Линклар

Швеция ҳукумати ҳам Гулнора Каримовани гумонланувчи деб эълон қилди


Гулнора Каримова Швеция ва Швейцария ҳукуматлари томонидан пул ювиш ва порахўрликда гумон қилинмоқда.

Гулнора Каримова Швеция ва Швейцария ҳукуматлари томонидан пул ювиш ва порахўрликда гумон қилинмоқда.

Швеция бош прокуратураси Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовани катта миқдорда пора олганликда гумон қилмоқда. Швеция терговчиларининг Озодликка айтишича, мамлакатнинг TeliaSonera ширкати Гулнора Каримова назоратидаги фирмалар орқали унга пора берганини кўрсатувчи далиллар қўлга киритилган. Икки ҳафта аввал Швейцария прокуратураси ҳам Ўзбекистон раҳбарининг қизи катта миқдорда пул ювиш жиноятида гумон қилинаётганини эълон қилган эди. Гулнора Каримова шахси билан боғлиқ жиноят терговлари ҳозирда Европанинг бир неча мамлакати ва АҚШда олиб борилаётгани маълум.



Душанба куни Стокҳолмда ўтказилган матбуот анжуманида бу ҳақда маълум қилган Швеция Бош прокуратурасининг коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлернинг Озодликка айтишича, терговчилар ихтиёрида бу гумонларга етарли асос берадиган далиллар бор.

- Гулнора Каримова биз тергов қилаётган порахўрликка алоқадорлигини кўрсатувчи етарли далиллар бор. Бу далиллар қандай эканини сизга очиқлай олмайман, лекин шуни айтишим мумкинки, охир-оқибат TeliaSonera Гулнора Каримова назорат қилган ширкатлар ҳисоб рақамларига пул ўтказганини кўрсата олишга муваффақ бўламиз. Бу бизнинг гумонларимиз ва бу гумонларимизга асос бўла оладиган етарли далилларимиз бор. Биз яна қўшимча далилларни қидиришда давом этамиз. Ҳозирда Гулнора Каримовани айблаш учун етарли далилларимиз йўқ, лекин уни гумонлаш учун етарли далилларимиз бор, деди швед терговчиси.

Ўзбекистон президентининг қизи катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига қарашли TeliaSonera телеком компаниясидан 350 миллион АҚШ доллари миқдорида пора олганликда гумон қилинмоқда.

Швеция терговчилари TeliaSonera ширкати катта миқдордаги порани Ўзбекистонда бизнес қилиш ва у ердаги шўъбаси Ucell мобил оператори фаолияти учун тегишли лицензияларни қўлга киритиш эвазига берган, демоқда.

Гулнора Каримова аллақачон Швейцарияда тергов қилинаётган ва TeliaSonera ишига бевосита боғлиқ бўлган, йирик миқдорда пул ювиш жиноятига доир ишда расман гумонланувчи деб эълон қилинган. Швейцария прокуратураси 12 март куни Озодлик сўровига жавобан Гулнора Каримова 2013 йил сентябрида гумонланувчига айлангани, лекин бу ҳақда энди очиқ эълон қилишга қарор қилинганини билдирди.

"Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили сифатида, Гулнора Каримова ўтган йилнинг ёзига қадар дипломатик иммунитетга эга бўлган. 2013 йилнинг 16 сентябрь куни жиноят терговига Ўзбекистон президенти қизини ҳам пул ювиш гумонларига асосланган ҳолда жалб қилишга қарор қилинди", дейилади Швейцария прокуратуарси жавобида.

Швейцария прокуратурасининг Озодликка маълум қилишича, бу мамлакат банкларида Гулнора Каримовага алоқаси борлиги гумон қилинаётган 1 миллиард АҚШ долларига яқин маблағ музлатилган.
...охир-оқибат TeliaSonera Гулнора Каримова назорат қилган ширкатлар ҳисоб рақамларига пул ўтказганини кўрсата олишга муваффақ бўламиз
Гулнора Каримованинг Швецияда гумонланувчига айлангани эҳтимоллари ҳақида Озодлик ўтган йилнинг июнь ойида хабар қилган эди. Ўшанда Швеция прокуратураси Озодлик ва Швед жамоат телевидениеси очиқлаган Гулнора Каримовага тегишли экани мутахассислар томонидан тасдиқланган ҳужжатлар терговчиларга тақдим қилинишини сўраб, судга мурожаат қилган эди. Прокурорлар аниқ бир шахснинг исмини келтирмагани боис, Гулнора Каримова TeliaSonera ширкатидан пул тама қилганига ишора қилувчи бу ҳужжатларни суд орқали қўлга кирита олмаган эди.

Ўзбекистон фуқароси Гулнора Каримовани ҳибсга олиш ордери бериладими ёки уни сўроққа чақиртириш учун Тошкент расмийларига мурожаат қилинадими, йўқми, бу ҳақда Швеция ва Швейцария расмийлари изоҳ бермаётир.

Лекин TeliaSonera ва Гулнора Каримова ўртасидаги шубҳали олди-бердилар юзасидан Озодлик билан бирга суриштирув ўтказган журналист Йоахим Дивфермарк швед ҳуқуқ-тартибот идоралари бундай сўровни аллақачон юборган бўлиши керак, дея тахмин қилади.

- Менимча, агар буни аллақачон қилишмаган бўлса, шведлар яқин орада Гулнора Каримовани сўроқ қилиш имкони берилишини сўраб Ўзбекистонга расман сўровнома юборишади. Албатта, бундай имкон берилишига шубҳаларим бор, лекин бундай сўровнома юборилишига ишончим комил, дейди журналист.

Гулнора Каримовага алоқадор жиноят ишлари Швеция ва Швейцариядан ташқари Франция, Ҳолландия, Финляндия, Латвия ва АҚШда ҳам тергов қилинмоқда.

Шу ой бошроғида Ҳолландия бош прокуратураси Россия ва Норвегияга қарашли Ўзбекистондаги Beeline мобил оператори эгаси Vimpelcom ширкати устидан тергов бошлади. Ҳолландия терговчилари бош қароргоҳи Асмтердамда жойлашган Vimpelcom билан бирга TeliaSonera ширкатини ҳам тергов қилмоқда.

Ҳолландлар билан параллел тарзда АҚШ Адлия вазирлиги ва Қимматбаҳо қоғозлар ва биржа операциялари бўйича комиссияси ҳам Vimpelcom, TeliaSonera ҳамда Россиянинг МТС ширкати устидан тафтиш бошлади.
Vimpelcom ва TeliaSonera Гулнора Каримованинг хос ёрдамчиси Гаянэ Авакян номига Гибралтарда расмийлаштирилган Takilant Ltd. фирмаси билан олди-берди қилган.

Vimpelcom ва TeliaSonera Гулнора Каримованинг хос ёрдамчиси Гаянэ Авакян номига Гибралтарда расмийлаштирилган Takilant Ltd. фирмаси билан олди-берди қилган.

Бу уч йирик ширкатнинг камида иккиси Vimpelcom ва TeliaSonera Гулнора Каримованинг хос ёрдамчиси Гаянэ Авакян номига Гибралтарда расмийлаштирилган Takilant Ltd. фирмаси билан олди-берди қилган. Швед терговчилари айнан Takilant Ltd. TeliaSonera билан Гулнора Каримова ўртасида пора олди-бердиси воситаси бўлган, дея гумон қилмоқда.

Швеция прокуратуарси терговчиси Гуннар Стетлер 12 март куни Озодликка берган интервьюсида TeliaSonera ҳам, Vimpelcom ҳам Ўзбекистонда шубҳали олди-бердиларни амалга ошириш учун айни схемалардан фойдаланганини таъкидлаган эди.

Гуннар Стетлернинг 25 март куни Озодликка айтишича, Гулнора Каримова юзлаб миллион АҚШ долларини пора сифатида олганига доир жиноят ишини тергов қилишда бир неча мамлакат ҳамкорлик қилмоқда.

- Биз Швейцария, Франция, Ҳолландия, АҚШ ва бошқа мамлакатлар билан мулоқотдамиз. Бундай ишни тергов қилиш бошқотирмадек бир гап. Биз битта ишнинг турли бўлакларини бир жойга тўплашга мажбурмиз. Ҳозирда бу бўлакларнинг кўпини бир жойга йиғдик, лекин қолганларини ҳам топишимиз керак. Лекин сизга қайсиларини топганимиз ва қайсиларини қидираётганимизни айта олмайман, албатта, дейди Швеция прокуратурасининг коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлер.

Айни пайтда, Ўзбекистон прокуратураси ҳам ўтган ойда президент қизига яқин бўлган 10 кишини ҳибсга олиб, улар устидан мамлакат жиноят кодексининг 184-модаси 3-қисми (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) ва 178-моддаси 2-қисми (Чет эл валютасини яшириш) ва бошқа айбловлар бўйича тергов бошлади. Улар орасида Швеция ва Швейцарияда Гулнора Каримова билан гумонланувчи сифатида ўтаётган Гаянэ Авакян ва унинг фуқаровий эри экани айтиладиган Рустам Мадумаровлар бор.

Баъзи тасдиқланмаган хабарларга кўра, Гулнора Каримованинг ўзи уй қамоғига олинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG