Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:08

Юридик шахсларнинг чет элда банк ҳисоб очиш тартиби ўзгарди


Марказий банк биноси
Марказий банк биноси

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 10 март куни қабул қилган 56-рақамли қарорига кўра¸ Марказий Банк изнисиз юридик шахсларнинг чет элда ҳисоб рақами очиши қонунга зиддир. Банк мутахассисларига кўра, ҳисоб рақами очиш жараëни бир оз ўзгарган.



Ўзбекистон Марказий банки мутахассиси Асқарбек Ҳайдаров Озодлик билан суҳбатда бу холатни “Ўзбекистондаги ширкатларнинг чет эл банкида ҳисоб очиш тартиби енгиллашгани” деб билишини айтди.

Суҳбатдошга кўра¸ чет эл банкларида ҳисоб юритиш ва ҳисобот қоидалари Марказий банк томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро стандартларга мувофиқ 1993 йилда “Валютани тартибга солиш” қонунида белгилаб қўйилган:

- Ҳозир қабул қилинган 56-қарорда тадбиркорларнинг банк иши бўйича изн олиш тартибининг ўзгаргани ҳақида гап кетяпти. Ўзгарган нарса бунинг электрон тарзга кўчиши. Масалан, олдин юридик шахс чет эл банкида ҳисоб очиш учун махсус бланкага мактуб ëзиб сўровнома топширган бўлса¸ энди бу тадбиркор бемалол ўз офисида ўтириб, Марказий банкга электрон мактуб ëзиб¸ айни тарзда электрон изн олиши мумкин. “Разрешение” эса тадбиркорга электрон шаклда жўнатилади¸ дейди мулозим.

Суҳбатдошга кўра¸ янги ҳолатда тадбиркорнинг вақти тежалади.

- Олдин ҳам барча тадбиркорлар чет элда ҳисоб очиш учун Марказий банкдан изн олиб келган. Бу темир қоида. Ҳозир эса янги қоида шарофати билан бу изн электрон шаклга ўтди¸ дея таъкидлади суҳбатдош.

Айни пайтда, Ўзбекистондаги кўпгина ширкатлар қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон банкларида Марказий банк изнисиз ҳисоб рақамлари очиб тадбиркорлик қилаëтганига оид мисоллар бор.

Ўзбекистонда полиграфик махсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган ширкатнинг ўзини Мақсудбек деб таништирган вакили Озодлик билан суҳбатда кўпчилик тадбиркорларнинг нега Марказий банк изнисиз чет элда хисоб очаëтганлигини тушунтириб берди.

- Махсус ускуналар ëки типографик бўëқларни чет элда биз фақат валютага сотиб олиш имконимиз бор. Бизга бу бўëқлар зудлик билан керак бўлади. Банкдан изн олишга эса узоқ вақт кетади. Шунинг учун биз чет элдаги ширкат билан ҳамкорлик шартномаси асосида чет эл банкларида хисоб очишга мажбур бўламиз. Бизга буюртма берганлар ҳам пулни ўша жойга кўчиришади. Бу биз учун қулай¸ дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон Марказий банки мутахассиси Асқарбек Ҳайдаровнинг айтишича¸ Марказий Банк изнисиз юридик шахсларнинг чет элда ҳисоб рақами очиши қонунга зиддир.

Дипломатларга истисно бор бироқ....

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 10 март куни қабул қилган 56-рақамли қарорида мамлакатдаги дипломатик идораларга истисно тарзида чет эл банкларида Марказий банк изнисиз ҳисоб очишга руҳсат берилади.

Шу билан бирга айни қонун дипломатик идоралар Ўзбекистондаги фаолиятини тугатганида чет эл банкларидаги дипломатик ташкилотга оид қолдиқ пул мамлакат ичидаги банк ҳисобига ўтказилиши лозимлигини ҳам талаб қилади.

Назорат ва сурункали ҳисобот

Чет элда ҳисоб рақами бўлган ширкатлар ҳар ой Марказий банкга мунтазам ҳисоб бериб туриши керак.

Ўзбекистон Марказий банки мутахассиси Асқарбек Ҳайдаровга кўра¸ юридик шахслар чет эл банкларидаги пул ҳаракатлари борасида ойлик ҳисоботни ҳар ойнинг бешинчи кунигача топшириши лозим.

Бунинг баробарида юридик шахс айни ҳисоботни ўзи қайддан ўтган солиқ идорасига ҳам ҳар ой топшириб туриши лозим.

Марказий банк кейинги бир йил ичида валюта билан боғлиқ жараëнларни чеклашни бошлагани кузатилади.

Ўтган йил 1 февралдан кучга кирган янги тартибга мувофиқ, банкларга жисмоний шахсларга нақд валюта сотиш тақиқлаб қўйилди.

Ўзбекистон Марказий Банкининг Озодликка билдиришича, чеклов Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган барча жисмоний шахсларга тааллуқлидир.

Ўтган йили киритилган тартибга биноан жисмоний шахслар валютани банклардан фақат нақд бўлмаган кўринишда сотиб олиши мумкин.

Бунинг учун улар Visa ёки Mastercard сингари халқаро тўлов карточкалари, шунингдек, миллий валюта-сўм маблағлари бўлган банк карточкасига эга бўлишлари талаб этилади.

Бу ҳолатда, хорижий валютани Ўзбекистон Марказий банки белгилаган нарх бўйича халқаро тўлов карточкасига ўтказиш йўли билан сотиб олиш мумкин бўлади.

Таҳлилчиларга кўра, чет эл валютаси савдосини чекловчи тартиблар мамлакат бюджети, хусусан, валюта заҳираларини тўлдиришга қаратилган мажбурий чоралардир.

Ўзбекистон собиқ СССР давлатлари орасида чет эл валюталарининг қора бозори амал қиладиган ягона давлатдир.
XS
SM
MD
LG