Линклар

Россия қўшинлари таҳдиди боис Украина раҳбари Қримдан қўшинларни олиб чиқишни буюрди


Украина муваққат президенти Александр Турчинов мамлакат мудофаа вазирлигига Қримдан барча украин қўшинларини олиб чиқишни буюрди. Унинг айтишича, украин ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларига Россия қўшинлари томонидан таҳдид қилинаётгани бундай қарорга сабаб бўлган.

Бундан бир неча соат аввал Россия қўшинлари Феодосиядаги Украинага қарашли ҳарбий флот базасига бостириб кирди. Рус ҳарбийлари карахт қилувчи гранаталар ва автоматларни ишга солгани хабар қилинди. Талафотлар ҳақида хабарлар йўқ.

Мазкур база Украина байроғи остида қолаётган саноқли ҳарбий иншоотларнинг бири эди.

Украина Мудофаа вазирлигининг Қримдаги матбуот вакили Владислав Селезнёвга кўра, Феодосиядаги флот базасини босиб олган рус қўшинларига ҳарбий вертолётлар ва зирҳли машиналар кўмаклашган.

Селезнёв ўзининг Facebook саҳифасида ёзишича, Россия қўшинлари украин денгизчилари қўлларини боғлаб, базадан олиб чиқиб кетган.

Қримни аннексия қилган Россия минтақадаги ҳарбий базаларни ўз назоратига олишда давом этмоқда. Ўтган дам олиш кунлари Украинага қарашли иккита ҳарбий иншоот ҳам рус қўшинлари томонидан босиб олинди. Якшанба куни Россия Мудофаа вазирлиги Қримдаги 189 ҳарбий иншоот устида Россия байроғи тикилганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG