Линклар

logo-print

Москва йўналишидаги электрпоездларда рус бўлмаган шахсларга тақирбош ва миллатчилар уюштираётган ҳужумлар сони кўпайиб бормоқда. Россия оммавий ахборот воситалари миллатчи тақирбошлар ҳужумларини эътибордан четда қолдираётган бир пайтда, ҳуқуқ-тартибот идора вакиллари бу ҳодисалар тўғрисида “ортиқча маълумотга эга эмаслиги”ни гапирмоқда.

Москва йўналишидаги электрпоездларда рус бўлмаган шахсларга тақирбош ва миллатчилар уюштираётган ҳужумлар сони кўпайиб бормоқда. Россия оммавий ахборот воситалари миллатчи тақирбошлар ҳужумларини эътибордан четда қолдираётган бир пайтда, ҳуқуқ-тартибот идора вакиллари бу ҳодисалар тўғрисида “ортиқча маълумотга эга эмаслиги”ни гапирмоқда.


20 март куни кечки 10:00 ларда “Шатура-Москва” йўналиши бўйича кетаётган электрпоездда бир гуруҳ рус миллатига мансуб ёшлар вагонларда учраган барча рус бўлмаганларни калтаклаётгани тўғрисида хабар Люберци Транспорт полицияси бўлимига келиб тушди.

Москванинг Қозон вокзалига келаётган поезддаги кўринишидан тақирбош бўлган рус йигитчалари “Родники” бекатида тўхтаган поезга кириб, “славян бўлмаган” бир шахсни ўлгунча калтаклаган.

Бу маълумотни Озодликка тасдиқлаган Россия Ички ишлар вазирлигининг Марказий Федерал Округ бўйича транспортдаги бошқармаси катта лейтенанти Мария Дедова ҳодиса ортидан жиноят жойига етиб келган полиция ходимлари 9 нафар вояга етмаган шахсни ҳисбга олганидан ортиқ маълумот бера олмаслигини маълум қилди.

- Марказий Федерал Округ бўйича сайтимизда ҳужумга учраган одам 25-30 ёшларда экани, ўрта оғирликдаги тан жароҳати олгани, ушланган шахслар 14дан 17 ёшгача бўлган вояга етмаган фуқаролар экани тўғрисида маълумот келтирилган, - деди муҳожирнинг ёнида бирор ҳужжат аниқланмаганини айтган полиция ходимаси Мария Дедова.

Бироқ Озодлик олган маълумотларга кўра, калтакланган 25-30 ёшлардаги шахс Ўзбекистон фуқароси экани тўғрисида маълумотлар бор.

Ҳибсга олинган йигитчалардан бирини полиция бўлимидан озод қилгани келган отаси Россиянинг “НТВ” телеканалига тақирбошлар муҳожирни бошқа йўловчилар кўз-олдида калтаклаб, юриб кетаётган электричкадан отворганини айтди.

- Вояга етмаган ўғлимни ҳибс этишибди. Полицияда бунинг сабабини йўлда кимнидир калтаклашибди, қанақадир ўзбекни поезддан отворишибди, деб тушунтиришди, - деди вагонда бўлган барча 14-17 ёшдаги шахслар қўлга олинганини гапирган москвалик.

Унинг ўғли Владислав тақирбошлар маскада бўлгани, улар миллатчилик руҳидаги шиорларни бақирганини эслади.

Перронга чақирилган тез ёрдам машинаси ва полициячилар поезддан отворилган ўзбекни тез юрар поезд ўтган темир йўл яқинида топишган. Оғир аҳволда бўлган меҳнат муҳожири Люберци шаҳар шифохонасига олиб кетилди.

Тасдиланмаган маълумотларга кўра, полиция Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105-моддаси, яъни “Қотиллик” моддаси асосида жиноят иш очган.

Сўнгги ой давомида неонацистларнинг Подмосковье электрпоездларида рус бўлмаган муҳожирларга бўлган ҳужумлари сони кескин кўпайгани кузатилмоқда.

9 март куни москвалик аёл Химкидан Москвага кетаётган поездга чиққан 5 шахснинг “Чуркалар, йўқолсин!” бақириқлари остида вагонда кетаётган тожик йигитларини калтаклаганини Фейсбукдаги саҳифасида бундай тасвирлади:

“Нацистлар ўзлари билан сариқ-қора-оқ байроқни кўтариб олган эди. Улар тожикларни калтаклай бошлади: ишчилар тунгги сменадан келаётган эди, менимча. Ҳужум қилганлар зарбаларни аниқ, профессионал тарзда бераётганини кўрдим. Бир неча маротаба уриб, баъзиларини тамбурга олиб чиқишди. Тожик болакайлардан бири йўловчилар нарсаларини қўядиган токчага чиқиб олди. Тожик болани ажратиб олмоқчи бўлган рус аёлни улар туртиб жойига ўтказиб қўйишди. Айтишларича, улар бутун поезд бўйлаб шундай ўтган”, деб ёзди ҳодиса гувоҳларидан бири.

16 март куни Москванинг Тургеневская метро бекатида кўринишидан марказий осиёликка ўхшаш Ёқутистондан келган ёшлар 10 нафар миллатчи томонидан қаттиқ калтакланди. Неонацистлар босқинчилиги Голутвин ва Воскресенск йўналишидаги электрпоездларида ҳам содир этилгани кузатилган.

“Сова” Ахборот-таҳлилий марказ хабарига кўра, 1 март куни Москванинг Рижский йўналишида кетаётган электричка “Опалиха” бекатига тўхтаганида вагонларга ультра-ўнг миллатчилар бостириб кирган ва “славян бўлмаган” барча йўловчиларни калтаклаб кетган. “Оқ вагон” акциясини уюштираётганини билдирган руслар тамбурда кетаётган бир нечта осиёлик муҳожирни урган, вагондан чиқаётганда икки нафар Япония фуқаросига ҳужум қилган.
Кейинги бекатда чақирилган “тез ёрдам” машинаси поезддан бир нечта жабрланганни олиб кетгани хабар қилинди.

“Сова” маркази ходимлари 2013 йилда миллатчилик руҳида қилинган зўравонлик туфайли Россияда 21 киши ўлдирилгани ва 178 киши жароҳатланганини қайдга олди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG