Линклар

Қрим татарлари мажлиси ўз ватандошларини украин паспортларини сақлаб қолишга чақирмоқда. Россия Давлат Думаси Қримнинг Россия таркибига қўшилганини эълон қилиши ортидан ярим оролда яшовчи аҳолига Россия паспортларини бериш бошланган. Айрим қримликлар Россия фуқаролигини олишни истамай, Украина ғарбига йўл олмоқда.

Қрим аҳолисининг тақрибан 17 фозини ташкил этувчи қрим татарларнинг кўпчилиги Россия фуқаролигини олишни истамаётганликларини айтишади.

Қрим татарлари мажлиси ўз ватандошларини украин паспортини сақлаб туришга чақирмоқда.

Қрим татарлари мажлиси аъзоси Рамзи Илёсов Озодлик билан суҳбатда қримликлар рус фуқаролигини олишга мажбурланаётгани ҳақида гапирди.

- Айрим ҳудудларда фуқароларимизни Россия фуқаролигини олишга мажбурлашаяпти. Бошқа жойларда "энди нима қиламиз", деган гаплар айтилаяпти. Биз ватандошларимизни бу ҳақда ортиқча ташвишланмасдан, украин паспортларини сақлаб туришни тавсия этяпмиз. Чунки, Россия паспортини олган билан улар Украина фуқаролигини йўқотишмайди, - деди Рамзи Илёсов.

Қрим аҳолисининг 20 фоизини ташкил этувчи қрим татарларининг кўпчилиги ўзларини ҳозир икки ўт орасида қолгандай ҳис қилмоқда. Лекин уларнинг кўпчилиги Қримдан кетиш нияти йўқлигини айтишади.

-Бу ер ватан. Руслар куч билан бу ерни босиб олди. Украинани қўлидан ҳеч нарса келмаяпти. Биз Украина таркибида қолишни истаётган эдик. Ҳозир жуда ёмон аҳволга тушиб қолдик. Лекин бу ердан кетиш ниятимиз йўқ, - дейди 42 яшар симферополлик Даврон.

Айни пайтда Россия паспортини олишни истамай, Украина ғарбига йўл олаётган қримликлар ҳам кўп.

- Львовда қариндошларимиз бор. Улар ёнига кетяпмиз. Бу ерда қолиш фарзандларим учун хавфли, -дейди икки фарзанди билан Украина ғарбига отланган қримлик татар Фарида.

Дунё ҳамжамияти ҳам Қримни Россияга қўшиб олиниши бўйича ўтказиалгн референдумни ноқонуний деб эълон қилган.

Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи Қримни аннексия қилган Россияга қарши санкция қўллади.

Киев ҳукумати Қримни ҳали ҳам ўз ҳудуди деб билади ва Россияни ўз ҳудудий суверенитетини бузганликда айблади.

Жума куни Киевда БМТ Бош котиби билан учрашган Украинанинг муваққат президенти Александр Турчинов Қримни Рооссия ишғолидан қутқариш учун ўз ҳукумати бор имкониятни ишга солиши ҳақда таъкидлади.

Украина Бош вазири Арсений Яценюк эса Киев ҳукумати қримликларни ҳали ҳам украин фуқаролари, деб ҳисоблашини айтди.

Киев ва Москва ўртасидаги муносабатлар таранглигача қолар экан, Украина ҳукумати Қрим собиқ Бош вазири Сергей Аксёнов ва парламент раиси Владимир Константиновга қарши қидирув эълон қилган.

Аксенов ва Константинов Украинада давлат тўнтариши ва ҳокимиятни эгаллаб олишда айбланмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG