Линклар

logo-print

Давлат Думаси Қримнинг Россия таркибига қўшилганини эълон қилиши ортидан Россия кучлари ярим оролдаги украин ҳарбий қисмларини ишғол этишга киришди. Хабарларга кўра¸ украин ҳарбийлари қаршилик қилмасдан, Украина мадҳиясини айтиб, ҳарбий қисмларни тарк этмоқда.

Россия қўшинлари ҳамда ўзларини "Қрим мудофааси жангчилари" деб атаётган гуруҳлар ярим оролдаги бир қанча украин ҳарбий қисмлари ва кемаларини босиб олди.

Украин ҳарбийлари қаршилик қилмасдан, Украина мадҳиясини айтиб, ҳарбий қисмларни тарк этмоқда.

Россиялик ҳарбийлар шанба куни зирҳли техника ёрдамида Украинанинг Қримдаги Белбек ҳаво базасини штурм қилди.

Украиналик аскарлар базани тарк этишдан бош тортишлари ортидан рус ҳарбийлари у ерга бостириб кирган, штурм пайти ўқ овозлари эшитилган.

Украина Мудофаа вазирлигига кўра, Севастопол шаҳри яқинидаги Белбек ҳарбий базасига ҳужум оқибатида икки киши - украиналик ҳарбий хизматчи ва журналист яраланган.

Шунингдек, Россия кучлари Севастопол соҳилидаги Украина ҳарбий кемалари, жумладан, "Славутич" крейсерини ҳам ишғол этди.

Ишғолчилар кемага Россия байроғини тикканлар.

Шунингдек, ўзини "Қрим мудофааси жангчилари" деб атаётган гуруҳ ярим орол ғарбида Новофедоровка шаҳридаги украин ҳарбий базасини ҳам эгаллаган.

Ҳарбий база ишғол этилганидан сўнг ҳарбий қисм аскарлари Украина мадҳиясини айтиб, базани тарк этган.



Ҳозирда Россия кучлари Қримни тўла назорат этаётгани айтилади.

Ўтган ой Украинада президент Виктор Янукович ҳокимияти ағдарилиши ортидан Россия Қрим оролини аннексия қилди.

Кремл расмийлари бу қадамини “ўз ватандошларини украиналик фашистлардан” ҳимоялаш зарурати билан изоҳламоқда.

Киевнинг янги раҳбарияти эса буни "Россиянинг Украина ҳудудини босиб олиш учун ўйлаб топган уйдирмаси", демоқда.

Украина раҳбарияти ўтган ҳафтада Қримни Россияга қўшиб олиш бўйича ўтказилган референдумни ноқонуний, деб атаган.

16 март куни ўтказилган ва ғарб ҳукуматлари ҳам тан олмаган референдумда ярим орол аҳолисининг кўпчилиги Россияга қўшилиш истагини билдиргани айтилади.

Референдум ортидан Россия президенти Владимир Путин Қримни Россия таркибига қўшиш борасидаги қонунни имзолади.

АҚШ ва Европа Иттифоқи эса буни аннексия дея, Россияга қарши санкциялар жорий этди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG