Линклар

logo-print

Ўткир Ҳошимовнинг китоби Туркияда илк бор нашр қилинди


Ўткир Ҳошимовнинг китоби

Ўткир Ҳошимовнинг китоби

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” қиссаси Туркияда чоп этилди. Бу ҳақда Озодлик радиосига китобни чоп этган Истанбулдаги “Билге Ўғуз” нашриётининг эгаси Ўғизхон Женгиз билдирди.


Ўғизхон Женгизга кўра, китобдаги воқеалар баëни турк ўқувчилари учун қизиқ ва тушунарлидир:

- Китоб билан танишганимизда бир муштипар онанинг ҳиссиëтли ҳикояларидан иборат эканлигини билдик. Ўқиëтиб, ўзимиз ҳам китобдан бош кўтара олмай қолдик. Жуда ибратли, деб топдик. Ўқувчига ҳам, нашриëтга ҳам фойдали бўлишини англаганимиздан кейин китобни дарҳол босдик¸ - дейди суҳбатдош.

Ўғизхон Женгиз ўз нашриëти ўзбек ëзувчиси асарини биринчи бўлиб босганидан фахрланишини ҳам таъкидлади:

- Нашриëтимиз илк марта ўзбек ëзувчиси асарини босди. Илк кез босганимиз бу китобнинг тижорий муваффақияти ҳам яхши. Бу муваффақиятни китобни ўзбек туркчасидан Туркия туркчасига гўзал бир тарзда ўгирган таржимонимиз Моҳир Унли таъминлаганини ҳам айтиб қўйишим керак¸ - дейди “Билге Ўғуз” нашриётининг эгаси Ўғизхон Женгиз Озодлик билан суҳбатда.


Таржимон Мохир Унли

Таржимон Мохир Унли

Муқовасига Ўткир Ҳошимовнинг сурати туширилган китоб 206 саҳифадан иборат.

Китобни 52 ёшли маориф арбоби Моҳир Унли таржима қилган. Озодлик билан суҳбатда Моҳир Унли бу китобнинг таржима қилиш ўзи учун маънавий вазифа бўлганини таъкидлади:

- Мен ўзбек тилини Ўткир Ҳошимовдан ўрганганман. У киши билан Тошкентда ҳамсуҳбат бўлганмиз. Менда Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” деган романни таржима қилиш истаги бор эди. Бу истакни у кишига билдирдим. Ўткир Ҳошимов менга “Дунёнинг ишлари” қиссасини таржима қилишни тавсия қилди. Кейин Ўткир Ҳошимов оламдан ўтди ва тавсия васиятга айланди¸ - дейди таржимон.

Озодлик билан суҳбатда Моҳир Унли ҳозир Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” деган романини нашрга тайëрлаëтганини билдирди.

Ўткир Ҳошимов

Ўткир Ҳошимов

Таниқли ўзбек ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ўтган йили 72 ёшида оламдан ўтди.

Ў. Ҳошимов 1941 йилда Тошкентда туғилган. Тошкент Давлат университетининг филология факултети журналистика бўлимини тугатган.

“Тошкент ҳақиқати”, “Совет Ўзбекистони”, “Тошкент оқшоми” газеталарида муҳаррир, Адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир ўринбосари, “Шарқ юлдузи” ойномасининг бош муҳаррири бўлган.

Ўткир Ҳошимов “Чўл ҳавоси”, “Одамлар нима деркин...”, “Шамол эсаверади”, “Баҳор қайтмайди”, “Қалбингга қулоқ сол”, “Узун кечалар”, “Нимадир бўлди”, “Қуёш тарозиси”, “Дунёнинг ишлари”, “Икки эшик ораси” асарлари муаллифидир.

Ўткир Ҳошимов 2001 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.

Ëзувчининг турк ўқувчилари қўлига етиб борган “Дунёнинг ишлари” қиссаси 1982 йили ёзилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG