Линклар

Ўзбекистондаги икки йирик уяли телефон оператори UCell ва Beeline ўз тарифларини оширишга қарор қилди. Хизмат ҳаққининг ошиши PAYNET агентларига тўланадиган ҳақнинг хизмат кўрсатувчи ширкатлар зиммасига юклангани билан боғланмоқда.

Ўзбекистондаги Ucell уяли алоқа оператори 4 апрелдан бошлаб кундалик абонент тўловларининг бир центга оширилишини маълум қилди.

- Бизда “Эркин суҳбат”, “Оддий”, “ГАП”, “Янада кўп суҳбат”, “Онлайн” ҳамда “Осон ҳисоб” тарифларининг кундалик абонент тўлови ҳозир 3 цент, энди бир центга қимматлайди ва 4 центни ташкил этади, деди Ucell ширкати вакили.

Beeline уяли алоқа оператори ҳам шу йилнинг 15 апрелидан бошлаб Ўзбекистон бўйича чиқиш қўнғироқларнинг бир дақиқаси нархининг ярим центга оширилишини билдирди.

Тарифларнинг ошиши UZPAYNET тўлов тоизимидаги ўзгаришлар ортидан рўй бермоқда.

Шу пайтгача UZPAYNET Ўзбекистонда Beeline, Perfectum Mobile, UCell, UzMobile каби мобил алоқа операторлари, Sharq Telekom, Uzonline, Skyline каби Интернет провайдерлари, UZDIGITAL TV, Stars TV каби хусусий телевидениелар учун тўловларни амалга оширишда мижозлардан олти фоизлик хизмат ҳаққи олар эди.

19 мартдан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ушбу 6 фоизлик комиссия бекор қилинганидан кейин агентларга компаниянинг хизмат кўрсатувчи ҳамкорлари мукофот пули ажратиб бера бошлаган ва бу пул мижоз томонидан тўланган пулнинг 2,5 фоизини ташкил қилади.

Beeline ширкати матбуот котиби Галина Курганова Озодлик билан суҳбатда тарифлар ошиши UZPAYNET тўлов тизимидаги ўзгаришлар билан тўғридан-тўғри боғлиқ эмаслигини айтади:

- Ҳақиқатан ҳам UZPAYNET олти фоизлик комиссияни бекор қилди. Агентларга 2,5 фоизлик мукофот тўлови берилаётгани ҳақидаги маълумот бу ширкатимизни ички маълумоти, бу ҳақда ҳеч нарса айтолмайман. Лекин, тарифлар ошишининг PAYNETдаги ўзгаришларга тўғридан-тўғри алоқаси йўқ. Ҳозир ширкатимиз UZPAYNET билан тўловлар схемаси бўйича сўзлашувларни давом эттирaяпти, дейди Курганова.

UZPAYNET агентларидан бири Озодлик билан суҳбатда телефон тарифлари ошиши UZPAYNET агентларига тўланадиган ҳақнинг хизмат кўрсатувчи ширкатлар зиммасига юклангани билан боғлиқлигини айтади:

- Олдин, абонентдан тўлов миқдорининг 6 фоизи комиссия учун олинар эди. 2 фоизи UZPAYNET учун, 4 фоизи агент учун эди. Ҳозир агентларга вознаграждения берилaяпти. Буни ширкатларни ўзи тушириб берaяпти. Ҳозир ширкатлар 2,5 фоизлик вознограждения берaяпти. Ўз-ўзидан ширкатларни сарф xаражатларини оширaяпти ва тарифлар ҳам ошaяпти, дейди UZPAYNET агенти.

Ўзбекистонда кунига 2 миллион одам UZPAYNET орқали турли тўловларни амалга оширади.

UZPAYNET агентларига тўланадиган ҳақ миқдори камайиши ортидан, уларнинг хизмат шохобчаларини ёпиб қўйишлари, бу эса мижозларни қулайликдан маҳрум қилиши мумкинлиги тўғрисида хавотирлар бор:

- Кўпчилик норози бўлаяпти. Олдин 1000 сўмлик тўлов учун агентларга 40 сўм тушириб берар эди. Ҳозир, бу 25 сўм бўлаяпти. Кўпчилик ҳозир UZPAYNET билан шартномаларини бекор қилаяпти. Вознограждения тизими кўпчиликка ёқмаяпти, дейди UZPAYNET агенти.

Ўзбекистонда онлайн тўловларни амалга оширувчи UZPAYNET тизимини президентнинг қизи Гулнора Каримова ўзига яқин шахслар¸ хусусан¸ Гаяне Авакян орқали назорат қилиб келгани айтилади.

Озодлик эга бўлган ҳужжатларга кўра, UZPAYNET Гибралтарда рўйхатга олинган Takilant Ltd ширкатига қарашли¸ Takiland эгаси эса¸ айнан Авакяндир.

Гулнора Каримованинг хос котибаси ҳисобланадиган Гаянэ Авакян номига очилган “Takilant Ltd” Европада пул ювиш жинояти бўйича очилган иш марказида қолмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўтган ой Каримовага яқин 10 нафар шахс¸ хусусан Авакянни жиддий молиявий жиноятларда айблаб¸ ҳибсга олди.

UZPAYNET тизимидаги ўзгаришлар ҳам Гулнора Каримова бизнес империясида бошланган текширувларнинг таркибий қисми сифатида кўрилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG