Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:12

Оилавий меҳмонхоналарга имтиëз¸ хусусий экскурсоводларга эса изн берилди


Ўзбекистондаги хусусий меҳмонхона соҳиблари ажнабий меҳмонларни тандир нони ва бошқа маҳаллий неъматлар билан сийлашларини айтадилар.
Ўзбекистондаги хусусий меҳмонхона соҳиблари ажнабий меҳмонларни тандир нони ва бошқа маҳаллий неъматлар билан сийлашларини айтадилар.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 13 март куни қабул қилинган “Туризм билан боғлиқ фаолиятни ривожлантириш ва янада такомиллаштириш“ тўғрисидаги қарори оилавий меҳмонхона фаолияти учун олинадиган лицензия тўловларини камайтирди ва шартларни енгиллаштирди.


Фарғонада оилавий меҳмонхона очган 38 ёшли тадбиркор Муҳаммадëр оилавий меҳмонхоналарга имтиëз берилганининг аҳамиятини Озодлик билан суҳбатда тушунтириб берди:

- Илгари биздан низомий капитал минимал ойликнинг 40 баробари даражасида бўлиши талаб қилинар эди. Ҳозир бу миқдор минимал ойликнинг 10 баробари қилиб белгиланди. Бироз енгиллашди. Кейин оилавий кичик меҳмонхоналарни расмийлаштириш масалалари ҳам осонлашди шекилли, - дейди тадбиркор.

Суҳбатдошга кўра, Фарғона вилоятида 12 та меҳмонхона туризм лицензияси асосида фаолият кўрсатмоқда. Шулардан 2 таси оилавий меҳмонхона ҳисобланади:

- "Қўқон ташриф", "Қўқон" меҳмонхоналармга ташриф буюрганлар водий меҳмондўстлик анъаналари билан яқиндан танишиш икмонига эга бўладилар, - дейди қўқонлик тадбиркор Муҳаммадëр.

Дунëга танилган Риштон кулоллари ишини яқиндан кузатиш учун ана шу кулоллар оиласида меҳмонхоналар ташкил қилиш иши ҳам бошланган.

- Кулолчилик анъаналари билан дунёга машҳур бўлган Риштон туманини туристлар учун жозибали қилиш ишлари ҳам бошланди, - дейди Муҳаммадëр.

Бу тадбирлар Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2013-2015 йилларда Фарғона вилоятида туризмни ривожлантириш қарори остида қилинаëтгани ҳам билдирилди.

Фарғонада оилавий меҳмонхона ташкил қилиш энди тажриба қилинаëтган бўлса, Хива шаҳрида бундай меҳмонхоналар 1998 йилдан бери фаолият кўрсатиб келади.

Хивада илк оилавий меҳмонхона очган Собир ота Озодлик билан суҳбатда бу бизнеснинг ўзига хос айрим томонлари хусусида сўзлаб берди.

- Туристлар Хивага фақат қадимий биноларни кўриш учунгина эмас, балки оддий аҳолининг ҳаëт тарзини яқиндан билиш учун ҳам келишади. Биз меҳмонларни кўзи олдида уларга балиқ қовуриб берамиз, нон ëпамиз, соз ва суҳбат қиламиз¸ - деган Собиржон ота туристларнинг келиши сусайганидан ҳам ташвиш билдирди.

“Ўзбектуризм” миллий компаниясининг исмини айтмаган мулозимининг Озодликка билдиришича¸ Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 13 март куни қабул қароридан мақсад ҳам бўшаб ëтган ўзбек меҳмонхоналарини тўлдиришга қаратилган.

Суҳбатдошга кўра¸ кичик меҳмонхона эгалари кўп холларда лицензия олмасдан ишлаб келишган. Лицензия шартларининг оғирлиги уларни чўчитган.

- Лицензиясиз ишлаган меҳмонхоналар ўз мижозларини ОВИРда қайддан ўтказа олишмагани учун ҳуқуқий муаммолар пайдо бўлди. Ҳозир чиқарилган қарордан шу пайтгача ярим яширин ишлаб келган меҳмонхоналарининг тезда “Ўзбектуризм”дан лицензия олиб, қонуний йўлда ишлашидан умид қиляпмиз, -дейди мулозим.

Суҳбатдошга кўра, Ўзбекистонда 1400 сайëҳлик ширкати ва 400 меҳмонхона бор.

Айни пайтда Ўзбекистондаги бюрократик тўсиқлар боис бу соҳанинг етарли ривожланмагани кузатилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 13 март куни қабул қилинган “Туризм билан боғлиқ фаолиятни ривожлантириш ва янада такомиллаштириш“ қарорида хусусий тадбиркорларга Ўзбекистон тарихида илк бор туристларга экскурсия ташкил қилиш ҳуқуқи ҳам берилган.

Шу пайтгача бу ҳуқуқ “Ўзбектуризм” миллий компанияси монополияси бўлиб келган.
XS
SM
MD
LG