Линклар

logo-print
Ўзбекистонда қадимий ёдгорлик объектларини ижарага бериш йўлга қўйилди. Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, истаган ўзбекистонлик ёки хорижлик мамлакатдаги маданий-диний обидаларни ижарага олиш ҳуқуқига эга. Фақат ёдгорлик объекти ижарага олувчи шахсга 5 йил ичида уни таъмирлаш шарти билан берилади.


Ўзбекистонда бундан буён истаган шахс Хива миноралари, Самарқанд мадрасалари ёки Бухородаги тарихий масжидларни ижарага олиши мумкин.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарорида айтилишича, мамлакатдаги ёдгорлик обидаларини "кўргазма заллари, меҳмонхоналар, алкоголли ичимликлар сотилмайдиган умумий овқатланиш шохобчалари, банклар, фотосалонлар, кинотеатрлар, модалар ательеси, гўзаллик салонлари" очиш каби кўплаб мақсадлар учун ижарага олиш мумкин.

Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш Бош бошқармасидаги исмини очиқламаётганимиз мулозимга кўра, мамлакатдаги жами 255 та ёдгорлик обидасини ижарага бериш режалаштирилмоқда.

- Минтақавий идораларимиз рўйхатлари бизларга тақдим этилган. Ҳозирги кунда бизлар ўшанинг рўйхатини ишлаб чиқаяпмизда. Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади бу рўйхат, - деди мулозим.

Бугунги кунда биргина Хиванинг 25 асрлик Ичонқаъла тарихий мажмуасида Жума масжиди, Амир тўра мадрасаси, Полвон дарвоза сингари 8 та обидани ижарага олиш мумкин.

Хивадаги расмий идоралардан олинган маълумотга кўра, шаҳар бўйлаб жами 20 тадан ортиқ минора бўлиб, улардан 17 таси ижарага берилади.

Бугунги кунда мамлакатдаги кўплаб тарихий обидалар таъмирга муҳтож аҳволда. Мутасаддиларнинг эътирофича, маблағ етишмаслиги сабаб обидаларни сақлаш бўйича кўрилаётган чоралар етарли эмас. Кўплаб меъморий ёдгорликлар фойдаланилмаётгани боис ташландиқ ҳолда ётибди.

Мутасаддиларга кўра, эндиликда тарихий иншоотларини ижарага бериш орқали таъмир ва қайта тиклаш билан боғлиқ муаммоларни ечиш кўзланган.

- Ижарага олган одам 5 йилга шартнома қилинадиган бўлса, 5 йил ичида туташ ҳудудларини ободонлаштириш, айниқса жойларни реконструкция қилиш масаласи юклатилади. Масалан 100 фоизлик ижаранинг 80 фоизи ўзида қолади ижарага олувчининг. Қолган 20 фоизи давлатга ўтказилади. 80 фоизнинг ичида реконструкция, ободонлаштириш ишларини қилаверади, - деди Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бош бошқармаси мулозими.

Маданий объектларни Ўзбекистон резиденти ёки норезиденти бўлган юридик ёки жисмоний шахслар ижарага олиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси фақатгина диний объектларни савдо фаолияти, Интернет кафе, фотосалонлар, идоралар, агентликлар, туризм бюролари, спорт заллари, кинотеатрлар, модалар ательеси, гўзаллик салонлари учун ижарага беришни тақиқлайди.

Айни пайтда хоразмлик мулозимлар Ичонқаъладаги Жума масжидининг ярми бўш экани ва у ер спорт тўгараги ташкил қилиш учун ижарага берилиши мумкинлигини айтишди.

Ижарага олувчилар шартнома тузилган кундан бошлаб 5 йил муддатга 80 фоизи миқдорида ижара тўловини тўлашдан озод этилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG