Линклар

logo-print
Россиядаги Мигом пул ўтказиш тизими маҳкама томонидан банкрот деб эълон этилиши ортидан¸ Ўзбекистон тижорат банклари тўлов қуввати йирик банклар томонидан кафолатланмаган Россия пул ўтказиш тизимлари билан шартномани тўхтатмоқда. Шу асосда 1 апрелдан бошлаб¸ Россиядаги ўзбек муҳожирлари орасида оммавийлашган "Золотая корона" тизимининг Ўзбекистондаги операциялари тўхтатилади.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон Марказий банки расмийси¸ ўз исми келтирилмаслиги шарти билан изоҳ берди:

- Россияда "Мигом" пул ўтказиш системаси банкрот деб эълон қилинди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Марказий банки Россия пул ўтказиш тизимлари билан ҳамкорлик қилаëтган тижорий банкларни огоҳлантирди ва уларга тўлов қурби йирик банклар томонидан кафолатланмаган пул ўтказиш тизимлари билан ҳамкорлик қилмасликни тавсия этди. Бу кўрсатма ва тавсия¸ холос. Бундан мақсад¸ Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари юбораëтган пулларнинг ўз эгаларига етиб келишини кафолатлаш¸ яъни муҳожирлар пулини ҳимоя қилишдир. Россиядаги пул ўтказиш тизимлари хусусий ва эртага улар эгалари ўзига ўтказилган пулларни олиб¸ жуфтакни ростласа¸ ëхуд тизим банкрот деб топилса¸ ўзбек муҳожирлари куйиб қоладику! Ана шундай воқеалар олдини олиш учун биз тижорат банкларига тавсия бердик ва улар бизнинг тавсиямиз асосида "Золотая корона" ва бошқа пул ўтказиш тизимлари билан ўз келишувларини қайта кўриб чиқаëтган бўлишса керак¸ деди Ўзбекистон Марказий банки расмийси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Тошкентдан келган келган “Ўзбекистон банклари “Золотая корона” билан ишлашни тўхтатади¸ деган хабар ортидан Озодлик мухбири боғланган пойтахтдаги аксар банклар¸ дарҳақиқат¸ "Золотая корона" билан ҳамкорлик яқин кунларда тўхтатилишини тасдиқладилар.

Asia Alliance Bank шохобчаларидан бири ходимаси 1 апрелдан бошлаб “Золотая корона” орқали Ўзбекистонга юборилган пулни олиб бўлмаслигини билдирди:

- 1 апрелгача юборилган пулни биздан чиқариб олиш мумкин. Лекин 1 апрелдан кейин йўқ. Бизда фақат Western Union, Asia Express va Money Transfer ишлайди¸ холос¸ деди ўзини таништирмаган банк ходими.

Invest Finance Bank ходими ҳам “Золотая корона” билан ҳамкорликнинг тўхтатилишини билдирди:

- Бизда “Золотая корона” билан 2014 йилга шартнома тузилмаган. Шунинг учун Коронадан пул жўнатиш йўқ¸ деди бу банк расмийси.

Ипотека банк ходимаси “Золотая корона” нинг ишламаслиги сабабига аниқлик киритишга қийналган бўлса-да¸ мижозларга бу тизимдан фойдаланмасликни тавсия қилди:

- Ҳафтанинг охиригача Корона ëпилиб қолса керак. Сабаби¸ Российский банк билан шунга келишилаяпти¸ Ўзбекистонда ëпилса керак. Россиядагилар Western Union билан жўнатишсин¸ ҳеч қанақа муаммо йўқ¸ деди бу банк ходимаси.

Йиллардан бери Россиядан хорижга пул жўнатаëтганлар рўйхатида биринчиликни ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари эгаллаб келмоқда. 2013 йилнинг 9 ойи давомида Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 4 миллиард 908 миллион АҚШ долларидан ошди. Ўтган йили бу миқдор 6 миллиардга яқинлаган эди.

Россияда ишлаб топган пулини ватанда қолган оиласига мунтазам юбориб келаëтган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида кейинги йилларда айнан “Золотая корона” тизими оммавийлашган ва бунга Коронанинг хизмат ҳаққини ўз рақобатчиларига нисбатан салгина арзонлатгани сабаб бўлган.

Озодлик билан суҳбатда Тошкентдаги банклардан бири ходимаси¸ муҳожирлар орасида оммалашган бу тизимнинг 1 апрелдан ишламай қолиши сабабини, ўз банки назаридан туриб изоҳлашга уринди:

- Ўзбекистонда қонунчилик ўзгарди¸ шунинг асосида энди амалда бўлиб келган келишувларни ҳам ўзгартириш керак. Бу эса¸ янги қонунчилик асосида янги шартнома тузиш¸ дегани. Ана шу жараëн давомида “Золотая корона” ишламай туради. Россиядаги муҳожирлар бу давр ичида Ўзбекистонга пул жўната олмайдилар. Бу дегани¸ “Золотая корона” ëпилади¸ дегани эмас. Янги келишув имзоланиши билан¸ пул ўтказиш яна бошланади¸ деди Тошкентдаги йирик банклардан бири ходимаси.

Бу расмий “Золотая корона” тизимининг Ўзбекистонда қанча вақт ишламай қолишига оид аниқ маълумот бера олмаслигини таъкидлади:

- Мен сизга “Золотая корона” қанча ишламай туришини айта олмайман. Балки бир ойга чўзилар¸ балки бир кунга. Ўзбекистонликларга “Золотая корона”дан фойдаланмай туришни маслаҳат бераман. Энг яхшиси Western Union, улар ҳам хизмат ҳаққини арзотлатиб¸ 1 фоизга туширган. Улар билан ҳеч қанақа муаммо йўқ¸ деди Озодлик суҳбатлашган банк расмийси.

Айни пайтда¸ “Золотая корона” пул ўтказиш тизимининг Москвадаги бош идораси ходимаси¸ Ўзбекистонда бу тизимнинг ишламай қолиши ҳақидаги хабардан бехабар бўлиб чиқди ва агар Россиядан пул юбориб¸ уни Ўзбекистон банкларидан чиқара олмаëтганлар бўлса¸ хизмат ўз расмий саҳифасида келтирилган бепул телефон линияларига мурожаат қилишни тавсия этди:

- Бунақа маълумот йўқ. Тизим белгиланган тартибда ишлаяпти¸ пул жўнатиш ва қабул қилиш бугун ҳам одатдагидай давом этмоқда. Балки Ўзбекистондаги айрим банкларда маҳаллий муаммолар пайдо бўлгандир. Мен пул олишга бориб¸ уни ололмаган мижозларга бизга мурожаат қилиб¸ тафсилотларни билдиришларини сўраймиз¸ деди “Золотая корона” тизимининг Москвадаги идораси ходимаси.

Ўтган ой 11 февралидан бошлаб Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўртасида анча оммавийлашган “Мигом” пул ўтказиш тизими ҳам Ўзбекистонда ўз фаолиятини тўхтатган ва расмийлар буни юзага чиққан техник муаммолар билан изоҳлаган эди.

Аммо 25 март куни бу тизим Россия Марказий банки сўровига мувофиқ банкрот деб топилди ва у орқали юборилган пул жўнатмалари тақдири ҳавода муаллақ қолди.

"Мигом" банкротлиги муносабати билан Ўзбекистон тижорат банклари шарт қилиб қўйган кафолат талабини қондира олмаëтган нафақат "Золотая корона"¸ балки бошқа Россия пул ўтказиш тизимларининг ҳам яқин кунларда Ўзбекистондаги амалиëтларининг тўхтатилиши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG