Линклар

logo-print

“Қийноқларсиз ҳаёт учун” қийноқ қурбонларини фаолликка чорламоқда


Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар далили бўлган маҳбусларнинг қонли кўйлаклари.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар далили бўлган маҳбусларнинг қонли кўйлаклари.

Ўзбекистонда қийноқ қурбонига айланган уч оила томонидан жорий ҳафта бошида тузилган “Қийноқларсиз ҳаёт учун” ташаббус гуруҳи ўзбек ҳуқуқ тизимлари қўлидан азият чеккан фуқароларни бирлаштириб¸ мамлакатдаги систематик қийноқлар вазиятига халқаро жамоатчилик эътиборини кучайтириш режасида.


Бу ҳақда Озодликка гуруҳ муассисларидан бири, “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева маълум қилди.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, ташаббус гуруҳига ўзбек қамоқхоналарида аёвсиз қийноқ қурбонлари бўлган Ортиқовлар оиласи (АҚШ), Тожибоевлар оиласи (Франция) ва Рўзиевлар оиласи (Ҳолландия) асос солган:

- Ортиқовлар оиласи вакиллари Украинада яшаб турган пайтларида Моҳира Ортиқова ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида шаклланиб қолди. Биз Моҳира билан улар Америка етиб бориб, хотиржам бўлишганидан кейин қийноқ қурбонларининг адолат қарор топиши учун ҳаракатларига кўмак берадиган бир гуруҳ тузамиз, деб келишган эдик. Улар Америкага етиб боришганидан кейин суҳбатларимиз давом этди ва 24 март куни – Инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши ва қийноқ қурбонлари қадр-қиммати таҳқирланишига нисбатан ҳақиқатни қарор топтириш ҳуқуқи халқаро кунида бизнинг ташкилотимиз (яъни, “Ўтюраклар клуби” ташкилоти) қошида “Қийноқларсиз ҳаёт учун” ташаббус гуруҳини ташкил қилдик, дер экан Мўътабар Тожибоева гуруҳнинг учинчи аъзоси Андижон воқеаларидан кейин қийноқ қурбонига айланган Рўзиевлар оиласи бўлганини қўшимча қилди.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ташаббус гуруҳини тузиш қарори эълон қилиниши биланоқ унга қўшилишни истаган ўзбекистонлик қийноқ қурбонлари муассисларга мурожаат қила бошлаганлар:

- Америкада яшаётган ва бизнинг ташкилотимиз билан ҳамкорлик қилаётган Шермамат Абдуллазода кеча мен билан телефонда гаплашган пайтида унинг оиласи ҳам қийноқ қурбони бўлгани ва улар Ўзбекистондаги қийноқларга қарши курашда биз билан бир сафда бўлишларини айтиб, ташаббус гуруҳига уларнинг оиласини ҳам киритиб қўйишни таклиф қилди. Кеча кечки пайт Муҳаммадсолиҳ Обутов (ҳозир Швецияда истиқомат қиладиган ўзбекистонлик диндор қочқин – таҳр.) шу ташаббус гуруҳининг ташкил топиши бўйича ўз сайтига материал қилмоқчи бўлганини айтиб, алоқага чиқди. Суҳбатимиздан кейин у: “Бизнинг оиламиз ҳам қийноқ қурбонлари оиласи ва мен барча кучимни, барча имкониятимни ишга солиб, мана шу ташаббус гуруҳида фаол қатнашишга ваъда қиламан”, деб айтди, дер экан Мўътабар Тожибоева гуруҳ аъзолари унга фақат қийноқ қурбонларинигина аъзо қилишга келишиб олганларини қўшимча қилди.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, “Қийноқларсиз ҳаёт учун” ташаббус гуруҳи ўз олдига бир неча мақсадни қўйган:

- Биринчидан, қийноқ ва зўравонлик қурбонлари билан алоқа ўрнатиш, уларга нисбатан қўлланилаётган ва қўлланилган қийноқларни жамоатчиликка ошкор қилиш учун улар билан мулоқотлар олиб бориш, қийноқлар тўғрисида маълумотлар йиғиш ва уларни интернет сайтларида, жумладан, “Жараён” веб-сайтимизда чоп қилиб бориш. Бундан ташқари, қийноқ қурбонларининг гуруҳимизда фаол иштирок этишларини таъминлаш, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият кўриб чиқиладиган ҳар қандай халқаро анжуманларда ўз оила аъзолари билан иштирок этиб, Ўзбекистон ҳукуматининг жиноятларини фош қилиш мақсадида ўз ҳикоялари, ўз хотираларини журналистларга, жамоатчиликка ошкор қилиш, дейди Мўътабар Тожибоева.

Бу гуруҳ ҳозирча “Ўтюрак клуби” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти қошида фаолият юритиб туришини айтган Мўътабар Тожибоева келажакда унинг мустақил ташкилотга айланиши ва унга Моҳира Ортиқова раҳбарлик қилиши ҳақида режалар борлигини қўшимча қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG