Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:25

Биометрик паспортга бесоқол суратга тушиш талаб қилинмоқда


Паспорт столларида қўйилаëтган талабга кўра¸ бу отахон каби узун соқол қўйган ўзбекистонлик мусулмонлар соқолини 2 сантиметрга қадар қиртишлашлари лозим.
Паспорт столларида қўйилаëтган талабга кўра¸ бу отахон каби узун соқол қўйган ўзбекистонлик мусулмонлар соқолини 2 сантиметрга қадар қиртишлашлари лозим.
Ўзбекистон бўйлаб якунловчи босқичга кирган биометрик паспортга ўтиш жараëнида эркаклардан соқолсиз суратга тушиш талаб қилинмоқда. Айни пайтда¸ қўлида ҳужжати бўлган имомлар ва ёши 60 дан ошган кексаларга узунлиги 2 сантиметргача бўлган соқол билан суратга тушишга рухсат берилган.

Тошкент шаҳри ва вилоятларда биометрик паспорт олиш учун мурожаат қилган эркаклардан суратга соқолсиз тушиш талаб қилинмоқда.

Тошкент шаҳридаги қатор паспорт столларидан олинган маълумотларга кўра, биометрик маълумотлардан бири ҳисобланган суратга тушиш пайтида соқол қўйганлар соқолини қирдиришлари шарт:

- Қонун шунақа, соқол, кўзойнак ва бош кийим билан паспортга суратга тушиш мумкинмас. Соқолни олиб келиши керак. Бир қарич соқоли билан суратга туширмаймизку ахир, деди Тошкент шаҳри туманларидан бири ИИБ паспорт столининг ўзини таништирмаган ходими.

Пойтахтнинг Учтепа, Олмазор ва Шайхонтоҳур тумани паспорт столлари ходимлари Озодлик билан суҳбатда соқол билан суратга тушиш мумкин бўлган тоифалар борлигини айтиб¸ бу тоифага аниқлик киритдилар:

- Агар имомлиги ҳақида қўлида удостворениеси бўлса, Диний идорадан бирорта справкаси бўлса, унда мумкин. Унда ҳам яхшилаб тушуниб олинг, унда ҳам бир қарич соқоли билан ҳеч кимни суратга олмаймиз. У 25-30 сантиметр бўлиб кетадику! Фақатгина ярим-бир сантимтер, қўлида ҳужжати бўлса 2 сантиметр мумкин, деди айни кунларда аҳолига биометрик паспорт бериш билан банд бўлган ИИВ ходимлари.

Баъзи паспорт столлари ходимлари ёши 60 дан ошган кексаларга ҳам 2 сантиметргача соқол билан тушишига рухсат берилиши мумкинлигига ишорат қилдилар:

- Соқолини қирқиб келсин, жуда тагидан олдиргиси келмаса. Ҳеч бўлмаса, 2 сантиметр қилсин, боринг ана 3 сантиметр қилсин! Агар жуда хоҳламаётган бўлса, олдин келсинчи қани паспорт столга, у ёғини маслаҳат қилармиз шу ерда, деди Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги Паспорт столи ходими.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Тошкент шаҳридаги паспорт столлари ходимлари биометрик паспортга соқол билан суратга тушиш нега тақиқланаётгани сабабларини тушунтириб бермади.

Аммо бу тақиқнинг диний омилларга асосланганини улар инкор қилмадилар:

- Рўмол билан ҳам суратга тушиш мумкинмас, биласиз. Ёши катта бўлса, рўмоли билан келсин, ичкарида рўмолини ечиб расмга тушаверади, деди, жумладан Шайхонтоҳур тумани ИИВ ходими.

Озодликнинг Тошкент ИИБ паспорт столлари биометрик паспорт учун соқолсиз суратга тушиш талабининг қайси қонуний ҳужжатга таянаётгани ҳақидаги саволи очиқ қолди. Олинган мавҳум жавоблардан бу талаб кўпроқ ички норматив ҳужжатлардан келиб чиққанини тахмин қилиш мумкин.

2011 йилнинг 7 июлида қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини ва 16 ёшга тўлмаган шахслар учун фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжатини бериш тартиби тўғрисида"ги низомнинг 18 бандида 35x45 мм шаклидаги рақамли фотосуратни олишга оид тартиб шундай баён қилинган:

"Агар шахс (15 ёшдан катта шахслар учун) қўл бармоқ излари олинишидан бош тортса ва кўзойнакда ёки бош кийимда суратга тушиш истагидан қайтмаса, маълумотларни йиғиш пункти унга паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати расмийлаштиришни рад этиш ҳуқуқига эга".

Вазирлар Маҳкамасининг 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан 2014 йилнинг 1 июлидан бошлаб, Ўзбекистондан хорижга чиқаётган фуқаролар қўлларида биометрик паспорт бўлиши шарт қилиб қўйилди.

Янги биометрик паспорт 36 варақдан иборат (аввалгиси 32 варақ эди). Паспортнинг орқа муқовасига жойлаштирилган махсус қурилма - чипга паспорт эгасининг биографик ва биометрик маълумотлари электрон нусхаси киритилмоққда.

Биометрик паспортлар лотин графикасида ўзбек ва инглиз тилида, Қорақалпоғистон Республикасида эса қорақалпоқ, ўзбек ва инглиз тилларида тайёрланмоқда.

Янги паспортга ҳам базавий маълумотлардан ташқари, фуқаронинг ҳарбий хизматга мажбурлиги, никоҳнинг рўйхатга олингани ёки бекор қилингани, рўйхатга қўйилгани ёки чиққани ҳақидаги қайдлар, чет элга чиқишга рухсат берувчи қайд - чиқиш визаси, 16 ёшгача бўлган болаларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар ҳақидаги ва бошқа маълумотлар киритилади.
XS
SM
MD
LG