Линклар

Сурияга оиласи билан бораётган жиҳодчи ўзбеклар кўпаймоқда


Ўзини мужоҳид Абу Усмон Ўзбек, деб таништирган ўзбекистонлик WhatsApp орқали Озодликка йўллаган видеодан олинган сурат.

Ўзини мужоҳид Абу Усмон Ўзбек, деб таништирган ўзбекистонлик WhatsApp орқали Озодликка йўллаган видеодан олинган сурат.

Сурияда жиҳод қилаётганини айтган Абу Усмон Ўзбек исмли ўзбекистонлик WhatsApp тармоғидан Озодликка боғланди ва Шом диёрида жанг қилиб юрган жиҳодчилар орасида оиласи билан жабҳага кираётган ўзбекистонликлар сони ортаётганини айтди. Норасмий кузатувларга кўра, кейинги пайтларда бундайлар сафига Россиядан бораётган ўзбеклар қўшилмоқда. Туркиялик ҳуқуқ фаоллари Суриядаги жиҳодчи ўзбеклар сони 3-3 ярим минг кишига етганини тахмин қилмоқда.


Жиҳодчи А.Усмон: “20 йил ҳуқуқ-тартибот идорасида ишлаганман!"

Сурияда жиҳод қилиб юрганини айтган ва ўзини ўзбекистонлик мужоҳид Абу Усмон Ўзбек, деб таништирган бир ўзбек куни кеча WhatsApp орқали Озодликка боғланди.

Сўнгги пайтларда Озодлик ва бошқа ахборот воситаларида Сурияда жанг қилаётган жиҳодчилар ҳақида берилаётган маълумотларга раддия билдирмоқчи бўлган бу жиҳодчи Озодликнинг бир қатор саволларига жавоб берди.

Унинг саволларимизга берган жавобларни ҳавола этишдан шуни таъкидлар эдикки, WhatsApp орқали олинган бу жавобларни сизга ҳавола қилишдан ягона мақсад - қўлига қурол олиб, олис Суриядаги диктатор режим раҳбари Башар Ассад армиясига қарши жанг қилаётган ўзбекистонликларнинг шахсияти ва мақсади билан танишиш ҳамда эркин матбуотга хос бир тарзда мавжуд воқеликни объектив ёритишга уринишдир.

Зеро, Сурияда қарийб уч йилдан бери давом этаётган қуролли низонинг бутун дунё бўйлаб сунний мусулмонларни жалб қилаётган мазҳабларо уруш майдонига айлангани ва бу жаҳиодчилар сафида ўзбекистонликларнинг кўпайётгани реал воқеликдир.

Жумладан, Озодлик саволларига жавоб берган ва ўзини ўзбекистонлик мужоҳид Абу Усмон, деб таништирган жиҳодчи ўзи ҳақида мана бу маълумотларни тақдим қилди:

- Ўзбекистоннинг Андижониданман. Муқаддам Тошкент давлат юридик олийгоҳини тамомлаганман. 20 йил мобайнида ҳуқуқ-тартибот идораларида юқори лавозимларда ишлаб чиққанман, - деди бу жиҳодчи.

44 ёшда эканини айтган Абу Усмон ўзини Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг кўп йиллик собиқ ходими деб тақдим қилар экан, айнан қайси идорада ким бўлиб ишлаганини очиқ айтмади. (Озодлик тасарруфида бу маълумотни тасдиқловчи далиллар йўқ.)


Жиҳодчи А.Усмон: “Давлати исломий Ироқ ва Шом” жамоасиданмиз!"

Абу Усмон қачон ва қандай йўллар билан Сурияга борганига оид саволларимизни хавфсизлик нуқтаи назаридан жавобсиз қолдиришини айтди.

Сурияда ҳозир нима иш қилаётгани ва қаерда эканига оид Озодлик мухбири саволига WhatsApp орқали жавоб берган жиҳодчи шундай деди:

- Бизнинг жамоамиз яъни кичкина исломий давлатча. "Давлати исломия Ироқ ва Шом" дейилади. Абу Бакр Бағдодий бизнинг амиримиз. Ўша биродаримизга алҳамдулиллоҳ биз байъат берганмиз. Сурияга қандай келган ҳолатни айтадиган бўлсак, бу амниятли, иншооллоҳ, айтилмайди. Сабаби урушга келаëтган биродарларимиз йўлларига тўсиқ бўлиб қолиши мумкин. Лекин, Оллоҳ йўлимизни очиб қўйди. Йўлларни кенг қилиб қўйди. Ҳижратларимизда алҳамдулиллоҳ Ўзбекистондан ҳам, бошқа диëрлардан ҳам алҳамдулиллоҳ жуда биродарлар кўп. Бу ерда оилалиларимиз ҳам бор. Оилалари йўқларимиз ҳам бор. Иншооллоҳ оилалар ҳам келишаяпти,- деди Абу Усмон Ўзбек.

Абу Усмон ўзи тилга олган “Давлати исломий Ироқ ва Шом” номли жамоат ҳақида ҳам ортиқча маълумот бермади. Бу жамоага раҳбар бўлган Бағдодий исмли шахснинг эса араб экани ҳақидаги маълумот билан чекланди. (Озодлик тасарруфида бу маълумот, Суриядаги ўзбек жанггарилари сони 3 мингдан ошиқ экани ҳамда ўзини Абу Усмон деб танриштирган суҳбатдошимиз илгари сурган бошқа иддаоларни тасдиқловчи далиллар йўқ.)

Абу Усмон Ўзбек у каби дунёнинг турли нуқталаридан бораётган жиҳодчиларга "Шом диёрининг зулм остида қолган мусулмонлари муҳтож экани"ни урғулаш ва ўз сўзларига исбот тариқасида бир видеони Озодликка WhatsApp орқали йўллади.



Жиҳодчи А.Усмон: "Оллоҳ (Сурияга) йўлимизни очиб қўйди!"

Эшитганингиз каби, Сурияда жанг майдонида юрган ўзбекистонлик ҳам Сурияга йўллар очилгани ва жиҳодчилар ёҳуд муҳожир мусулмонлар бу давлатга оилалари билан бормоқдалар.

Ҳатто, қатор ижтимоий тармоқларда жиҳодчи ўзбеклар, қирғизлар, қозоқларнинг оилалари, фарзандлари билан тушган суратлари суратлари, Youtube тармоғида эса жанг майдони ва Суриядаги муваққат бошпанаси акс этган видеолар пешма-пеш жойланмоқда.

Улардан яна бири билан суҳбатлашиш имкони туғилган бу кезда ҳам Озодлик мухбири жиҳодчи ўзбекдан унинг асл мақсадини сўради.

- Бутун дунëдаги куфр тузумини хоҳловчиларга уруш очганмиз. Бу ëқдан Америка тоғутлари, Россия тоғутлари, Ўзбекистон, Қирғизистон, Ассад, Саудия Арабистони тоғутлари дейсизми, барча-барча тоғуту мушрикларга нисбатан биз уруш очганмиз. Оллоҳнинг йўлидаги улуғ жангга қатнашганимиздан Оллоҳга ҳамдлар айтамиз!

Оллоҳ йўлида, Оллоҳнинг каломини олий қиламан, деб жон бериб жиҳод майдонларида юрган биродарларни кофир мунофиқ мушриклар “Улар адашган, террористлар. Ўрта мактабларни зўрға битириб олган. Улар ақлсиз оми. Алдаб буларни турли маблағлар ҳисобига олиб кетишган”, деган бўҳтонларни очиқдан очиқ қўрқмай гапиришади.

Мана мен шоҳидманки, ҳеч қанақа бу ерда ақлсиз одамлар тўпланмаган. Алҳамдулиллоҳ, энг ақлли инсонлар шу ерда жамланган. Жоҳилона тилда гапирадиган бўлсак, хоҳ юрист дейсизми, медик дейсизми, инженер дейсизми, технолог дейсизми, хуллас барча-барча психолог дейсизми, идеологлар, барча-барча биродарлар бу ерда тўпланишган.

Улар фақат Роббимиздан қўрққанлиги учун бу ерда. Улар бой-бадавлат инсонлар. Ғарбдан дейсизми, Шарқдан дейсизми, Европа, Осиëдан бой-бадавлат инсонлар, ҳатто, сафимизда бор. Улар бутун борлиғини, оиласи, керак бўлса, молу дунëсидан шу йўлда воз кечиб, Оллоҳнинг йўлида бу ерга келишган!

Каримовпарастлар туҳмат қиладики, бизларга 500-1000-2500 доллардан пул беради, шу пул учун булар ëлланма жангчилар бўлиб, жанг қилишаяпти, деб. Астағфируллоҳ, бу туҳматлардан биз ҳолимиз. Бизнинг ниятимиз шу олий Роббимизнинг динини олий қилиш, бундан бошқа нарса йўқ. Бунинг учун бизга ажримизни фақат Роббимиздан кутамиз! - деди Сурияда жиҳод қилаётганини айтган Абу Усмон Ўзбек.

Қуйида у билан WhatsApp орқали қурилган суҳбат ва Суриядаги ўзбекистонлик жиҳодчилар ҳақида тайёрланган "Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришини тинглашингиз мумкин.


О.Чевик: "Сурияда 750 аскари бўлган ўзбек қўмондон ўлдирилди"

Истанбулда фаолият кўрсатаётган “Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти раҳбари Одам Чевикнинг Озодликка айтишича, ўтган ҳафта Истанбулдаги масжидлардан бирида Сурияда 750 атрофидаги жангчига етакчилик қилган ўзбек қўмондони Муҳаммадали Абдураҳмоновга ғойибона жаноза ўқилган.

- Исми Муҳаммадали Абдураҳмонов. Бу ўзбек бир йил Туркияда ҳибсда ётган. Уни депортация қилишга уринишди. Аммо, ҳуқуқ фаолларининг ҳаракати билан озод қилинганидан кейин у юртига қайтишни истамади. "Ўз юртимга қайтиб, беҳуда ўлим топиш ёки қамоққа маҳкум бўлишдан кўра, Сурияга бориб у ердаги мусулмонларга кўмаклашаман”, деган қарорга келганини билдирган ва кейин аёлини олиб, Сурияга кетишга уринган эди, дея хотирлайди Одам Чевик.

Одам Чевикдаги норасмий маълумотларга кўра, марҳум Муҳамммадали Абдураҳмоновнинг рафиқаси Фотима Абдураҳмонов ҳозир Сурияда қолмоқда.

Бир ҳафта муқаддам Сурияда жанг майдонида ўлдирилган Муҳаммадали Абдураҳмонов 2012 йилда қарийб бир йил Истанбулдаги хорижликлар сақланадиган Қумқапи депортация марказида ҳибсда сақланган эди.

У 2010 йилги Ўш қириғинидан сўнг оиласи билан Туркияга кетгани ва полиция суриштируви ортидан ҳибсга олинганини Озодликка сўзлаб берган эди.


О.Чевик: "Жиҳодчилар икки нақд ўлимдан бирини танламоқда"

Аммо юртига қайтса, таъқиб ва тазйиқларга учраши ҳамда қамоққа олинишига шубҳа қилмаган марҳум Муҳаммадали Абдураҳмонов каби диндор ўзбеклар орасида кейинги пайтларда Сурияга йўл ола бошлаганлар кўпайётгани айтилмоқда.

- Уларнинг сони муттасил тарзда ошиб бормоқда. Баъзилари у ерда тирикчилик қилаяпти фақат, жангда қатнашаётган йўқ, тушунаяпсизми?! Хотинлар, болалар бор у ерда. Яъни, хориждан Сурияга бораётган мусулмон муҳожирлар сони ҳам ортаяпти. Муҳожидларга нон пиширб бераётган, сув ташиб бераётган, уларнинг хизматини қилиб юрганлар ҳам кўп ҳозир, - дейди сўнгги бир йил ичида Суриядаги вазиятнинг шиддатли тарзда ўзгариб кетганини таъкидлаган туркиялик фаол.

Унинг таъкидига кўра, Сурияга жанг қилиш учун эмас, жанг қилиб юрганларга хизмат қилиш учун бораётганларнинг аксарияти дунёнинг турли давлатларда у ёки бу кўринишда ҳақсизликка учраган мусулмонлардир.

Одам Чевик ҳозир Сурияда жанг қилаётган ўзбекистонлик жангчилар сони, норасмий кузатувларга кўра, 3 минг 500 га яқин, деб ҳисоблайди.

- Бизнинг ташкилот ҳуқуқий ва гуманитар ёрдам билан шуғуллангани боис, бизга мурожаат қилганлар орасида Суриядан келганлар ва Сурияга кетаётганлар ҳам бўлмоқда. Биз ҳам худди сиз каби улардан жангчилар сони, мақсади ва аҳволига оид саволларни сўраймиз. Ана шу сўровларимизга олган жавобларга кўра, фақат ўзбекистонликларни сўрасангиз, 3 минг - 3 минг 500 га яқин. Аммо, Туркистон ўлкаларидан келганларнинг сони 10 мингга яқин. Табиийки, бу рақамлар норасмий манбалардан олинган, менда бу маълумотларни тасдиқловчи расмий маълумотлар йўқ, - дейди Одам Чевик. (Озодлик тасарруфида ҳам бу маълумотни тасдиқловчи далиллар йўқ.)

Аслида ҳозир Сурияда маҳаллий исёнчилар сафига қўшилиб, Башар Ассад режими ҳарбийларига қарши курашаётган ўзбекистонлик ва умуман, Марказий осиёлик жиҳодчилар сони маълум эмас.

Сўнгги мустақил кузатувларга кўра, улар сафига қўшилаётган янги жиҳодчиларнинг асосий йўли Туркия орқали кечмоқда. Бу давлат орқали ўтаётган ўзбекистонликлар кўпайётгани ва уларнинг, ҳатто оиласи билан жанг майдонларига яқин ҳудудларга бориб қолаётгани айтилмоқда.

Одам Чевик унинг ватани орқали Сурияга йўл олаётган мусулмон муҳожир ва жиҳодчилари сони ортаётгани яна бир асосий сабаби бу ерда бегуноҳ қурбон бўлатган минглаб мусулмонлар тақдирига ҳайрихоҳлик, деб ҳисоблайди.

- Исталган давлатни олинг, бир киши ноҳақ ўлдирилса, бутун матбуот ва жамоатчилик оёққа қалқади. Сурияда эса 150 минг мусулмон ўлди, буларнинг 15 минги болалар, 4 минг 500 нафари эса аёллардир. Булар гуноҳсиз, тинч аҳоли, бегуноҳ мусулмонлар. На ғарб давлатлари, на БМТ буларни ҳимоя қила олаяпти. Сурияга жангга кетаётган мусулмонларнинг аксарияти ана шу қурбонларга куйганидан кетаётганини очиқ-очиқ бизга айтмоқда, - дейди ҳуқуқий ҳимоя ва гуманитар ёрдам билан шуғуллангани боис жиҳодчилар ҳамда уларнинг яқинлари билан рўбарў келаётган туркиялик фаол Одам Чевик.


К.Йўлдош: "Туркияга Россиядан келаётган ўзбеклар кўпаймоқда"

Истанбулдаги журналист Камолиддин Йўлдош бу давлатга келаётган ўзбекистонликлар сони ортаётгани ҳақидаги кузатувларни қувватлайди.

Унга кўра ҳам кейинги бир йил ичида Туркияга кираётган ўзбекистонлик муҳожирларнинг аксарияти Россиядан бормоқда.

- Кейинги бир йил ичида Россияда муҳожирларга нисбатан чеклов ва таъқиблар кучайиб кетгани учун кўпчилик диндор муҳожирлар Туркияга келаётгани бор гап. Ўзбекистонга борса ҳам яна таъқиб-тазйиқларга учраяпти. Шунинг учун, визасиз кириш мумкин бўлган ва тирикчилдик қилиш мумкин бўлган давлатлардан бири Туркия бўлгани учун бу ёққа келишаётган бор гап. Лекин, уларнинг Сурияга ўтиб кетаётгани ҳақида менда бирор маълумот йўқ, - дейди Камолиддин Йўлдош.

Туркия билан Сурия ўртасидаги чегара узунлиги 900 километрни ташкил қилади. Суриядан келаётган қочқинлар оқими ошиб бораётгани боис Анқара расмийлари чегарадаги назоратни кучайтираётганини кўп бор маълум қилган.

Ҳатто, икки давлат ўртасида аҳоли қатнови кўп кузатилган Газиантеп шаҳрининг чегара қисмида 4 метр, Нусайбин шаҳрининг чегара қисмида эса 2 метрлик девор кўтаришга қарор берган.

Аммо, шунга қарамасдан жанубий чегаранинг 900 километрлик сарҳади чегарачилар ва ҳарбийлар назоратидан ҳоли қисмидан ёҳуд маҳаллий аҳоли кўмагида очилган яширин йўллар орқали Туркия ҳудудидан Сурияга ўтиб кетаётган муҳожирлар оқими тўхтамаяпти.


"Сурия урушига диний изоҳ - фитнадир!"

Озодлик шу кунга қадар Сурияда жиҳод қилаётганини айтган ўзбеклар билан кўп бор суҳбатлашди.

Бундан ташқари, бу давлатда шиа ва сунний мусулмонлар ўртасидаги мазҳабларо урушга айланиб кетган 3 йиллик фуқаролик урушида хориждан, жумладан Ўзбекистондан бориб қатнашаётганлар борасида ўзбекистонлик ва марказий осиёлик уламолар, диндорлар, сиёсатчилар ва собиқ жиҳодчилар мулоҳазаларини сизга тақдим қилган.

Табиийки, жиҳодчилик ҳаракати "террорчилик" сифатида малакаланган ва бунинг учун минглаб ўзбекистонлик диндорларни узоқ муддатларга озодликдан маҳрум қилаётган Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари расмийлари хулосалари ҳам олинган.

Қуйида эса Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансурнинг бу борадаги жавобини тинглашингиз мумкин.


"Шом - Аллоҳ таоло олий мартабали қилган юрт"

Айрим ўзбекча исломий сайтлар ва ижитмоий тармоқдаларда саудиялик уламо Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал Орифийга нисбат берилган "Сурияда кўрганларим" номли битик Islomnuri.com сайти таҳририяти таржимаси билан кўчириб босилмоқда.

Унда қуйидаги жумлаларни ўқиш мумкин:

"Бизнинг Шом ҳақидаги сўзимиз Ливия, Миср, Тунис, Яман, Ироқ ва Фаластиндан ўзгача бўлади. Биз Аллоҳ таоло шарафли қилган ва олий мартабали қилган юрт ҳақида гапирмоқдамиз. Бу юртда охир замонда мусулмонлар ва насоролар ўртасида ҳал қилувчи жанг бўлади. Имом Муслимнинг ривоятида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек, мазкур жангга насронийлар 80 та байроқ осида келишади, ҳар бир байроқ остида 12 минг аскар бўлади. Мусулмонлар уларни қириб ташлайдилар ва катта ғалабага эришадилар. Исломни шавкати кучаяди, Ла илаҳа иллаллоҳ олий бўлади.

Ийсо — алайҳис-салом — Димашқнинг шарқидаги оқ минора олдига икки қўлларини икки фариштанинг қанотларига қўйган ҳолди тушадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек, одамларни адаштирган, ўзининг фириблари билан уларнинг дини билан ўйнашган, уларни куфр чоҳларига отган Дажжол ҳам Шом диёрида қатл қилинади. Шомга фароғат бўлсин!
"


"Шомда ислом вужудига қарши хатарли қуроллар" қўлланади

Яна бир ўзбек тилидаги исломий интернет нашрида эса айнан Суриядаги низоларга дунё мусулмонларининг куйинчаклик билан ёндошаётгани сабабларидан бири кўринади.

Ўзбек интернет фойдаланувчилари орасида севиб ўқиладиган Islom.uz сайтидаги "Фиқҳий мазҳабларнинг исломдаги бирликни асраб туришдаги аҳамияти" номли мақолада шундай жумлалар бор:

"Тўртинчи ва охирги нуқта: Шом диёрида исломнинг вужудига қарши кураш воситаси бўлган энг хатарли қуролларга эътибор қаратишнинг зарурлиги.

Албатта, у иккинчиси бўлмаган ягона қуролда гавдаланади. У ҳам бўлса, ислом умматининг қолган қутган бирлигини, бу умматнинг гуруҳлари ва шахсларининг ораларини боғлаб турган ақидавий кўприкларни йўққа чиқариш қуролидир.

Батаҳқиқ ушбу қурол мафкуравий урушни ўзларига касб қилиб олганларнинг унга қаттиқ суянганликларига қарамасдан олдинлари махфий эди. Лекин у мана шу сўнги йилларда очиқ ойдинга айланди. Зотан буни тасдиқловчи хужжатлар силсиласи шу ишларнинг эгалари ва уларнинг буйруқларининг ижрочилари томонидан ҳеч бир махфийликсиз ёки эҳтиёткорликсиз зуҳурга чиқиб давом этмоқда."



"Катта уруш куни мусулмонлар қароргоҳи Шомда...бўлади"

Шу кунларда ўзбек тилидаги ижтимоий тармоқларда эса мана бу ҳадис бот-бот кўзга ташланмоқда:

"Абу Дарда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Катта уруш куни мусулмонларнинг қароргоҳи Шомнинг энг яхши шаҳарларидан бири бўлган Димашқ деб аталадиган шаҳар яқинидаги Ғўта деган жойда бўлади», дедилар. (Имом Аҳмад “Муснад”ида ривоят қилган, Шайх Шуъайб Арнуаут саҳиҳ деган)
"


Сурияда жиҳод қилиш фарз бўлганми?

2013 йилнинг 14 июнида Қоҳирада учрашган Ислом уламолари кенгаши Сурияда жиҳод қилиш бу давлатдаги мусулмонлар учун “фарзи айн бўлди” мазмунида фатво берган эди.

Шу фатводан сўнг, норасмий манбаларда айтилишича, биргина Индонезиянинг ўзидан 1 миллионга яқин одам жиҳодда қатнишиш истагини билдирган.

Шайх Юсуф Қарзовий етакичилигидаги Ислом уламолар кенгаши фатвосидан сўнг эса тажрибали эски жанггарилар сафига жиҳод қилиш истагида бўлган ёш, янги жангчилар ҳам қўшилаётгани айтилган.

Қуйида ана шу фатвога ўзбек мусулмонлари муносабатлари акс этган "Ислом ва мусулмонлар" эшиттириши махсус сонини ҳам тинглашингиз мумкин.

Унда муқаддам Афғонистондаги жанг майдонларида бўлган, ҳозир эса ғарб давлатларидан бирида яшаётган ўзбекистонлик диндор Исломжон, Сурияда жиҳодда бўлганини айтиб Озодликка WhatsApp тармоғидан боғланган Сайфуллоҳ, Қирғизистон мусулмонлари идораси собиқ раҳбари Содиқ қори Камолов ва Озодлик радиоси таҳлиличиси, шарқшунос, “Озод Ироқ” радиоси директори Сергей Данилочкинларнинг фикрлари ўрин олган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG