Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:26

Катта Еттилик Қримни босиб олган Россияга жавоб қайтариш масаласини кўради


АҚШ Президенти Барак Обама Қримни аннексия қилган Россияга қўшимча жазо чораларини жорий қилиш ниятида, демоқда. Душанба куни Ҳаагада бошланадиган ядровий хавфсизлик бўйича саммит доирасида Обама Катта Еттиликнинг фавқулодда йиғинида Британия, Германия, Италия, Канада, Франция ва Япония етакчилари билан Россиянинг Қримни аннексия қилганига жавобан чора кўриш масаласини муҳокама қилади. Айни пайтда, Россия қўшинлари аннексия қилинган Қримда Украина ҳарбий базаларини босиб олишда давом этаётгани боис Украина муваққат президенти минтақадан қўшинларни олиб чиқишни буюрди.



Президент Барак Обама Амстердамда Ҳолландия Бош вазири Марк Рутте билан учрашувдан кейин Америка билан Европа Иттифоқи Қримни босиб олган Россияни жазолаш ниятларида қатъий, дея баён қилди.

- Европа ва Америка Украина ҳукумати ва халқини қўллаб-қувватлаш ниятида муштаракдир. Биз Россиянинг шу пайтгача амалга оширган ҳаракатлари унга қимматга тушишини таъминалш ниятларида ҳам муштаракмиз, деди АҚШ президенти.

Обама Европа бўйлаб сафаридан олдин Ҳолландияда чиқадиган “de Volkskrant” газетасига берган интервьюсида Россия Президенти Владимир Путин “Украинадаги ҳаракатларининг иқтисодий ва сиёсий оқибатлари қандай бўлишини тушиниши” лозимлиги, лекин “Украина Қўшма Штатлар, Россия ва Европа билан яхши муносабатда бўлиши муҳим” эканини таъкидлади.

Оқ уй раҳбари НАТО давлатларини Украинанинг халқаро майдондаги энг яқин ҳамкори, Европа Иттифоқини эса Американинг жаҳондаги сиёсати аҳкомларидан бири, дея атади.

Душанба куни Ҳаагада бошланадиган ядровий хавфсизлик бўйича саммит доирасида Обаманинг Хитой Президенти Си Цзипинь билан учрашиши кутилмоқда.

Ундан кейин эса АҚШ раҳбари Катта Еттиликнинг фавқулодда йиғинида Британия, Германия, Италия, Канада, Франция ва Япония етакчилари билан Россиянинг Қримни аннексия қилганига жавобан чора кўриш масаласини муҳокама қилади.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ҳаагадаги саммит доирасида Украина бўҳрони юзасидан навбатдаги музокараларни ўтказади.

Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи аллқачон Россия Президенти Владимир Путин доирасига кирувчи амалдор ва олигархларга қарши виза чеклови ва активларни музлатиш каби жазо чораларини жорий қилган.

Айни пайтда Украина муваққат президенти Александр Турчинов душанба куни мамлакат мудофаа вазирлигига Қримдан барча украин қўшинларини олиб чиқишни буюрди. Унинг айтишича, украин ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларига Россия қўшинлари томонидан таҳдид қилинаётгани бундай қарорга сабаб бўлган.

Бундан бир неча соат аввал Россия қўшинлари Феодосиядаги Украинага қарашли ҳарбий флот базасига бостириб кирди. Мазкур база Украина байроғи остида қолаётган саноқли ҳарбий иншоотларнинг бири эди.

Украина Мудофаа вазирлигининг Қримдаги матбуот вакили Владислав Селезнёвга кўра, Феодосиядаги флот базасини босиб олган рус қўшинларига ҳарбий вертолётлар ва зирҳли машиналар кўмаклашган.

Қримни аннексия қилган Россия минтақадаги ҳарбий базаларни ўз назоратига олишда давом этмоқда. Ўтган дам олиш кунлари Украинага қарашли иккита ҳарбий иншоот ҳам рус қўшинлари томонидан босиб олинди. Якшанба куни Россия Мудофаа вазирлиги Қримдаги 189 ҳарбий иншоот устида Россия байроғи тикилганини маълум қилди.

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу душанба куни Қримга бориб, Россияга қарашлди Қора Денгиз флотини кўздан кечирди ва минтақанинг айирмачи бош вазири Сергей Аксёнов билан учрашди.

Шойгу контр-адмирал Денис Березовскийни Қора Денгиз флоти қўмондони ўринбосари этб тайинлади. Березовский шу ой бошида Киев ҳукумати томонидан Украина флоти қўмондони этиб тайинланган, лекин буйруққа зид тарзда Қримнинг россияпараст ҳукумати тарафига ўтган эди.

Ҳаагада ўтказилаётган G7-нинг фавқулодда саммитидан бир кун аввал НАТО бош қўмондони Генерал Филип Бридлав Украина чегараси олдида Россия қўшинлари тўпланаётгани Молдованинг Денстрбўйи айирмачи минтақасига ҳам хавф туғдирмоқда, дея огоҳлантирди.

- Украинанинг шарқий чегараларига жойлаштирилган қўшинлар сони, агар бундай қарор қабул қилинадиган бўлса, Днестрбўйигача юриш қилиш учун мутлақо етарлидир, деди НАТО қўмондони.

Бридлав Россияни ҳамкор сифатида эмас, рақиб сифатида ҳаракат қилаётганликда айблади.

Украинанинг муваққат ташқи ишлар вазири Андрий Дешчица якшанба куни АҚШ телеканалига берган интервьюсида ўз мамлакати билан Россия ўртасида уруш чиқиши эҳтимоллари ошиб бораётганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG