҳам, ўзим ҳам украинча билмаймиз, биронтаям украинча сўзни тушунмаймиз”, деди.

Бу гапни жувон мақтаниб айтди. Фахр билан айтди.

Куни кеча скайп-ошналаримдан бири гап орасида мана бундай деб қолди:

“Биласизми, мен бир нарсани ўйлаб қолдим: Россияга келаётганлар рус тилини билиши шарт, деган талаб қўйишса, ичимда бу талабдан норозилик йўқлигини сездим. Боз устига, тўғри-да ахир, Россияда ўрисча гапиришсин-да, деб ўйладим. Айни пайтда Ўзбекистонда давлат ва жамоат ташкилотларида иш мутлақ давлат тилида юритилади, деган талаб қўйилишини тасаввур қилдим ва бу тасаввуримдан уялгандай бўлдим. “Бу миллатчилик эмасмикан?” деган фикр пайдо бўлди. Тушунолмаяпман. Нима учун Россияда барча ҳужжатлар ўрисча
юритилишини тўғри, деб биламизу, “Ўзбекистонда ўзбекча юритилиши керак”, деган фикрдан уяламиз?”.

Скайп-ошнамнинг саволига берган жавобимни ёзиб, гапни чўзмай – унинг саволига Сизнинг ҳам ўз жавобингиз бордирки, фикрида собит ўзбексиз, агар менинг жавобим Сизга ёқмаса, икки дунёда ҳам фикримга қўшилмайсиз.

Ўрислар собиқ совет республикаларининг биронтасида ҳам маҳаллий халқ тилини ўрганган эмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Натижада чегаралари ёпиқ Совет империясида яшаган ўрислар рус тилини бутун дунё билади, деган фикрга келиб қолган шекилли, эндиликда улар Европага чиқиб ҳам маҳаллий халқ вакилларига русча мурожаат қилаверишади. Агар чех, поляк ёки немис унинг русчасини тушунмаса, ҳайрон бўлиб ҳам қўяди.

Уч йил олдин бир ҳафталик бекорчиликни Туркиянинг Аланиясида ўтказарканман, совға дўконларидан бирининг аёл сотувчиси бардақдаги чойини майда хўплаб ўтирган эркак билан бидир-бидир туркча “қўнишаётганини” кўриб, ҳайрон бўлгандим. Ўрис эди аёл. Эркак турк эди.

Аёлнинг ўрислиги аниқ эди (Ахир русни туркдан ажрата оламан-ку!). Бир зумда адашмаганлигим ҳам аён бўлди: бизни кўрибоқ, сотувчи аёл туркчасини тўхтатиб, ўрисчага ўтди: “Пожалуйста, вот костюмчики, вот рубашечки, имеются все размерчики...”

Пештахталарга бирров кўз югуртириб, ташқарилаётганимизни кўрдию аёлнинг бизга қизиқиши сўнди – “Похоже, ничего покупать не будут”. Яна чойхўр турк билан туркча қўнишишни бошлади...

Мен – бир умр нафақат ўрисга, балки ҳар қандай ажнабийга ҳам ўрисча гапириб келган одамга (ўзим ҳам “советман-да” – бутун дунё ўрисча тушунади, деган фикрни болалигимдаёқ шууримга муҳрлаб қўйишган) ўрис аёлнинг туркча “опқочиши” ғалати туюлди.

Нима мажбур қилди уни туркча ўрганишга? Ишми?

Йўқ, бунга зарурат йўқ, аксинча, турк сотувчилар ўрисча ўрганади, чунки дам олувчиларнинг ярмидан кўпи - россияликлар.

Эри туркмикан? Ундай десам, бизда ўрисга уйланганлар тездаёқ ўзлариям ўрислашиб кетади. Ё туркларда ундай эмасмикан?

Ўйлай-ўйлай, ўзимча бир фикрга келган бўлдим: балки бу ҳолатни “Зўрдан зўр чиқса”, деб бошланадиган матал тушунтирар?

Туркларнинг бошқалар билан гаплашганда ўзини қандай тутишига эътибор берганмисиз? Бўйи паст турк ҳам Сизга тепадан қарайди. Чунки улар - империя тузган миллат - нуқси бор.

Русларнинг ҳам димоғи баландлиги империячи миллат эканлигидан. Турк империяси билан Рус империяси кўп уришган ва бир унисининг, бир бунисининг қўли баланд келган.

Кучга таянишга ўрганиб қолган миллат фақат Кучни тан олади ва ўрис жувоннинг туркча бидирлаётганини мен шундан кўрган бўлдим. Балки, мен бу гапни айтар экан, “қулоғидан тортаётгандирман”.

“Қулоғидан тортишим” бошқа нарсани эслатиш учун: инсоният тарихида империя тузган бармоқ билан санарли миллатлар орасида ўзбекларнинг аждодлари ҳам бор. Тошкент марказидаги от устида ўтирган йигит империя қурганини биласиз-ку!

Нима учун ўрис аёл Боязид лаҳжасида гапирадию унинг устидан зафар қозонган Темур лаҳжасида гапиришни ўзига эп кўрмайди?

Нима учун туркда бор ғурур ўзбекда йўқ?

Шуни ўйлайман. Ўйлаб ўйимга етмайман.

Ҳа, майли, етиб ҳам оларман. Бу ерда бошқа бир муҳим гап бор.

Агар эътибор берган бўлсангиз, Россиянинг Украинага ҳамла қилишига инқилоб қилган шошқалоқларнинг: “Украинада фақат битта тил – украин тили давлат тили бўлади”, деган қарори баҳона бўлди. Ҳеч ким руслар русча гапирмайди энди, дегани йўқ. Иш юритишни тўлалигача украин тилига кўчириш тўғрисида гап бўлувди, холос.

Инқилоб қош билан қовоқнинг орасида. Худо кўрсатмасину бир кун келиб, Ўзбекистондаям шунга ўхшаш воқеалар бўпкетса (“инқилоб бўпкетса”
дейишгаям одам қўрқади) ва биронта шошқалоқ чиқиб, “Ўзбекистонда
давлат ва жамоат идораларида иш фақат ўзбек тилида юритилади” деворса, Путин танкасининг устига ўтириб, Тошкентга келволмайдими?

Худо у кунни қора қилсин-е, туф-туф...

Бас, шундай таҳдид бор экан, (борлигини Украинада кўриб турибмиз) ўрис
биродарларга ҳозирданоқ ўзбекчани ўргатишни бошлаш керак, менимча
(аслида, 23 йил олдин бошлаш керак эди).

Уйда, кўчада, ишхонада – хоҳлаган жойида ўрисча гапираверишсин
– гап йўқ. Лекин “заявление” эмас, “ариза” ёзсин. “Справка” эмас,
“маълумотнома” ёзсин ва ҳоказо.

Шундай қилинса, улар шунга кўникса, ҳар қалай, Путиннинг Ўзбекистонга танканинг устида кириб келишига хизмат қиладиган битта баҳонанинг олди олинган бўлади.

Шу гапни айтмоқчийдим, холос.

Сарвар УСМОН

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG